Меню

Қашқадарё

02.08.2018 1584

ШАҲРИСАБЗ ЙИРИК ХАЛҚАРО ФОРУМНИ ЎТКАЗИШГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРМОҚДА

Форумни ўтказиш чоғида Шаҳрисабз шаҳрига дунёнинг 70 мамлакатидан 500 нафарга яқин қатнашчи ва меҳмонлар келади. Ушбу нуфузли тадбирни муносиб ташкил этиш эса алоҳида тайёргарликни талаб этади. Шу маънода мазкур байрамга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳам махсус ҳозирлик кўрмоқда. Бунда чет эллик иштирокчи ва меҳмонларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатишга масъул ходимларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Туризмни ривожлантириш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасидан маълумот беришларича, Халқаро мақом санъати форумини ўтказишга тайёргарлик ишлари доирасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳудудда тегишли штаблар ташкил этилган бўлиб, улар шаҳарнинг туризм инфратузилмасини янада яхшилаш, форум иштирокчилари ва меҳмонларга халқаро стандартлар асосида сифатли сервис хизмати кўрсатилишини таъминлаш учун бевосита жавобгар саналади.

- Яқинда қўмитамиз ҳузуридаги “Сайёҳлик ўқув-консалтинг маркази” билан ҳамкорликда ишларни бошлаб юбордик, - дейди ҳудудий бошқарма мутахассиси Шоҳруҳ Жалолов. – Бунинг учун соҳанинг энг яхши мутахассислари ва экспертлар жалб қилинди. Шаҳрисабз шаҳридаги меҳмонхоналар, ресторанларнинг хизмат кўрсатувчи персоналини ҳамда кўнгилли гидларни ўқитиш бўйича бепул семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Жойлаштириш муассасаларида энг юқори сифат даражасини таъминлаш мақсадида санитар гигиена, муомала маданияти ва хоналарни йиғиштириш қоидалари бўйича назарий ва амалий машғулотлар олиб борилмоқда. Ҳудуддаги тамаддихоналар ходимлари ҳам сифатли иш инвентарига эга бўлган ресторанларда малака оширмоқда. Улар видеороликлар ёрдамида ўқитилаяпти. Машғулотларда кўнгилли гидлар ҳам мулоқот одобидан сабоқ олмоқда, кўҳна шаҳарнинг тарихий ёдгорликлари, муҳим туристик маршрутлари ҳақида зарур ахборотларга эга бўлмоқда.

Қайд этилишича, Халқаро мақом санъати форуми иштирокчилари ва меҳмонларига кенгроқ қулайлик яратиш мақсадида Шаҳрисабзнинг тарихий марказида “Ахборот марказлари” ташкил этилган. Улар нафақат форум, балки шаҳардаги сайёҳлик пунктлари, кафе, ресторанлар, тиббиёт муассасалари ва бошқа кўнгилочар жойлар ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлади.

Асосий тадбирдан бўш вақтда иштирокчи ва     меҳмонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун    Ўзбекистон ошпазлари ассоциацияси томонидан миллий таомлар тайёрлаш бўйича мастер-класслар ташкил этилади. Бундан ташқари, “Чорсу” санъат галереясида миллий либослар намойиши ҳам бўлиб ўтади. Ўзбекистон аэронавтика федерацияси эса ҳаво     шарларида парвозлар амалга оширади. Шунингдек, маҳаллий туроператорлар томонидан тайёрланган   маршрут бўйича зиёратгоҳлар, тоғли ҳудудларга     экскурсиялар уюштириш режалаштирилган.

МИРЖАҲОН

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!