Меню
Қашқадарё
ҚЎША ҚАРИШ САОДАТИ
Нуронийлар эъзозимизда
Қарши шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласида яшовчи 84 ёшли Туроп Тиловов фаровон турмушга шукрона айтиб яшаётган ажойиб инсонлардан. У турмуш ўртоғи Муҳаббат Мардонова билан 55 йил бирга яшаб, фарзандлари, набираларини олий маълумотли қилиб, эл корига ярайдиган, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашди. Туроп Тиловов айни пайтда ҳам Қарши давлат университетида ёш авлодга сабоқ бериб келмоқда.
Вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида вилоятда ҳурмат ва обрўга эга, 50, 60, 70 йил ва ундан зиёд вақт бирга умргузаронлик қилиб, оила аталмиш қўрғонни муқаддас санаган, фарзанд тарбиясида бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган мўътабар отахон ва онахонлар учун ташкил этилган “Олтин тўйинг муборак!” деб номланган тадбирда Туроп Тиловов оиласи сингари 22 та оила қатнашди.
– Янги лойиҳани ташкил этишдан мақсадимиз, энг аввало, кексаларимизнинг кўнглини олишдан иборат, - дейди лойиҳа ташаббускори, Қарши шаҳар "Нуроний" жамоатчилик кенгаши раиси Н.Ҳамзаев. - Бундан ташқари, бу каби маданий-маърифий тадбирларни ёшлар тарбиясидаги аҳамияти ўзгача. Ёшлар онг-шуурида қўша қариш саодати нақадар лазиз туйғу экани ҳақидаги тушунчаларни шакллантиради.
Тадбир давомида кекса отахон ва онахонлар ўз ҳаёт йўлларидаги қийинчиликлар, эришган муваффақиятлари ҳақида сўзлаб беришди. Учрашув якунида ҳар бир оилага ташаккурнома, эсдалик совғалари ва 600 минг сўмдан пул мукофоти топширилди.
- Кексалари эъзоз топган юртнинг келажаги ҳам обод бўлади деганларидек, биз – нуронийлар жамиятда таркиб топаётган эзгу амалларни мустаҳкамлаш, уларни ёшлар қалбига сингдириш учун ўз бурчимизни ўтамоғимиз лозим, - дейди Туроп Тиловов. - Инсон тарбияси йўлида ишончга лойиқлик - энг катта бахт!
Шоҳиста БОЗОРОВА