Меню
Қашқадарё
ШҲТ: барча аъзо давлатлар раҳбарлари Самарқанд саммитида иштирок этади
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо саккиз мамлакатнинг барчаси ўз давлат раҳбарлари сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган саммитда иштирок этишини тасдиқлади, бироқ тадбир форматига ҳозирча аниқлик киритилмаган, дея маълум қилди тузилма бош котиби Чжан Мин матбуот анжуманида.
"Айни вақтда ШҲТга аъзо барча давлатлар ўз раҳбарларининг Самарқанддаги саммитда иштирок этишини тасдиқлади. Тадбир иш форматига келсак, томонлар анча самарали ҳисобланган анъанавий кўринишдаги учрашувга қайтиш имкони бўлишига умид қилмоқда", деган Чжан Мин Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин саммитга шахсан боришига оид саволга жавоб берар экан.
Саммитни ўтказиш формати ҳақида гапирар экан, бош котиб шунингдек, барча томонлар коронавирус пандемияси билан боғлиқ хавфни яхши англашини ҳамда айни вақтда у аниқ прогнозлар бера олмаслигини, бироқ тузилмага аъзо, кузатувчи мақомидаги ва ҳамкор мамлакатларда бевосита юзма-юз мулоқотга етарлича ижобий интилиш-иштиёқ борлигини қайд этган.
ШҲТ - минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига 2001 йилда олти мамлакат - Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой ва Россия давлатлари раҳбарларининг Шанхайда ўтган учрашувида асос солинган. 2017 йилда унга Покистон ва Ҳиндистон ҳам аъзо бўлиб кирди. Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Муғилистон халқаро ташкилотда кузатувчи мақомига эга, Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка эса ҳамкор давлатлар ҳисобланади. Тузилманинг 2021 йил сентябрда Душанбеда бўлиб ўтган саммитида Эронни аъзоликка қабул қилиш ва Миср, Қатар ва Саудия Арабистонига мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш жараёнлари бошланган эди.