Меню
Қашқадарё
“ШАҲРИСАБЗ ЮЛДУЗИ” ХУСУСИЙ ИНВЕСТОРГА СОТИЛАДИ
Мазкур ҳужжатда келтирилишича, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси балансда турган ташкилотлар билан ҳамкорликда белгиланган муддатда ва тартибда давлат улуши бор меҳмонхоналарни баҳолаш ва оммавий савдоларга қўйишни таъминлайди.
Шунингдек, объектларни сотиб олишга потенциал, шу жумладан, хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш, бундан уларнинг хабардорлигини ошириш бўйича ҳам чоралар кўрилади. Савдолар якунларига кўра, ҳар бир объектни модернизация ва реконструкция қилиш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.
Қарорда вилоятимиздаги “Шаҳрисабз юлдузи” меҳмонхонасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Давлат унитар корхонаси шаклидаги бу мажмуа ҳам муайян шартлар асосида инвесторларга сотилади. Савдодан тушадиган маблағлар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, кўҳна Кеш ҳудудида жойлашган “Шаҳрисабз юлдузи” меҳмонхонаси бундан қарийб 10 йилча муқаддам фойдаланишга топширилган. Уни бунёд этишда польшалик қурувчилар ҳам иштирок этган. Уч қаватли, 80 ўринга мўлжалланган ушбу маскан миллий ва замонавий меъморчилик унсурларини қўллаган ҳолда барпо этилган. Меҳмонхона мажмуасини инвесторлар қўлига беришдан асосий мақсад Шаҳрисабзга ташриф буюрувчи сайёҳларга замонавий меҳмонхона хизматлари кўрсатиш учун қулай шароит яратиш, бундай объектлар имкониятларидан янада самарали фойдаланишдан иборат.
МИРЖАҲОН