Меню
Қашқадарё
Шаҳрисабз - Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти
Жаҳон ва биз
2024 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти деб эълон қилинган Шаҳрисабз шаҳрида жорий йил 25-26 апрель кунлари ИҲТга аъзо давлатлар вакиллари иштирокида "International folk" фольклор жамоалар фестивали, ёш дизайнерларнинг "Modest fashion show" танлови, "Шаҳрисабз пазандачилик беллашуви", халқаро этноспорт ўйинлари фестивали ҳамда хорижлик ва маҳаллий етакчи рассомлар кўргазмаси ўтказилади.
Маълумки, Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Шаҳрисабз шаҳрининг бой тарихи ва маданий меросини инобатга олган ҳолда 2022 йил 13 декабрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар туризм вазирларининг IV йиғилишида Шаҳрисабз шаҳрига 2024 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти мақоми берилган эди.
Шу муносабат билан бугун бошланадиган нуфузли форумда ИҲТ котибияти раҳбарияти, ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм идоралари раҳбарлари ва мутасаддилари, фахрий меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этадилар.
Тадбир доирасида ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм соҳаси расмийлари иштирокида икки ва кўп томонлама учрашувлар бўлиб ўтади. Унда соҳани ривожлантириш йўлида ўзаро тажриба алмашиш, мавжуд муаммоларнинг ечимларини муҳокама қилиш, туризм инфратузилмасини яхшилаш, экотуризм, этнотуризм ва бошқа йўналишларда имкониятларни ишга солиш, туризм тадбиркорлиги, шу жумладан, ёшларнинг фаоллигини ошириш ва соҳадаги ютуқларни тарғиб қилиш борасидаги чора-тадбирларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Туризм қўмитаси томонидан ташкиллаштирилаётган мазкур форумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши дунё жамоатчилигининг эътиборини ўзимизга қаратиш билан биргаликда мамлакатнинг туризм имкониятларини кенг тарғиб этиш йўлида муҳим аҳамиятга эга.
Ўз мухбиримиз