Меню

Қашқадарё

07.08.2020 1597

Шаҳрисабз тумани юқумли касалликлар шифохонасига шу кунгача коронавирус юқтирган 133 бемор қабул қилинган

Ижтимоий тармоқларда "Шаҳрисабз шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида аҳвол қандай?" сарлавҳали танқидий хабар эълон қилинди. Шифохонада коронавирус билан оғриган беморларга дори-дармон берилмаётгани қайд этилиб, муассасанинг мутахассислар билан таъминланиши қай даражада эканлиги сўралган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълум қилишларича, айтилаётган муассаса шаҳарга қарашли эмас, Шаҳрисабз тумани юқумли касалликлар шифохонаси деб юритилади. Бу ерда "COVID-19" аломатлари бўлган беморларни даволаш учун махсус шифохона ташкил этилган.

Таъкидланишича, шифохонага 6 августга қадар жами 133 бемор қабул қилинган. Айни пайтда 71 нафар бемор мавжуд. Беморларнинг 57 нафари даволаниб, соғайиб чиққан. 3 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ўтказилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли тавсиявий қўлланмасига асосан мазкур муассасада 11 июлдан 25 июлгача беморларни даволаш учун 6 кишидан иборат гуруҳ (икки нафар врач, икки  ҳамшира, бир орастабон, бир ошпаз) хизмат қилди. 25 июлдан  8 августгача 12 кишидан иборат гуруҳ (шундан уч нафари врач, тўрт нафари ҳамшира, бир нафари лаборант, бир нафари хўжалик бекаси, икки нафари орастабон, бир нафари ошпаз)  хизмат қилмоқда.

Молиялаштиришда кечикиш бўлганлиги сабабли шифохонада дори-дармон таъминотида узилишлар юзага келган. Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази билан тузилган шартномага асосан 2020 йил 5 август куни тегишли маблағлар ажратилиб, шифохона дори-дармон билан тўлиқ таъминланган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!