Меню
Қашқадарё
ШАҲАР, ТУМАН ВА МУАЙЯН ҲУДУДНИНГ МАСТЕР-РЕЖАСИ
У қай мақсадларда ишлаб чиқилади ва нималарга эришиш имконини беради?
Долзарб шарҳ
Вилоят ҳокимининг жорий йил 11 ноябрдаги фармойишига биноан Қарши шаҳри, Қамаши ва Шаҳрисабз туманларининг мастер-режалари ишлаб чиқишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Маълумки, шу йил 7 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида хизматлар кўрсатишни ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, унда, жумладан, хорижий консалтинг компаниялари ва экспертларни жалб қилиб, 28 та шаҳар ва хизмат салоҳияти юқори 10 та туманнинг мастер-режаларини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам қўйилган эди.
Мастер-режа - янги режалаштириш воситаси
Мазкур вазифа ва республика ҳукуматининг тегишли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимиз раҳбари фармойиш чиқариб, Қарши шаҳри, Қамаши ва Шаҳрисабз туманларининг мастер-режаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш бўйича лойиҳа офислари таркиблари ҳамда техник топшириқларни тасдиқлади.
Шунга кўра, вилоят марказида лойиҳа офисига Қарши шаҳар ҳокими, Қамаши ва Шаҳрисабзда эса туман ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари раҳбарлик қилишади. Шунингдек, лойиҳа офислари таркибига тегишли ҳокимликлар, молия, инвестициялар ва ташқи савдо, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, қурилиш бўлимлари, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари, давлат солиқ инспекциялари ва кадастр палаталари бошлиқлари, ҳудудларга республикадан бириктирилган банкларнинг масъул ходимлари ҳамда тижорат банклари шаҳар ва туман филиалларининг раҳбарлари, бошқа мутасаддилар киритилди.
Фармойишнинг тегишли иловаларида қайд этилишича, мастер-режа бу юртимизда ҳукумат томонидан жорий қилинаётган янги режалаштириш воситаси бўлиб, ундан иқтисодий ривожланиш имкониятларини аниқлаш, ердан самарали фойдаланишни рағбатлантириш, уйғун шаҳарсозлик режаларини яратиш, давлат инвестицияларига аҳамият бериш ва хусусий секторни жалб этишни рағбатлантириш борасида мослашувчан ҳужжат сифатида фойдаланилади.
Маҳаллий даражада мастер-режалар хусусий сектор томонидан иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлаб, ҳудуд аҳолисининг ижтимоий фаровонлиги ва ҳаёт сифатини яхшилашга ҳисса қўшиши ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этиши кутилмоқда. Шу йўл билан ҳукумат барқарор шаҳарсозликни рағбатлантиришни режалаштирмоқда.
Мастер-режалари ишлаб чиқиладиган ҳар бир шаҳар ва туманда лойиҳа ҳудуди танланди. Қарши шаҳрида бу Отчопар ва Бунёдкор маҳалла фуқаролар йиғинлари бўлса, Шаҳрисабз туманида Мираки (яъни Мираки, Улоч ва Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғинлари), Қамаши туманида Катта Ўра (яъни Катта Ўра ва Кўкбулоқ маҳалла фуқаролар йиғинлари) ҳудудларидир.
Таҳлил, баҳо, концепция, ҳисоб-китоб, харита ва участка паспорти
Мастер-режаларни ишлаб чиқиш орқали бир қатор мақсадларга эришиш кўзланмоқда. Авваламбор, хизмат кўрсатиш соҳасига эътибор қаратган ҳолда танланган шаҳар ва туманлар, шунингдек, лойиҳа ҳудудларини ривожлантириш учун энг яхши салоҳиятга эга бўлган иқтисодий фаолият турларини аниқлаш мўлжалланаяпти. Шунингдек, манфаатдор томонлар, хусусан, маҳаллий ҳокимият, хусусий сектор ва фуқаролик ташкилотлари билан умумий тасаввурларни, мақсадларни яратиб, уларга эришиш учун қандай давлат ва хусусий инвестициялар зарурлигини аниқлаш режа қилинган. Айни пайтда ушбу инвестицияларнинг мувофиқлаштирилган тарзда амалга оширилишини таъминлайдиган ҳудудий мастер-режаларни ишлаб чиқиш, жумладан, техник-иқтисодий асослаш, амалга ошириш босқичлари ва бошқаларни белгилаш мумкин бўлади. Бундан ташқари, хусусий сектор томонидан ривожлантириладиган ер участкаларини аниқлаб, улардан фойдаланиш йўналишлари ва қўйиладиган талаблар қўлланилишини аниқ кўрсатиш ҳам мақсад қилинган.
Мастер-режалар 2022-2026 йилларда амалга оширилиши назарда тутилган бўлиб, кўзланган мақсадларга эришиш учун ҳар бир лойиҳа доирасида қуйидаги олтита асосий вазифани уддалаш лозим бўлади.
Биринчиси - шаҳар ёки туманнинг ҳозирги аҳволини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа ҳудудининг жорий ҳолати (ердан фойдаланиш, иқтисодиёт, инфратузилма ва атроф-муҳит)ни таҳлил қилишдан иборат.
Иккинчиси - иқтисодий ривожланиш, яъни лойиҳа ҳудудида турли иқтисодий фаолият турлари (хизматлар, савдо, туризм, ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш) салоҳиятини баҳолаб, имкониятлар ва муаммолар аниқлашни талаб этади.
Учинчиси - маҳаллаларни ривожлантириш тасаввурлари ва мақсадлари, яъни лойиҳа ҳудудларини келгусида ривожлантириш учун маҳаллий манфаатдор томонлар билан келишган ҳолда, уларнинг таклифлари асосида маҳаллаларни ривожлантириш концепциясини - мастер-режасини ишлаб чиқишга қаратилади.
Тўртинчиси - таклиф этилаётган инвестиция лойиҳалари, яъни хусусий секторни жалб қилиш салоҳиятига эга бўлган инфратузилма ва лойиҳаларга давлат томонидан зарур инвестицияларни аниқлаб, ушбу лойиҳалар учун талаб этиладиган давлат ва хусусий инвестициялар ҳамда лойиҳалар ҳажмини, шунингдек, кутилаётган ижтимоий-иқтисодий натижаларни, фойда (янги иш ўринлари, иқтисодий ўсиш)ни ҳисоблаш каби муҳим жараёнларни қамраб олади.
Бешинчиси - ердан фойдаланиш билан мастер-режа харитаси, яъни инвестиция лойиҳаларининг (ҳам давлат, ҳам хусусий) жойларини кўрсатадиган (ҳудудга монанд) ердан фойдаланиш режасини тузиш ва архитектура кўрсатмалари ва батафсил дизайнларни яратишдан иборат.
Олтинчиси - ер участкаларини аукцион орқали сотишда фойдаланадиган участка паспортларини ишлаб чиқиб, уларда қайси ер участкаларини хусусий секторга сотиш мумкинлиги ва ҳар бир ер участкасида функциялари (зоналарга ажратиш) ва қурилиш ҳажми бўйича нималарга рухсат берилиши, қандай экологик чекловлар (мавжуд бўлса) қўлланилишини белгилашни назарда тутади.
Хорижий компанияларнинг энг яхши таклифлари танлов асосида сараланади
Вилоят ҳокимининг фармойиши билан Қарши шаҳри, Қамаши ва Шаҳрисабз туманларининг мастер-режасини ишлаб чиқиш учун хорижий компанияларнинг энг яхши таклифларини танлаш бўйича танлов комиссиясининг таркиби ҳам тасдиқланиб, унинг зиммасига комиссия ишини шаффоф тарзда ташкил этиб, техник топшириқларни Ўзбекистонда мастер-режалар ишлаб чиқиш бўйича амалий тажрибага эга, хизматлар соҳаси ривожланган мамлакатлар, жумладан, Туркия, Жанубий Корея каби давлатларнинг консалтинг, архитектура ва лойиҳа компаниялари ўртасида эълон қилишга кўмаклашиш вазифалари юклатилди. Шунингдек, мазкур комиссия хорижий компаниялардан келиб тушган таклифларни ўрганиб чиқиб, улардан энг яхшиларини аниқлагач, қонунчиликка мувофиқ танлов ғолибларини эълон қилиши ва улар билан шартномалар тузиш чораларини кўриши даркор.
Лойиҳалар бўйича буюртмачи этиб вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси белгиланиб, унга лойиҳалар офислари билан биргаликда техник топшириқларни эълон қилиш ва уларни экспертизадан ўтказиш учун юбориш вазифаси қўйилди.
Техник топшириқларда кўрсатилган муддатларга қараганда, Қарши шаҳри, Қамаши ва Шаҳрисабз туманларининг мастер-режаларини ишлаб чиқиш лойиҳалари уч ярим ой муддатда, яъни 2023 йил 1 мартгача якунланиши кутилмоқда.
Биродар АЗИЗОВ тайёрлади.