Меню
Қашқадарё
ШАҲРИСАБЗГА САЁҲАТ
Оқсаройнинг ортида қадимий қалъа девори қўр тўкиб турибди. Маҳобатли обиданинг олд томонида эса қадимий Оқсарой майоликаларини томоша қилишни истаганлар учун очиқ музей ташкил қилинмоқда. Мажмуа атрофида жойлашган барча тарихий обидалар қайта чирой очиб, узоқ ўтмишимиздан сўйлаётгандай.
- Афсуски, собиқ шўро даврида уларни йўқ қилишга кўп уринишди, - дейди Шаҳрисабздаги Амир Темур номли моддий маданият тарихи музейи директори, тарих фанлари номзоди Наби Хушвақтов. – Масалан, ўша даврда Кўкгумбаз масжиди қишлоқ хўжалиги учун ишлатиладиган кимёвий ўғитлар сақланадиган омбор вазифасини ўтади. Узунлиги 5,6 километр келадиган қалъа деворини йўқ қилиш мақсадида унинг ёнидан ғишт заводи қурилиб, девор тупроқларидан қарийб 40 йил фойдаланилди. Шукурки, истиқлолга эришгач, аждодларимиз меросини асраб-авайлаш борасида таҳсинга сазовор ишлар қилинмоқда. Дарҳақиқат, Вазирлар Маҳкамасининг “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори асосида бунёд этилган тарихий обидаларни боғлаб турувчи аллеянинг бир бурчидан туриб, иккинчи томонига қарасангиз юрагингиз ҳапқириб кетади. Яшиллик, фавворалар, декоратив деворлар, ҳунармандлар учун мўлжалланган қўш қаватли уйлар, барча-барчаси эртакдагидек. Аллеяга 31 минг 500 тупга яқин ноёб, ҳамиша яшилликка бурканиб турадиган дарахт кўчатлари ва буталар экилган. Бу Шаҳрисабз – яшил шаҳарнинг исмини жисмига монанд қилиб турибди.
Испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ўз кундаликларида қайд этганидек, Оқсарой мажмуасида ажойиб фавворалар бўлган. Аҳамиятлиси, ҳудудда бугунги олиб борилаётган қурилишларда ҳам бунга катта эътибор қаратилмоқда. 16 та фаввора ажойиб композиция ҳосил қилган. Эътиборлиси, уларнинг биттаси ўзининг йириклиги билан кишини ҳайратлантирса, кўпчилигида отилаётган сувнинг остида бемалол сайр қилиш мумкин. Фаввораларнинг барчаси рангин кўринишда, мусиқага монанд “рақс” тушадиганлари ҳам бор.
Яна нарироқда Чорсу бозорини ўзига хос йирик мажмуага уйғунлаштириш мақсадида барпо этилган 220 ўринли амфитеатр узукка кўз қўйгандек ярашган. Унинг олд томонидаги қадимий ҳаммом ўрни эса очиқ музейга айлантирилган.
Мутахассисларнинг айтишича, ўша пайтларда Европа мамлакатларида ҳам ҳаммом бўлган. Лекин улардан фақат аслзодалар фойдаланган. Аллея ўртасидан топилган бу ҳаммом эса кенг жамоатчилик фойдаланиши мумкин бўлгани билан аҳамиятли. Яъни бу Амир Темур аҳолининг озода, покиза юришига, саломатлигига алоҳида эътибор қаратганини кўрсатади.
Аллея бўйлаб қурилган 30 та қўш қаватли уй ҳам бир қарашдаёқ дарров киши эътиборини ўзига жалб этади. Улар ҳунармандлар учун мўлжалланган бўлиб, уйнинг биринчи қаватида устахоналар фаолияти йўлга қўйилиши мўлжалланган. Ана шундай уйлардан бирининг соҳиби – рассом Азиз Аҳмедов.
– Қаранг, ижод қилиш учун ҳаммаси ёнимизда, устахонамиз ҳам, дўконимиз ҳам, уйимиз ҳам ва илҳом олиш учун табиат ҳам, - дейди у. - Ижодга эндигина шўнғиган чоғингизда уйга кетишни ўйлаб, хавотирга тушмайсиз.
Дорус-саодат, Дорут-тиловат мажмуаларида ҳам кенг кўламли реставрация ишлари олиб борилган. Ҳовузи мардон атрофидаги яшиллик аллея билан туташиб, янада фусункор манзара касб этган. Митти баргли атиргуллар кичкина қанотли фаришталарга ўхшайди.
Дорус-саодат ҳовлисидаги учта азим чинор Амир Темур даврида экилган. Бу нуроний чинорлар юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, бунёдкорлик ишларимизга зафар тилаб, дуогўй бўлиб тургандай.
Аллеянинг ҳақиқий қиёфасини, унинг маҳобатини рўй-рост кўрмоқчи, қалбан ҳис қилмоқчи бўлсангиз, Дорут-тиловатнинг дарвозасидан чиқиб, Оқсарой томонга, Оқсаройдан туриб, Дорут-тиловат тарафга қаранг. Ўзингизни ўзга мамлакатга эмас, ўзга дунёга тушиб қолгандай ҳис қиласиз. Амир Темур давридаги мўъжизалар замонавийликка уйғун ҳолда такрорланганига амин бўласиз ва беихтиёр Оқсарой пештоқига битилган битиклар ёдингизга тушади: “агар қудратимизга шубҳа қилсанг, биз қурдирган иморатларга боқ!”
Толиб ТЕМИРОВ.