Меню
Қашқадарё
ҚЎШАРИҚЛИК ҚЎШ ЖИНОЯТЧИ
Маълумотларга кўра, вилоят божхона бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамкорлигида жорий йилнинг биринчи ярмида оғирлиги 3 килограмм 419 грамм гиёҳвандлик моддалари ноқонуний айланишига чек қўйилган.
Ачинарлиси, бу борада мунтазам равишда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилаётгани, қонунбузарларга нисбатан кескин чоралар кўрилаётганига қарамасдан, айрим кишилар била туриб "оғу" гирдобидан қутулишни исташмаяпти.
Мисол учун, Чироқчи туманининг Қўшариқ маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳсин Эсонов ҳамда Дўстқобил Мардонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари етиштириш, тайёрлаш билан ғайриқонуний шуғулланиш қатъиян тақиқланганини билишса-да, яшаш хонадонлари ҳовлисида гиёҳвандлик ўсимликларини парваришлаб, етилган "оғу"ни келгусида сотиб, мўмай даромадга эга бўлиш мақсадида хуфёна тарзда сақлаб келишган.
Вилоят божхона бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалига Дўстқобил Мардонов Қарши шаҳридаги "Билайн" уяли алоқа компанияси биноси орқасида "Нексия" русумли, давлат рақами 70 U 543 DA бўлган автомашина олд ўнг ўриндиғи остига яширин тарзда жойлаштирган оғирлиги 12,6 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддасини сотиш мақсадида тургани аниқланди. Унинг яшаш хонадони ўрганилганда эса, ошхонадан оғирлиги 807,9 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддаси топилди.
Шунингдек, тадбир давомида Муҳсин Эсоновнинг ҳам жиноий қилмишига чек қўйилди. Унинг ҳам яшаш хонадони кўздан кечирилганда, молхонанинг орқа томонидаги экин майдонида бир неча туп гиёҳвандлик ўсимлиги парваришлаб келаётганлиги ҳамда ҳовлисидаги тандирхона ва ошхонанинг турли жойларида хуфёна тарзда оғирлиги 357,6 грамм бўлган гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний сақлаб келгани аниқланди.
Бундан ташқари, Муҳсин Эсонов жиноий шериги Дўстқобил Мардоновга муқаддам ўзи етиштирган оғунинг 15 граммини 80 минг сўмга, сўнгра 20 граммини 100 минг сўмга сотгани ҳам божхона суриштируви жараёнида маълум бўлди.
Якунда мазкур қонунбузарлик ҳолати жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан кўриб чиқилди. Суд ҳукми билан Дўстқобил Мардонов ҳамда Муҳсин Эсонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди ва уларга мос равишда 10 йил 6 ой ҳамда 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.
Қизиғи шундаки, қонунбузарлик аниқланишига қадар Муҳсин Эсонов "Эсон бобо Ҳаким ўғли" фермер хўжалиги раҳбари лавозимида ишлаб келган. Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва қулайликлар яратилгани ҳолда бу фермер имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига деҳқончиликдаги ўз билими ва тажрибасини яшаш ҳовлисида гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлашга сарфлагани ачинарли.
Иззат келтирадиган касбни иллатга алмашган юзи қора бу кимса ва унинг жиноий шериги қилмишига яраша жазо олди. Қонуний чора - ўз йўлига, бироқ "аср вабоси" аталмиш гиёҳвандлик балосидан жабр кўрган оилалар, фарзандлар қарғиши, нафрати-чи? Уларга чидаб бўлармикан?!
Нуриддин АВЛОҚУЛОВ,
вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи