Меню

Қашқадарё

13.01.2022 493

Шароити "оғир" бўлган қатор туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун алоҳида солиқ ставкалари ўрнатилиши кутилаяпти

Тараққиёт стратегияси

Вилоятимизнинг Чироқчи, Деҳқонобод, Касби, Миришкор ва Нишон туманларида 2025 йил 1 январга қадар янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз ставкада, фойда солиғи бўйича белгиланган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган миқдорда ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқлари ҳисобланган суммадан 1 фоиз ставкада тўлаш тизими жорий этилиши мумкин.

Бу янгилик Президентнинг strategy.uz сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган "Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида"ги фармони лойиҳасида назарда тутилган. 

Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани учун махсус солиқ ставкаларини ўрнатиш тажрибаси асосида шароити "оғир" бўлган туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун ана шу тарзда қўшимча қулайликлар яратиш ишлари давом эттирилади.

Ҳужжатда Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех ва Нурота туманлари; Тошкент вилоятининг Бўка, Пискент, Оққўрғон ва Бекобод туманлари ҳам алоҳида солиқ ставкалари ўрнатилиши кўзда тутилаётган шароити "оғир" ҳудудлар сифатида тилга олинган.

Молия вазирлигига Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда шароити "оғир" бўлган туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун алоҳида солиқ ставкаларни ўрнатиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.

Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни тасдиқлашни назарда тутувчи ушбу фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси жорий йилнинг 1 январидан бошланган бўлиб, 15 январда якунланади. 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!