Меню
Қашқадарё
"ШАҲРИСАБЗ" ВА "МАЙДАНАК БАЛАНД ТОҒ" ТУРИСТИК МАРКАЗЛАРИ
Қашқадарёнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун янги имкониятлар яратади
Қарор ва шарҳ
Президент қарорига мувофиқ, воҳамизда "Шаҳрисабз" ва "Майданак баланд тоғ" туристик марказлари, шунингдек, Қашқадарё вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти ташкил этилмоқда.
Замонавий меҳмонхоналар, соғломлаштириш масканлари, дор йўллари, тоғ-чанғи комплекси...
Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базасида қайд этилишича, жорий йил 28 ноябрда давлатимиз раҳбари "Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди. Мазкур ҳужжат воҳамизнинг табиий-иқтисодий, жумладан, туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган бўлиб, мастер-режа асосида хизмат кўрсатиш ва меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа объектларни барпо этиш ҳамда қўшимча иш ўринларини яратиш каби мақсадларни кўзлайди.
Қарорда кўрсатиб ўтилганидек, мамлакатимиз Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан хорижий давлатларнинг малакали экспертлари ва етакчи компаниялари иштирокида, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида мастер-режалар лойиҳалари ишлаб чиқилган. Улардан бири Шаҳрисабз туманининг Мираки, Амир Темур, Улоч ва Полмон маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги умумий майдони 240 гектар бўлган ер участкасида замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва туризм инфратузилмаси объектларини, жумладан, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар объектлари, иккинчиси эса Қамаши туманининг Катта ўра МФЙ ҳудудидаги умумий майдони 58,6 гектар бўлган ер участкасида меҳмонхона, соғломлаштириш санаторийси, умумий овқатланиш объектлари, дор йўллари, тоғ-чанғи комплекси ва бошқа туристик аҳамиятга эга объектлар барпо этишни назарда тутади.
Қарорга асосан "Шаҳрисабз" ва "Майданак баланд тоғ" туристик марказлари ҳамда уларни ривожлантириш ва бошқариш учун давлат муассасаси шаклида департамент ташкил этиш ва бу департаментни Шаҳрисабз туманида жойлаштириш таклифлари маъқулланар экан, икки марказ ҳудуди чегараларининг тавсифи ҳам тасдиқланди.
Объектлар тайёр бизнес шаклида қурилади, кейин реализация қилинади
Ҳужжатда белгиланганидек, туристик марказлар ҳудудидаги умумий фойдаланишдаги ер участкалари мастер-режа, бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳаларига мувофиқ инфратузилма объектлари ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни барпо этиш учун янги департаментга ва (ёки) ушбу объектларни қуриш, сақлаш ва фойдаланиш вазифасини амалга оширувчи бошқа давлат органлари, муассасалари ва корхоналарига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади. Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган бўш ер участкалари эса мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн аукцион орқали лотларга бўлинган ҳолда реализация қилинади. Бунда, албатта, туристик марказларнинг мастер-режа, бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳаларида назарда тутилган объектларни барпо этиш шарти қўйилади, зеро, ҳар бир лот бўйича лойиҳанинг тахминий тавсифи ва архитектура қиёфасига, фойдаланишга топшириш муддатига талаблар белгиланади. Ер участкаларини реализация қилишдан тушган тушумлар Қашқадарё вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаментига ўтказилиб, мазкур департамент фаолияти ҳамда туристик марказларни ривожлантириш, жумладан, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ва таъмирлаш чора-тадбирларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Қарор билан маъқулланган ташаббусларга кўра, юртимиздаги бир қатор тижорат банкларининг инвестиция компаниялари дастлаб туристик марказлар ҳудудида тайёр бизнес шаклида замонавий меҳмонхона мажмуалари, умумий овқатланиш объектлари, дор йўллари, тоғ-чанғи комплекси ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиб, кейинчалик уларни "E-auksion" электрон савдо платформасида аукцион савдолари орқали сотишади ёки лойиҳадаги улушларни реализация қилишади. Ушбу тадбирлар учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан мамлакатимиздаги тўртта банкка жами 50 миллион АҚШ долларигача миқдордаги кредит маблағлари ажратилади.
Дарвоқе, тижорат банклари инвестиция компанияларининг мазкур ташаббуслари доирасида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖга тегишли бўлган Шаҳрисабз тумани Мираки МФЙ ҳудудидаги 10,6 гектар ер майдонида ҳам замонавий меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш мақсад қилинган ва бунинг учун ушбу ер майдонларини дастлаб Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги захира ерлари фондига бериш назарда тутилган.
Шаҳрисабз ва Қамаши туманининг юқорида қайд этилган МФЙлари ҳудудларида хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда 2024-2025 йилларда қўшимча меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, хизмат кўрсатиш мажмуалари ва дам олиш масканларини қуриш мақсадида бўш ер участкалари аукцион савдоларига 10 йил муддатда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан чиқарилади.
Қайнар МФЙда ҳам келажакда туристик марказ барпо этилади
Президент қарорида вилоятимизнинг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этишга қаратилган бошқа бир қатор муҳим чора-тадбирлар ҳам жамланган бўлиб, хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг бу жабҳага оид ажойиб таклифлари маъқулланган. Уларга асосан Шаҳрисабз тумани Улоч МФЙ Қани қишлоғидаги "Гулнора" болалар оромгоҳини реконструкция қилиш ишларини 2024 йил июнь ойида ҳамда санаторийни қуриш ва модернизация қилиш ишларини 2025 йил март ойига қадар якунлаб, фойдаланишга топшириш, шунингдек, Китоб туманининг Қайнар МФЙ ҳудудида 2025 йил 1 сентябрга қадар барча шароитларга эга замонавий санаторий барпо этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Ҳужжатга мувофиқ вилоятимиз туристик салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган яна кўплаб янгиликларни жорий этиш назарда тутилган. Масалан, келгуси йил 1 мартдан бошлаб "Uzbekistan Airways" АЖ томонидан "Шаҳрисабз" аэропортига парвозларни ташкиллаштириш бўйича топшириқлар берилиб, 2024 йил 1 сентябрга қадар "Майданак баланд тоғ" туристик маркази ҳудудидаги планетариум, обсерватория, астрономик музей ва атрофни кузатув майдончасини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тавсияси асосида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш вазифаси қўйилди.
Вилоятимиз ҳокимлиги эса Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Туризм қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда Китоб тумани Қайнар МФЙ ҳудудида замонавий меҳмонхона, сервис ва хизмат кўрсатиш мажмуаларини барпо этишга қаратилган мастер-режани ишлаб чиқиши шарт. Бунда мазкур ҳудудда ҳам туристик марказни ташкил этиб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 16 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонини 15 миллион АҚШ доллари эквивалентида инвестиция киритиш ва 10 йил муддатда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан аукцион савдоларига чиқариш назарда тутилиши лозим.
"Шаҳрисабз" ва "Майданак баланд тоғ" туристик марказларида объектларни барпо этиш, жумладан, лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ва молиялаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Бош вазир раислигида комиссия тузилган.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.