Меню

Қашқадарё

31.05.2021 2201

ШАҲРИСАБЗДА ХАЙРИЯ ВЕЛОМАРАФОНИ ЎТКАЗИЛДИ

21 майдан – 5 июнгача Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафони ўтказилмоқда.

 Мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб оладиган мазкур хайрия веломарафони 21 май куни Андижон вилоятида старт олиб, Наманган, Фарғона, Тошкент, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтган эди.

 Вилоятимизда эса ушбу хайрия веломарафон  Шаҳрисабз шаҳрида икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда шаҳарнинг Тутзор маҳалласида карнай-сурнай садолари остида “Кўчат экиш” акцияси доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Йўл бўйларида манзарали дарахт ниҳоллари экилиб, суғорилди. Қадимий ва навқирон Шаҳрисабз шаҳри ҳуснига чирой қўшиш мақсадида марказий кўчалар бўйлаб турли анвойи гуллар экилди.

 Куннинг иккинчи ярмида веломарафон ташкил этилди. Профессионал велоспортчилар ҳамда маҳаллий ҳаваскорлардан иборат жамоалар Кўк гумбаз тарихий обидаси олдидан старт олган бўлса, Буюк ипак йўли ҳамда Баҳодир Тарағай кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб, Оқсарой майдонида ўрнатилган аркасига етиб келишди.

 Ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларга диплом ва фахрий ёрлиқлар ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар топширилди.

 Кун сўнгида воҳамиз санъат усталари томонидан ташкил этилган катта концерт дастури эса тадбирга янада ўзгача шукуҳ бағишлади.

 Таъкидлаш жоизки, экологик веломарафон доирасида жалб этилган хайрия ва хомийлик маблағлари Экологик партия ташаббуси билан Мўйноқ тумани Али овул қишлоғини обод қилиш, суғориш-ирригация тизимларини яхшилаш, тоза ичимлик суви тармоғини тортиш, иш ўринлари яратиш ва аҳолининг бошқа муаммоларини ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилди.

 Сожида АЛЛАЁРОВА,

 Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши ахборот хизмати раҳбари.

 Суратда: тадбирдан лавҳа

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!