Меню

Қашқадарё

26.04.2024 4802

Шаҳрисабз – ИҲТ пойтахти меҳмонларни ўзига ром этмоқда

“Шаҳрисабзнинг маҳобатли архитектураси, жўшқин маданияти ва ҳайратланарли манзаралари Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг бебаҳо дурдонасига айлантиради”.

“Шаҳрисабз – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” халқаро тадбири ИҲТ Бош котиби Ҳусрав Нозирининг юқоридаги эътирофидан бошланди.

-  Ўзбекистоннинг қоқ марказида жойлашган Шаҳрисабз ўзининг қадимий деворлари ичида тарих ва улуғворлик хазинасига эга, - деди   Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби  кеча кўҳна Кешда мазкур тадбирга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида. - Бугун барчамиз муҳим бир воқеани нишонлаш учун йиғилган эканмиз, келинг, туризм Ўзбекистон ва унинг аҳолиси учун чексиз салоҳиятга эга эканлигини тан олайлик.

Ўз навбатида Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев бу халқаро анжуман доирасида ташкил этиладиган тадбирлар ИҲТга аъзо давлатлар ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириши, жумладан, туризм соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишини таъкидлади.

ОАВ вакиллари билан мулоқотдан сўнг халқаро анжуман иштирокчилари Шаҳрисабз шаҳри тарихий майдони бўйлаб саёҳатга таклиф қилиниб, XIV-XV асрларда бунёд этилган “Дорут тиловат”, “Дорус саодат” мажмуалари билан танишишди ва майдондаги ҳар бир иншоот ҳақида батафсил маълумотлар олишди. Шунингдек, меҳмонлар тарихий майдонда вилоятимиз шаҳар ва туманларининг туризм имкониятларини ўзида акс эттирган кўргазма ва стендларни кўздан кечириб, фольклор жамоаларининг бутун тарихий майдон бўйлаб  чиқишларини томоша қилишди.

Анжуман доирасида Ҳунармандлар маркази ҳудудида “Шаҳрисабз пазандачилик беллашуви” деб номланган гастрономик фестиваль ўтказилиб,  30 дан ортиқ ошпазлар ўз мамлакатларининг энг сара миллий таомларини тайёрлаб, меҳмонлар ва маҳаллий аҳоли вакилларига  тақдим этишди. Тадбир иштирокчилари уларни таътиб кўриб, ошпазлар маҳоратига баҳо беришди. Пазандачилик беллашувининг ғолиб ва совриндорлари кечқурун ташкил этилган маданий тадбир чоғида тақдирланди.  

Шунингдек, кеча ИҲТга аъзо давлатларнинг энг нуфузли рассомлари “пленэр”и (очиқ осмон остида тасвирий санъат асарлари яратиш) натижаларига бағишланган кўргазмасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, жорий йил 27 март – 6 апрель кунлари Туризм қўмитаси Покистон, Эрон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон рассомлари учун Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларига саёҳат уюштирган эди. Шу жараёнда ижодкорлар мамлакатимиз бой тарихи, маданияти, маданий мероси, уфр-одатлари, миллий ҳунармандчилиги, гастрономияси ва туризм салоҳияти, шунингдек, мамлакатимизнинг энг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишиб, кўплаб асарлар яратишган. Ушбу асарларнинг 40 дан ортиғи анжуман доирасидаги кўргазмада намойиш этилмоқда.

“Шаҳрисабз – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” халқаро тадбири давом этмоқда.

Ўз мухбиримиз

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!