Меню

Қашқадарё

29.05.2020 1587

ШАҲАРДА ВАҚТ ТЎХТАБ ҚОЛГАНМИ?

Қарши куранти негадир бонг урмай қўйди

Баландлиги қарийб 30 метрга тенг Қарши куранти барпо этилганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, Мустақиллик шоҳкўчаси ва Ислом Каримов кўчаси кесишмасида жойлашган бу ноёб иншоот аллақачон вилоятимиз марказининг, қолаверса, бутун Қашқадарёнинг ўзига хос рамзига айланиб улгурган.

Соатлари дунёнинг тўрт томонига қаратилган нақшинкор оқ минора устида доимо Ўзбекистоннинг улкан байроғи ҳилпираб туришида ҳам чуқур мазмун-моҳият мужассам. Бу, бир томондан, бутун жаҳонга очиқлигимиз ва тенг ҳамкорлик қилишга тайёрлигимизни билдирса, иккинчи томондан, барча қашқадарёликларни ҳам тўғри, ҳам кўчма маънода ўз соатларини Қарши курантига қараб тўғрилаб олишга, замон билан ҳамнафас бўлишга чақиради. 

Бироқ мана бир неча ҳафтадирки, Қарши куранти тўхтаб қолган ва аниқ вақтни эмас, балки доимо 5-10 дақиқа кам (ҳар тарафида ҳар хил) соат 7 ни кўрсатиб турибди. Иншоотнинг вақти-вақти билан бонг уришини-ку кўпчилик эсидан ҳам чиқариб юборган, ваҳоланки, аввал курантнинг жарангдор оҳанги Қаршининг ҳатто энг чекка ҳудудларида ҳам эшитилиб турарди.

Албатта, ҳамманинг қўлида мобиль телефон бор, соат неча бўлганини аниқлаш муаммо эмас. Аммо рамзий маънода курант ўрнатиб қўйиб, у қандай ишлаётгани билан қизиқмаслик қайси мантиққа мос келади? Боз устига соатни тўғрилаб қўйиш у қадар мушкул, катта маблағ ва қандайдир йиғилишлару чора-тадбирлар талаб қиладиган юмуш эмас. 

Энг қизиғи, бу иншоот вилоят ва шаҳар ҳокимликлари биносининг шундоққина биқинида жойлашганки, балки масъуллар "сен қил, мен қил" қабилида "баҳс"га киришмаганмикан, деб ўйлаб қоласан. Нима бўлганда ҳам ажойибу ноёб курантимиз айни пайтда жуда кулгили бир алфозда турибди...

БОБУРБЕК олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!