Меню

Қашқадарё

18.08.2016 2215

Шаҳрисабз тумани: ТАРИХАН БУЮК МАНЗИЛНИНГ ҲАЙРАТЛАРГА БОЙ БУГУНГИ КУНИ

Ана шу гўзалликка бир муддат соя тушганди. Собиқ тузум даврида ўрта аср меъморчилигининг нодир намунаси бўлган ноёб иншоотларни йўқ қилишга, одамларни тарихий хотирадан айиришга зўр бериб чиранилганди. Натижада Кўкгумбаз жомеъ масжиди қамоқхонага айлантирилган, кейинроқ қандайдир савдо ташкилотининг омборхонаси бўлиб қолган, Чубин мадрасаси туман ўт ўчириш бўлинмасига база учун берилган, бошқа бир неча тарихий ёдгорликлардан қишлоқ хўжалиги учун ишлатиладиган минерал ўғитларни сақлаш жойи сифатида фойдаланилганди.

Истиқлол туфайли бу гўша, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Қашқа воҳасининг зумрад гавҳари” том маънода тарихий қудратини қайта тиклади. Амир Темурдек буюк инсоннинг бешигини тебратган юрт бугун Соҳибқирон бобомизнинг шаъни ва шавкатига муносиб манзилга айланаяпти.

ҚУДРАТИМИЗГА ШУБҲА ҚИЛСАНГИЗ…

Мустақилликнинг илк йиллариданоқ кўҳна ва ҳамиша навқирон Кешда жуда катта ҳажмда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Дастлаб Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги, кейинроқ  Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги ва Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланиши муносабати билан ҳудуддаги кўплаб тарихий обидалар қайта чирой очди. Янги уйлар, йўллар, бозор ва ижтимоий инфратузилма объектлари барпо этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги «Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори эса бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Қарор билан тасдиқланган  дастур доирасида Шаҳрисабзнинг юртимиз ижтимоий ва маданий тараққиётидаги аҳамиятини янада ошириш, уни замонавий туризм марказига айлантириш учун мавжуд инфратузилма иншоотларини янгилаш ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Айниқса, Шаҳрисабзнинг тарихий қисмида амалга оширилган ишлар Оқсаройнинг пештоқида битилган ўша машҳур иборани ёдга солади ва беихтиёр “Ўзбекистонимизнинг қудратига шубҳа қилсангиз, биргина Шаҳрисабзда бўлаётган бунёдкорлик ишларига боқинг”, деб юборгингиз келади. Оқсарой, Дорут-тиловат, Дорус-саодат мажмуалари, Амир  Темур майдони, Чубин мадрасаси, мақомчилар марказига айлантирилган Коба карвонсаройи, ҳунармандлар марказини бирлаштириб ажойиб манзара касб этган  хиёбонга қараб тўймайсиз. Дорут-тиловат мажмуасининг дарвозаси ёнидан туриб Оқсарой томонга назар солсангиз, тарихий обидаларни боғлаб турган аллеянинг бетакрор гўзаллигидан юрагингиз ҳапқириб кетади. Яшиллик, фавворалар, декоратив деворлар, ҳунармандлар учун мўлжалланган қўш қаватли уйларга боқиб тўймайсиз.

Аллеяга 31500 тупга яқин ноёб, ҳамиша яшилликка бурканиб турадиган дарахт кўчатлари ва буталар экилган бўлиб, улар яшил шаҳарга узукка кўз қўйгандек ярашган. Бири бирини такрорламайдиган рангин ва мусиқали 16 фаввора ажойиб композиция ҳосил қилган.

Аллея бўйлаб қурилган 30 та қўш қаватли уй ҳам бир қарашдаёқ дарров киши эътиборини ўзига жалб этади. Уларнинг биринчи қаватида  ҳунармандлар устахоналари жойлаштирилиши мўлжалланган.

Дорус-саодат, Дорут-тиловат мажмуаларида ҳам кенг кўламли реставрация ишлари олиб борилган. Ҳовузи Мардон атрофидаги яшиллик аллея билан туташиб, янада фусункор манзара касб этган.

Шаҳарнинг тарихий қисмида, 107 гектарлик ҳудудда шу қадар кенг миқёсли бунёдкорлик ишлари амалга оширилганки, санаб адоғига етиш мушкул. Яхшиси, халқимизнинг бир нақлига амал қилган, минг марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал.

- Бу ерга тез-тез хорижий сайёҳларни олиб келаман, - дейди Самарқанддаги “Tur-Orient” корхонаси вакили Хуршид Саидаминов. – Шаҳрисабзнинг тарихий қисми уларнинг барчасида жуда катта таассурот қолдираяпти ва икки-уч йилдан сўнг яна келиш истагини билдиришаяпти. Уларни ҳозир экилган дарахт кўчатлари 2-3 йилдан кейин қандай бўлишию мажмуа қандай манзара касб этиши жуда қизиқтириб қўйган.

ШАҲАР ДЕСА, ДЕГУЛИК

Шаҳрисабзда Дастурга мувофиқ амалга оширилаётган ишлар натижасида у бугун бутунлай ўзгача қиёфага кириб, янада улуғворлик касб этмоқда. Нафақат унинг тарихий қисмида, балки барча ҳудудида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бормоқда. Йўлларнинг икки тарафини кўп қаватли турар жойлар, савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва бошқа кўплаб маҳобатли иморатлар эгаллаяпти. Кўҳна Кеш том маънода замонавий шаҳарга айланмоқда.

- Шу ерда туғилиб ўсганман ва бир пайтлардаги пахса деворлари нураб бораётган, каталакдек келадиган уйлар, адоғи кўринмайдиган жинкўчаларни жуда яхши эслайман, - дейди шаҳрисабзлик Маҳлиё Абдуллаева. - Бугунги Шаҳрисабзни аввалгиси билан қиёслашнинг иложи йўқ. Кўп қаватли уйларни қаранг. Шундай чиройлики, одам шу шаҳарда туғилганидан, шу ерда яшаётганидан фахрланиб кетади.

Айтиш керакки, кўҳна Кешда бунёдкорлик ишлари фақат кўп қаватли уй ва бошқа иморатлар қурилиши билангина чекланиб қолмаган. Шаҳарнинг йўл-транспорт инфратузилмасини, газ ва электр энергияси таъминотини яхшилаш, муҳандислик тизимларини модернизация қилиш ишларига ҳам катта аҳамият қаратилган. Бундай хайрли ишлар аҳолининг турмуш тарзи янада фаровонлашишига, юртимизнинг янада чирой очишига хизмат қилмоқда, кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, деган саволга аниқ жавоб бўлаяпти.

ТОҒЛАР БАҒРИДАГИ ОБОД ҚИШЛОҚЛАР

Яшил шаҳар. Бу нафақат Шаҳрисабзга, балки унинг табиатига берилган ўринли ва ҳаққоний таъриф. Истиқлол йилларида асрлар билан бўйлашган азим дарахтлар, тоғнинг мусаффо ҳавоси, зилол сувли булоқлар, ноёб фауна ва флора дунёсини асраш борасида катта ҳажмли ишлар бажарилдики, туманнинг табиати бу ердаги бунёдкорлик ишлари билан уйғунлашиб, бетакрор манзара касб этаяпти.

Ҳудуднинг тоғлар бағридаги қишлоқлари ҳам кундан-кунга обод бўлиб, гўзаллашиб бормоқда. Улардан бири - Ғилон қишлоғи. Қишлоқ аҳли асосан боғдорчилик, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Тоғ ҳавосидан тўйинган олма, гилос, нок, ёнғоқ каби мевалари машҳур.

Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик, деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор қишлоқ аҳолиси фаровонлигини юксалтириш, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бугун бозорда ғилонлик деҳқону боғбонлар етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб юқори. Шу қишлоқлик Саид Гулаков 20 сотих еридан уч тоннагача картошка йиғиштириб олади. Тоғ шароитида картошка етиштириш бирмунча мураккаб экани ҳисобга олинса, ғилонликларнинг омилкорлиги таҳсинга сазовор.

Ҳудуднинг табиий иқлим шароити боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш учун жуда қулай. Абдулҳақ Қурбонов ана шу имкониятдан самарали фойдаланаётган тажрибали боғбонлардан. 12 сотихлик боғида 58 туп олма дарахтини парваришламоқда ва улардан мавсумда 5 тоннадан зиёд ҳосил олади. Ҳосилнинг 2 тоннасидан ортиғини сотиб, қолганини ўзи қурган махсус омборхонада келгуси йилнинг июнь ойигача сақлайди.

- Бундай махсус омборхонани оддий пахсадан қурамиз, - дейди Абдулҳақ Қурбонов. - Ҳаво айланиб туриши учун битта кичик туйнук қолдирилади. Мева қутиларга солиниб, омборга жойлангандан сўнг эшиклари ёпилади ва қоронғида сақланади. Шундай қилинса, мева таркиби ва ранги бузилмайди.

Мустақиллик йилларида қишлоқнинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Сув қувурлари тортилиб, аҳоли тўлиқ ичимлик суви билан таъминланди. Замонавий умумтаълим мактаби, Шаҳрисабз ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг Ғилон филиали янгидан қурилди. Бир қанча савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қад ростлади. Деҳқончилик ортидан келган даромад боис уйларга жозиба кираяпти.

Ана шундай деҳқонларнинг, қишлоқ тараққиётининг етакчи кучига айланиб бораётган фермерларнинг саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, қишлоқлар обод бўлиб бораяпти. Туманда маҳсулот етиштириш кўрсаткичлари йил сайин ошмоқда. Масалан, 2000 йилда ҳудудда 8 миллиард 956,8 миллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган бўлса, 2015 йилга келиб бу кўрсаткич 286 миллиард 824,8 миллион сўмликдан ошди. Жумладан, картошка етиштириш 17 минг тоннадан қарийб 42 минг тоннага, сабзавот 29 минг тоннадан 67 минг тоннага, полиз маҳсулотлари 843 тоннадан қарийб 1,7 минг тоннага, мева 7,6 минг тоннадан 20 минг тоннага, узум 6,4 тоннадан 16,6 минг тоннага, гўшт 6 минг тоннадан 13 минг тоннага, сут 32,4 минг тоннадан 75,6 минг тоннага кўпайди.

БОЙИЁТГАН ҲАЙВОНОТ БОҒИ

Истиқлол йилларида туманда ноёб ҳайвонот ва наботот дунёсини асраш, уни янада бойитиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳисор давлат қўриқхонасида жаҳон Қизил китобига кирган бир неча турдаги ҳайвонлар, ўсимликлар кўпаяётгани ҳақидаги хабарлар кишини хурсанд қилади.

Табиатни асрашда аҳоли ўртасида олиб бориладиган  тағибот ишлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳайвонот, ўсимлик оламини асрашда аввало унга яқин бўлиш, уни тушуниш, билиш керак. Писанди маҳалласи ҳудудида барпо этилган ҳайвонот боғи айнан шунга хизмат қилаётгани қувонарли. Бу ер ўзининг чиройи, баҳаво ҳудудда жойлашгани билан барчани ром этишидан ташқари, боғда ноёб ҳайвон ва қушларни асраш, уларни кўпайтиришга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда.

- Шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари бу ерда тарихий осори атиқалар билан танишиши, ҳайвонот оламини кузатиши мумкин, - дейди “Зооцирк” хусусий корхонаси раҳбари Саъдулла Мамадалиев. – Энг муҳими, ҳайвонлар ва қушларнинг сонини кўпайтираяпмиз. Уларнинг ҳозир 70 дан ортиқ тури бор. Биз буни 120 тандан ошириш ниятидамиз. Қолаверса, мавжуд ҳайвонларимиз ва қушларимизнинг болалаётгани бизни ҳам, ҳайвонот боғига келувчиларни ҳам хурсанд қилаяпти. Сал илгарироқ кийиклар болалаганди. Кейин эчкиэмар, кенгуру болалади. Денгиз тошбақаси, тоғ бургути, испан товуси  бола очди. Янги туяқушлар олиб келдик.

ИШБИЛАРМОНГА КЕНГ ЙЎЛ

Тарих ҳақиқати шу: ҳамма жойда ва ҳамма замонларда марказга айланган шаҳарлар аҳолисининг асосий қисми тадбиркорлик ортидан рўзғор тебратган. Аммо собиқ иттифоқ даврида бу тарихий ҳақиқат унутилди. Тадбиркорлик чеклаб қўйилди. Нимадир қилмоқчи бўлганлар чайқовчига чиқарилди.

Шукурки, қалбида доимо тадбиркорликка рағбат сезган шаҳрисабзликлар ҳам истиқлол туфайли тадбиркорлик фаолияти билан эмин-эркин шуғулланиш имкониятига эга бўлдилар. Бугун туманда 1700 дан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, уларнинг 356 таси саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 189 тасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланаётир. 209 таси бунёдкорлик ишлари, 591 таси савдо ва умумий овқатланиш,  бошқалари эса хизмат кўрсатиш, сервис ҳамда ҳунармандчиликка ихтисослашган. Туманда иш билан банд аҳолининг 84,8 фоизи кичик бизнес субъектларида меҳнат қилаяпти.

-Айни пайтда 8 турдаги чанқовбости ичимликлар ишлаб чиқараяпмиз, - дейди “Элмуродов Шаҳзод Шовкатович” хусусий корхонаси иш бошқарувчиси Суннат Раҳимжонов. – Бу ерда 10 киши иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг аксарият қисмини ёшлар ташкил этади. Уларнинг саъй-ҳаракати билан бир кунда 6-8 минг дона атрофида қадоқланган маҳсулотни аҳолига етказиб бераяпмиз.

Суннат Раҳимжоновнинг айтишича, корхонанинг даромади ҳам қилинган меҳнатга яраша яхши бўлмоқда. Бунинг ҳисобидан корхона фаолиятини янада кенгайтириш, ишлаб чиқаришнинг янги, истиқболли тармоқларини ташкил этиш мўлжалланаяпти.

Туманнинг иқтисодий кўрсаткичлари ўсиб боришида бу каби кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг катта ҳиссаси бор. Дейлик, 2000 йилда туманда 9 миллиард 990,5 миллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 48 баробардан ортиқроққа ўсиб, қарийб 485 миллиард 451,3 миллион сўмга етди.

ИЛМУ АДАБ ҚУББАСИ

Амир Темур ўз даврида Шаҳрисабзга кўплаб олиму фузалоларни, шоиру шуароларни, меъморларни тўплаганки, шаҳри Кеш ўшанда бутун Шарқ оламида “Илму адаб қуббаси” деган таъриф билан машҳур бўлган. Истиқлол шарофати билан, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ишлар туфайли бу мақом унга яна қайтмоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий  дастури самараси ўлароқ, туманда 74 та мактаб реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. 13 та янги мактаб, 14 та коллеж ва 1 та академик лицей биноси қуриб битказилди. Уларнинг барчаси энг замонавий ўқув анжомлари билан  жиҳозланди. Туманда 2 та мусиқа ва санъат мактаби фаолият юритмоқда. Битта ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати янги, замонавий бинога эга бўлди.

- Бугун замонавий коллежларда ёшлар касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашлари учун барча имкониятлар яратилган, - дейди Шаҳрисабз иқтисодиёт коллежи директори Завқиддин Рустамов. – Биргина бизнинг коллежни оладиган бўлсак, у 2006 йилда бунёд этилган бўлса, ўтган йили 1 миллиард 426 миллион сўм маблағ эвазига реконструкция қилинди. Коллежда 7, туман бўйича оладиган бўлсак 40 дан ортиқ ихтисослик бўйича кичик мутахассислар тайёрланмоқда. Улар учун барча шароитлар ва қулайликларга эга бўлган устахоналар, амалиёт хоналари ишлаб турибди.

Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ, Шаҳрисабзда мустақиллик йилларида ўнлаб спорт иншоотлари қурилди. Вазирлар Маҳкама­сининг қарори билан кураш мактаби ташкил этилди. Бугун туманнинг қай бир қишлоғи ва маҳалласига борманг, қўша-қўша спорт иншоотларига кўзингиз тушади. Энг муҳими, улар доимо гавжум. Натижада истиқлол йилларида тумандан 20 нафардан зиёд халқаро му­собақа ғолиблари, 300 нафардан ортиқ мамлакат чемпионлари етишиб чиқди.

Ана шундай ғолиб спортчилардан бири Шаҳрисабз технология касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Мирзабек Раупов комбат-айкидо бўйича республика чемпиони.

- Бизга шу даражада яхши шароитлар яратилганки, бундай имкониятлардан унумли фойдаланмасликнинг ўзи мумкин эмас, - дейди у. - Кейинги мақсадим - жаҳон чемпионлиги.

Дарҳақиқат, истиқлол бизга шу қадар кенг имкониятлар бердики, шаҳрисабзликлар бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, барча соҳаларда ўзига хос, залворли ютуқларга эришишмоқда. Бунинг натижасида йил сайин туманнинг кўркига кўрк, тароватига тароват қўшилмоқда. Аҳолининг турмуши тобора фаровонлашиб бораяпти. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар уларни маррани янада баландроқ олишга ундаяпти.

Толиб ТЕМИРОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!