Меню
Қашқадарё
ШАҲРИСАБЗДА ИЛК "УСУЛИ ЖАДИД" МАКТАБИНИ КИМ ОЧГАН?
Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига
Маҳмудхўжа Беҳбудий Русияда жадидчиликка асос солиб, туркий элларда замонавий фанлар ҳам ўқитиладиган "усули жадид" мактаблари очиш, одамларни билим, маърифатли қилиб, фаровон ҳаёт сари йўллаш, туркийларни асрий уйқудан уйғотишга чорлаган Исмоилбек Гаспирали чақириғига лаббай деб Ўзбекистонда жадидчилик ҳаракатига тамал тошини қўйган ватанпарвар зиёлилардан эди. У эл қайғуси билан яшади, қисқа, аммо сермазмун ҳаётини маърифатга, халқни, юртни истибдоддан озод қилишга бағишлади. Ана шу эзгу йўлда азиз жонини фидо қилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йилнинг 19 январида Самарқанд шаҳри яқинидаги Бахшитепа қишлоғида туғилди. Дастлаб Самарқанд, сўнгра Бухородаги мадрасаларда таълим олди. Турли мавзудаги китоблар мутолааси унинг учун энг севимли машғулот бўлди. Араб тилини кичик тоғаси Одилдан ўрганди. Чиройли ҳуснихат соҳиби бўлгани учун 18 ёшида қозихонада мирзолик қила бошлади.
19 ёшида отаси Беҳбудхўжа Солихўжа ўғли вафот этгач, уни тоғаси Муҳаммад Сиддиқ ўз қарамоғига олди.
Ўшанда Исмоилбек Гаспирали муҳаррири бўлган "Таржимон" газетаси ва татар зиёлилари нашр этаётган "Шўро" журнали, "Вақт" газетаси Туркистонга ҳам тарқалар, Маҳмудхўжа уларда босилган мақолалар билан танишиб борарди. Ушбу матбуот нашрларидан қанчалик маънавий озуқа олган бўлса, Исмоилбек Гаспирали ва унинг ҳамфикрлари илгари сурган ғоялар ҳам унга шунчалик катта таъсир кўрсатди. Жадидларга ҳамфикр, ҳамдам бўлиш, олижаноб, хайрли ишларга қўл урган ҳаракатга қўшилиш учун замин ҳозирлади.
Беҳбудийда маърифий ва сиёсий қарашларнинг шаклланиши ҳамда камол топишига унинг Русиядаги бир қанча шаҳарлар ва хорижий мамлакатларга қилган сафарлари катта аҳамият касб этди. Хусусан, бухоролик дўсти Ҳожи Бақо билан 1899 йилда Саудия Арабистони ва Мисрга қилган сафари тўққиз ой давом этган бўлса, 1903-1904 йилларда Русиянинг Москва, Петербург, Қозон, Уфа ва Нижний Новгород шаҳарларида бўлди. У ерларда маориф, маданий-оқартув ишларининг қандай йўлга қўйилгани билан танишди.
1914 йил 29 май куни Самарқанддан янги сафар учун йўлга чиқиб, Каспий денгизи орқали Бокуга келади. Бу шаҳар орқали Туркияга боради. Йирик ва гавжум, турли давлатлардан ташриф буюрадиган одамлар қадами узилмайдиган Истанбул шаҳрида унинг ҳаётида бир умр ўчмас қувончли воқеа юз берди. Беҳбудий шаҳарнинг "Гулхона" истироҳат боғида жадидчилик асосчиси билан тасодифан учрашиб қолади. Исмоилбек Гаспирали "Шохин поша" меҳмонхонасида истиқомат қиларди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам шу меҳмонхонага жойлашди. У устози билан ярим кечагача суҳбатлашди, маориф ва маданий ишлар бўйича кўп маслаҳатлар олди.
Бухоро амири Абдулаҳадхон ҳам 1893 йил бошида Русия зиёрати чоғида Боқчасаройга келиб, Исмоилбек Гаспирали билан танишади, у билан узоқ суҳбат қуради. Ўша учрашувда амир уни Бухорога таклиф қилади. Бу таклифни мамнуният билан қабул қилган маърифатпарвар 1893 йил май ойида Бухорога ташриф буюради. Самарқандни кўрганидан кейин Абдулаҳадхон буйруғи билан ажратилган яхши жиҳозланган фойтунда Тахтиқорача довони орқали Шаҳрисабзга етиб келади. Амирнинг Кешдаги ёзги қароргоҳида меҳмон самимий қарши олинади. Узундан-узун суҳбатлар чоғида ўз фикрларига хайрихоҳлик топади, шунга қарамасдан мақсадига эриша олмайди. Сабаби, бу вақтга келиб (1868 йил май ойида Самарқанд яқинидаги Зирабулоқ мавзеида Бухоро армияси чор қўшинлари билан жангда енгилиб, амирлик Русия вассалига айланади) амир чор ҳукуматидан рухсат олмай туриб, бирор масалани ўзи хоҳлаганча ҳал этиш эркидан маҳрум эди.
Аммо Шаҳрисабзнинг таниқли инсонларидан бири Исломқул тўқсабо ўз ҳисобидан шаҳарда илк "усули жадид" мактабини очиб, камбағал болаларни ўқитишни бошлайди. Амир маъмурлари рухсатсиз жадид мактаби очгани учун уни ҳибсга олиб, мактабни ёпадилар. Тўқсабо эса Бухоро амирининг буйруғи билан халқнинг кўз ўнгида қатл этилади.
Беҳбудий Исмоилбек Гаспирали билан қилган суҳбати чоғида Туркистон халқлари мактаби маориф ва маданий оқартув ишларида ҳаддан зиёд орқада қолганини ва жадидлар олдида бу соҳада катта вазифалар турганлигини чуқур ҳис қилди. Маҳаллий халқни маориф ва маданиятдан четда ушлаб туриш чор ҳукумати мустамлакачилик сиёсатининг асосий мақсади эканлигини тушунди.
Жадидлар Туркистон халқларининг оғир аҳволини яхшилашнинг асоси иқтисодиётни зарур оқимда ривожлантириш, деб ҳисоблаганлар. Бунга эришишнинг бирдан-бир йўли эса халқ таълимини ислоҳ қилиш, замонавий ўқитишни йўлга қўйиш, энг истеъдодли болаларни чет элга ўқишга юбориб, малакали мутахассисларга эга бўлиш, халқнинг онгини ошириш учун миллий матбуотни тараққий эттириш эканлигига ишонишган. Чунки бу омиллар, улар фикрича, миллатни уйғотиш шартларидан эди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий буни чуқур тушунган ҳолда биринчи чет эл сафаридан қайтибоқ амалий ишга киришди. 1903 йилда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи ва Ражаб амин қишлоқларига бориб, ўша ерлик маърифат аҳли билан ҳамкорликда "усули жадид" мактабларини очди. Жадид мактаблари учун тўрт-беш йил ичида "Рисолаи асбоби савод", "Китобат ул-атфол", "Рисолаи жуғрофияи умроний" каби олтита дарслик яратди. Ўз маърифатпарварлик дастурида 7 та йўналишни белгилаб олди. Болаларни мусулмон "усули жадид", рус-тузем бошланғич мактаблари ва гимназияларда ўқитиш, истеъдодли болаларни Шарқ мамлакатлари ҳамда Русиядаги дорулфунун ва дорулсаноатларга ўқишга юбориш, "Нашри маориф" ёхуд "Жамияти хайрия" ё "Жамияти атфол" сингари жамиятлар тузиш каби устувор вазифалар ана шулар жумласидандир. "Муддаомиз бу жамиятлар ёрдамида ва тегишли юқори малакали ўқув юртларида, - деган эди Маҳмудхўжа Беҳбудий, - ҳуқуқшунос, муҳандис сингари мутахассислар билан бирга замона мактабдори, миллат ҳомийси ва ходими, "Давлат Думасиға" депутат, саноатимизни ислоҳ эта билувчи техник, тижорат ва банкларда ишлай оладиган, шаҳар думаларида ва умуман Туркистонда очилажак идоралар ходимларини етиштиришдир".
Беҳбудийнинг маърифатни юксалтириш дастури халқни бир поғонага кўтариш, уни миллий тараққиёт йўлига олиб чиқиш, ўзини ўзи бошқариши мумкин бўлган салоҳиятга етказишни кўзда тутарди.
Саводсизлик, яъни мактабда таълим олмаслик қандай оқибатларга олиб келишини Беҳбудий 1910 йилда ёзган "Падаркуш ёки ўқимаган боланинг аҳволи" драмаси орқали баён этиб берди. Пьесада ота-бола воқеаси тасвирланади. Унда иштирок этувчи қаҳрамонлар ҳам унчалик кўп эмас. Муаллиф ушбу асарида халқнинг тимсолий фожиаси ётишини маҳорат билан кўрсатиб берган. Драмада фақат қотиллик эмас, балки мактаб тарбиясини кўрмаганлиги оқибатида ёшлик, бойлик ва ҳаётни фақат айшу ишрат деб билиб, отасини ўлдиришгача борган падаркуш фарзанд образи гавдаланади. Бу билан атоқли жадид энди билим олиш, илм-маърифат кучи билан ҳаётни ўзгартиришни тақозо этувчи янги замон келганини айтмоқчи бўлади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий туркистонликларда ижтимоий-сиёсий қарашларнинг шаклланиши ва ривожида матбуотнинг беқиёс аҳамиятини яхши англарди. Шу мақсадда "Ойна" журналини ташкил қилиб, 1913 йил 20 августда унинг биринчи сонини чиқарди. Ҳам муҳаррирлик қилди, ҳам ўзи ўткир мақолалар ёзди. Бу нашрнинг жами 136 сони ўқувчиларига етиб борди. Сўнгра, бир йил ўтиб "Самарқанд" газетасини ҳам нашр эта бошлади. Беҳбудийнинг сиёсий публицистик фаолияти ана шу нашрларда тўла намоён бўлди. Бу журнал ва газетанинг ғоявий йўналиши биринчи навбатда халқ оммасининг оғир иқтисодий аҳволига қаратилди, муҳаррирнинг ўзи уни яхшилаш йўллари ҳақида фикр-мулоҳазаларга тўла мақолалар ёзди. Унга хайрихоҳ жадидлар ва бошқа муаллифларни ҳам жалб этди.
"Ойна" журналининг 1914-1915 йиллардаги бир неча сонларида Беҳбудийнинг "Саёҳат хотиралари" босилди. Хотиралар атоқли жадиднинг хориж сафари ўзига хос кундалиги ҳисобланади.
Маърифат шайдоси бўлган Беҳбудий қаерга бормасин, дастлаб ўша ердаги мактаб, ўқув юртлари, маданий муассасалар фаолияти билан қизиқди. У Байрут шаҳри дорулфунунларида асосий фанлар араб тилида ўқитилиши, француз, немис, инглиз тиллари эса фақат бир фан сифатида ўрганилишига гувоҳ бўлди. Кўрганларини Туркистон билан қиёслаб, маърифат аянчли аҳволда эканлигидан ачинди.
Жадидшунос олим Рустам Шариповнинг таъкидлашича, Маҳмудхўжа Беҳбудий туркистонлик ёшлар орасидан билимда етук "Олими замоний"ларни тайёрлаш давр талаби эканлигини айтган эди.
"Октябрь тўнтаришидан сўнг Туркистон бутунлай большевиклар қўлига ўтди," деб ёзади олим.
Унгача ва ундан кейин ҳам бу ерда Беҳбудий талқинидаги "Олими замоний"ларни кўплаб тарбиялашнинг иложи бўлмади. Лекин Бухоро Халқ Республикаси барпо этилиши, дастлаб мустақил ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлгани учун 1922-1923 йилларда 70 нафардан зиёд мусулмон ёшлари Германияга ўқишга юборилди. Улар турли шаҳарларда юқори малакали доктор, инженер, зироатчи, иқтисодчи, кимёгар, юрист бўлиш учун ўқишади (ўқишни битириб келган ёш мутахассисларнинг кўпчилиги шўролар томонидан қатағон қилиниб, уларга нисбатан отувгача бўлган жазо чоралари кўрилди). Бу Беҳбудий орзу қилган "Олими замоний" ёшлар авлодини улғайтириш йўлидаги ғоят муҳим ва хайрли қадам эди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий халқ оммасининг баъзи бир урф-одатларига қарши кескин курашди. Хусусан, оташин публицист "Аъмолимиз ёинки муродимиз" ва "Бизни кемиргувчи иллатлар" мақоласида серчиқим дафн, тўй маросимларига барҳам бериш масаласини кўтаради. "... Тўй ва маърака қилинсун. Аммо ҳозиргидек исроф этмасдан қилинсун, - дейди машҳур жадидчи. - Ва мумкин қадаринча кичик қилинсун. Ва ортиқча пул ила болаларни мусулмон ва руси яхши ўқитулсун". Беҳбудий "Тўй ва маърака оқчасидан" ёшларни ўқитиб, диний, дунёвий ва замонавий одамлар етиштирмоққа саъй-ҳаракатлар қилишга чорлайди.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Русиядаги айрим йирик шаҳарларда ўтган сиёсий тадбирлар, жумладан, Умумроссия мусулмонлари қурултойида иштирок этганлиги унинг сиёсий жиҳатдан чиниқиб боришида муҳим аҳамиятга эга бўлди. 1917 йил март ойида Тошкентда ўтказилган Туркистон мусулмонлари қурултойидаги мунозараларда фаол иштирок этиб, ўзининг дадил ва аниқ фикр-мулоҳазаларини айтди.
1917 йилнинг августида Туркистон тараққийпарварларининг Мухторият дастури эълон қилинди. Беҳбудий бу дастурни ишлаб чиқишда қатнашиб, бир неча таклифларини киритишга муваффақ бўлди. Қўқонда ўтган ўлка мусулмонлари IV қурултойида Халқ мажлиси таркибига аъзо бўлиб кирди. 1917 йил 27 ноябрида Туркистон Мухторияти барпо этилди. Шу муносабат билан у бир неча сиёсий мақолалар ёзди. Аммо 1918 йил 19-20 февраль кунлари Туркистон Мухторияти зўравонлик билан тугатилиб, Фарғона водийси аҳолиси қонга ботирилганлиги Мухторияга катта умидлар боғлаган Беҳбудийда совет давлати ва унинг Туркистондаги вакилларига нисбатан шак-шубҳасиз нафрат уйғотади.
Мухторият тор-мор этилгандан сўнг Беҳбудий сиёсий курашдан ўзини четга олмайди. Энди у озодлик, истиқлол учун курашнинг яширин йўлига ўтади. Шу хайрли ниятда дадил қадамлар ташлаётган бир пайтда сирли равишда ўлим топади. Унинг кимлар томонидан, қачон, қай ҳолатда ўлдирилгани кейинги мақоламиз мавзуси.
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист