Меню

Қашқадарё

16.03.2021 1498

Шаҳар ҳокимлигида иш ўрганаётган фуқаро жиноятга қўл урди

Шу йилнинг 4 февраль куни 26 ёшли Р.М. Қарши шаҳар ҳокимлиги биносида икки аёл – 46 ёшли Д.Б. ва 37 ёшли Д.А.га ўзини ҳокимликнинг мурожаатлар бўлими ходими деб таништиради ва бошланғич тўлови тўланмайдиган, кам таъминланган фуқароларга имтиёз асосида бериладиган уй-жойлар олишда ёрдам беришини айтади.

Фақат қуруққа эмас. Ёрдам эвазига ҳар бир фуқародан 500 АҚШ долларидан жами 1000 доллар пулни рўйхатга олинганликлари учун давлат божи тўлови сифатида, дея алдов йўли билан олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади.

ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабарига кўра, олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, Р.М. ҳеч қаерда ишламаганлиги сабаб, шаҳар ҳокимлигида жамоат ишларига ёрдам бериш мақсадида жалб қилиниб, иш ўргатилаётгани, мурожаатлар бўлимига келган фуқароларнинг нозик муаммоларини билиб олиб, осон пул топиш мақсадида ушбу жиноятни содир қилганлиги  аниқланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Р.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва у процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Ўйлаб қоласан киши: ҳали буйруғи чиқмай туриб эҳтиёжманд аёллардан минг доллар ундиришга улгурган ушбу кимса, яхшиямки, ҳокимликда доимий ёки масъул лавозимда ишламас экан. Акс ҳолда...

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!