Меню
Қашқадарё
ШАНТАЖЧИЛАР “ДУЭТ”ИГА ОЗОДЛИКНИ ЧЕКЛАШ ЖАЗОСИ ТАЙИНЛАНДИ
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида 1997 йилда Қарши шаҳрида туғилган М.А. ҳамда жиноий шериги, 1989 йилда туғилган У.Г. (аёл) га нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилиб, М.А.га 3 йилу 11 ой ва 14 кун, У.Г.га эса 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Улар ўзаро тил бириктириб, М.А.нинг синфдоши М.Ф.га нисбатан шантаж қилмоқчи ва шу йўл билан ундан пул ўндирмоқчи бўлишган.
Гап шундаки, М.А. ўзи фойдаланиб келган “Редми-4Х” уяли телефон аппаратини синфдоши Ф. М. га сотган. Аммо сотишдан аввал ушбу телефон аппаратининг махсус кодини ўз телефонида сақлаб қолган ва у туширган фото ҳамда видеолар автоматик равишда ўзига ҳам келиб турадиган қилиб қўйган эди.
Бир куни Ф.М.нинг телефонига у ва бегона аёлнинг яланғоч ҳолатдаги шахсий суратлари жойлангани ва бу суратлар ўз телефонида ҳам пайдо бўлганини кўрган М.А.нинг фикри бузилди. У ана шу суратлар воситасида Ф.М.дан пул ўндириш ҳақида ўйлай бошлади. Бунинг учун эса Ф.М. танимайдиган бошқа бир кишини топиш ва унинг воситасида ишни амалга ошириш лозим эди.
М.А. ушбу режаси ҳақида ўзига аввалдан таниш бўлган У.Г. га айтади. Қарангки, нафс қутқусига учган бу аёл ҳам “нозик таклиф”га дарҳол рози бўла қолди. М.А. унга телефони хотирасидаги суратлар ҳамда Ф.М.нинг телефон рақамини берди.
Ўзига нотаниш аёл қўнғироқ қилиб, учрашиш кераклигини айтаётганидан ҳайрон бўлган Ф.М. айтилган манзилга борди. У ерда кутиб турган аёл эса қўлидаги суратларни кўрсатди. Бу ҳақиқатан ҳам Ф.М.нинг бир қиз билан кийимсиз ҳолатда тушган расмлари эди.
- Буни қаердан олдингиз? – ҳайрон бўлиб суради Ф.М.
- Буёғи билан ишинг бўлмасин, - бамайлихотир жавоб берди аёл. – Ҳозир расмлар менинг қўлимда, истасам интернетда тарқатиб, шарманда қилишим мумкин. Агар 500 АҚШ доллари берсанг, расмларни сенга бераман ва бошқа безовта қилмайман.
Ноилож қолган Ф.М. шартга рози бўлиб, эртагаёқ пулни келтириб беришини айтди. Уйга қатгач эса, ички ишлар органларига мурожаат қилиб, шантажчига дуч келганини билдирди.
Эртаси куни ўтказилган тезкор тадбирда У.Г. йигитдан келишилган 500 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушди. Кўп ўтмай эса “Шантаж хотин” яккахон тарзда эмас, “дуэт” бўлиб ҳаракат қилгани ва бу ишнинг ортида ким турганлиги ҳам аён бўлди. У Ф.М.нинг синфдоши М.А. эди.
Нодирбек ИШМУРОДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси