Меню

Қашқадарё

05.10.2017 2185

ШАМДЕК ЁШ ТЎК, КЎНГИЛ УЙИНГ ЧАРОҒОН БЎЛСИН

Умид - ишонч йўлининг боши. Йўлда юрмасанг ҳам доимо йўлнинг бошини кўзла.

* * *

Ибтидоси ва интиҳоси бўлган ҳамма нарса қолипдир.

* * *

Устод билим ва ҳунарини одамларнинг ўзларига ишониши учун ҳамда ҳали кўрсатмаган бир қанча маърифатлари ва илмлари борлигига ҳам ўзгаларни иқрор қилиш учун кўрсатади.

* * *

Севги бор жойда ситам ҳам бўлади. Бегоналарга эмас, дўстларга ситам қилинади. Аммо ситамда ҳам ситам бор. Ситам, ундан мутаассир бўлганга, ўзи учун унинг яхшилик ва севги эканлигини билганга қилинади. Шу билан бирга ҳеч таъсир қилмайдигани ҳам борки, бу севги аломати эмас.

* * *

Ақл – парвона, севгили эса шам кабидир. Парвона ўзини шамга уриши билан ёнади, бироқ ҳақиқий парвона ёнгунча шам зиёсидан айрилмайди. Агар парвонадек бир ҳайвон бўлсаю, у ҳам шам нуридан шикоят этмай, ўзини унга урса, парвона бўлади. Агар парвона ўзини шам зиёсига урсаю, лекин ёнмаса, демак, бу шам шам эмасдир. Худди шундай, халқ билан қизиқмаган, аксинча, ундан нолиган, унинг учун жонини куйдирмаган инсон инсон эмасдир.

* * *

Инсонни танимоқчи бўлсанг, уни гапга сол, сўзидан унинг ким эканлигини билиб оласан.

* * *

Бу дунёда юрганлар балки у дунёдан намунадир ва улар ўша ёқдан келтирилгандир.

* * *

 Инсонда шу қадар улкан ишқ, ҳирс, орзу ва дард бордирки, юз мингларча олам ўзиники бўлса ҳам, кўнгли тинчимайди. У ишда, санъатда, илми нужумда, ҳакимликда машғул... Бироқ буларнинг ҳеч биридан ҳузур тополмайди. Чунки истаган нарсасини қўлга киритолмайди. Ёр-дилоромлар, яъни кўнгилни тинчлантирувчи, демакдир. Шундай экан, кўнгил бошқа билан қандай хотиржам бўлсин?

* * *

Инсон буюк бир мўъжиза ва унинг ичида ҳамма нарса ёзилган. Бироқ зулмат ва пардалар борки, улар ёзувларни ўқишга имкон бермайди. Зулмат ва пардалар, турли-туман машғулотлар инсоннинг дунё ишлари борасида олган тадбирлари ва кўнгилнинг сўнгсиз орзуларидир. Зулмат ва пардаларнинг бўлишига қарамай,  инсон ичидаги бир нарсани ўқий олади. Энди қара, ўртадан пардалару қоронғиликлар кўтарилса, у нималарни билиб олмайди, дейсан.

* * *

Илм  ҳамма нарсадан устундир.

* * *

Тўғри, баъзан қилган яхшилигинг ёки ёмонлигинг миқдорида муқобилини ололмайсан. Бироқ яхшилик ва ёмонликнинг жавоби мутлақо бўлажакдир.

* * *

Севган киши гўзалдир. Аксинча бўлмайди. Яъни ҳамма гўзаллар-да севилавермайди ва севилиши шарт эмас. Гўзаллик севимлиликнинг бир жузъидир. Севимли бўлмоқ аслдир. Бу бўлгандан кейин гўзаллик ҳам мавжуддир.

* * *

Ҳар бир авлиё халқнинг ҳужжатлари (далили)дир. Халқнинг ўрни ва даражаси унга бўлган муносабати нисбатида бўлади.

* * *

Амал – амал орқали, илм – илм билан, маъно – маъно воситасида, шакл эса шакл ёрдамида англашилади.

* * *

Сўз амал дарахтининг мевасидир. Чунки у амалдан туғилади.

* * *

Демак, қўрқувсиз умид йўқ, умидсиз қўрқув эса тасаввурга сиғмайди. Инсон умидли бўлса-ю, ҳеч қандай эҳсон кутмаса, у албатта янада ҳаракатчан ва жиддий тарзда муносабатга киришади. Умид ва кутмоқ инсоннинг қанотидир. Қанотлар юксакка уча олади. Умидсиз қолса-чи, тамбаллашади, ўзи хайр қилолмагани етмаганидек, бандалик вазифаларини ҳам адо этолмайди.

* * *

Баъзи инсонлар ақлга шу қадар эргашдиларки, натижада, бутунлай малаклашадилар, нур бўладилар. Булар анбиё ва авлиёдирлар. Улар умид ва қўрқувдан қутулганлар.

* * *

...инсон вужуди кемасининг елкани – иймон. Елкан бўлса, шамол кемани  муаззам бир ерга олиб боради. Бўлмасам-чи, сўз ҳаводан иборатдир.

* * *

Инсоннинг ақли созланмаган бўлса, унинг бутун аъзолари  ишламайдиган ҳолга келади. Оёғи текис йўлда юролмайди, кўзи кўрмайди, қулоғи ҳар сўзни нотўғри эшитади. Шундай экан, барча иш – ҳаракат ақлнинг шарофати билан юзага чиқади.

* * *

Тилингдан олдин қалбингни тарбия қил. Чунки сўз қалбдан келиб, тилдан чиқади.

* * *

 Минг йил ўқисаму, мендан “нимани билдинг”, деб сўрасалар, “ҳаддимни билдим” дейман.

* * *

Дедиларки, кўздан йироқ кўнгилдан йироқ. Дедимки, кўнгилдаги кўздан йироқ бўлса не наф?

* * *

Ишқ азоби тортмаган юрак ё телбанинг, ё мурданинг юрагидир.

* * *

Эй, ёр! Биз ишқ узумининг шингиллари эдик-ку! Бошқа шишаларга шароб бўлибмиз, бошқа хаёлларда хароб бўлибмиз.

* * *

Гулнинг гўзаллиги уруғидан; инсоннинг ҳусни эса қалбидандир.

* * *

Одамлар суратини безатса, сен сийратингни беза. Одамлар бошқалар айбидан сўз очса, сен ўз қусурингни ўйла.

* * *

Поктийнат кишилар суҳбатидан баҳраманд бўлмоқ, подшоҳлар бошига тож бўлмоқдан афзалдир.

* * *

 Ўйларинг сўзларингга, сўзларинг феълингга, феълинг тақдирингга нуқс этади. Гўзал ўйла, гўзал яша.

* * *

Ҳар ҳолни хайр, ҳар кечани қадр, ҳар келганни Ҳизр бил.

* * *

Инсон табассуми билан тарбиясини, нимага кулгани билан савиясини намоён қилади.

* * *

 Эй, дўст! Мен Мажнун эмасман, аммо чақирсанг чўли биёбонга боришга ҳам тайёрман.

* * *

Кўнгил боғ, кўзлар булутдир. Булут йиғласа боғлар яшнагай.

* * *

Шамдек ёш тўк, кўнгил уйинг чароғон бўлсин.

* * *

Биз севсак гар, ер бўламиз, биз севсак гар, сел бўламиз. Биз севсак гар, лол бўламиз, биз севсак гар, жон бўламиз.

* * *

Модомики, ҳамманинг гуноҳини бекитолмайсан, ўз кўзингни юмиб қўя қол.

* * *

Дили ва тили бир бўлмаган инсон юз тилни билса ҳам тилсиз саналгай.

* * *

Дўст деб аччиқ гапирганга эмас, аччиқни ширин гапирганга айтилади.

* * *

Дунё тузоқдир, дони ҳою-ҳавасдир.

* * *

Ҳаёт уйқудир, ўлим-ла уйғонур инсон. Сен шошил, ўлмасдан аввал уйғон.

* * *

Ғайратинг қанотингдир.

* * *

Адолат дарахтни суғормоқ, зулм эса тиканга сув тўкмоқдир.

* * *

Севгида қуёш каби бўл!

Дўстлик ва қардошликда оқар сув каби бўл!

Бировларнинг хатоларини ёпишда кеча каби бўл!

Тавозеда тупроқ каби бўл! Ғазаб онида ўлик каби бўл! Ҳар не бўлсанг бўл, ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл!

Дилфуза ЖУМАЕВА тўплади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!