Меню

Қашқадарё

14.09.2021 1240

ШҲТга аъзо давлатлар сони яна биттага кўпаяди

Эрон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га қўшилади, бу борадаги ташкилий жараёнлар бошлангани ҳақида тузилманинг яқинда Тожикистонда ўтказиладиган навбатдаги саммитида эълон қилиниши кутилаяпи, дея хабар беради "Коммерсант" нашри.

"Эрон ШҲТга тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб киришигача бўлган жараённинг ўзи бир қанча вақтни олиши мумкин. Бунинг учун расмий Деҳли ва Исломобод қарийб икки йил вақт сарфлади. Аммо, жараён расман бошланганининг ўзиёқ катта қадам эканлиги факт. Бинобарин, Эрон ўн йилдан ортиқ вақт давомида ташкилот билан ҳамкорлик алоқаларини давом эттириб келаяпти", дейилади нашр эълон қилган мақолада.

ШҲТ саммити 16-17 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади.  Айни вақтда Ўзбекистон, Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон ва Тожикистон ташкилотнинг расмий аъзолари ҳисобланади.

Россиянинг Эрондаги элчиси Леван Жагарян аввалроқ РИА Новостига берган интервьюсида Москва расмий Теҳроннинг ШҲТга тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб кириши бўйича топширган аризасини қўллаб-қувватлашини, негаки, руслар ва ушбу форс кўрфази мамлакати қарашлари қатор халқаро ва ҳудудий масалаларда ҳамоҳанг эканлигини баён қилганди.

Эрон ШҲТга аъзо бўлиб кириш бўйича 2008 йилдаёқ ариза топширган эди, лекин мамлакат ташкилотга қўшилиши масаласида ҳамон ноаниқликлар сақланиб қолаяпти. Расмий Теҳрон мурожаати шунча узоқ вақт давомида кўриб чиқилишига собиқ президент Маҳмуд Аҳмаденажот даврида мамлакатда ядро дастурини ривожлантириш бошлангани ва бунга жавобан Эрон халқаро санкциялар таъсирига тушгани асосий сабаб бўлди.

Жорий йилнинг апрель ойида Вена шаҳрида Эрон ядро битими бўйича тарафлар (Эрон, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия)нинг олти раундли музокаралари бўлиб ўтганди. Аммо келишув шартлари ҳамон тиклангани йўқ. 5 августда эса форс кўрфази мамлакати президенти Иброҳим Раиси расмий Теҳрон Америка санкцияларини бекор қилишга хизмат қиладиган ҳар қандай дипломатик амалиётга тайёр эканини маълум қилди. Бунинг ортидан АҚШ давлат департаменти ҳам Вена музокараларига қайтишга тайёрлигини айтди ва Эрон расмийларини ҳам шунга чақирди.

Эслатиб ўтиш ўринли, АҚШ Дональд Трамп президентлиги даврида Эрон билан тузилган ядро битимини тарк этганди.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!