Меню
Қашқадарё
"ШЎРТАН" КОНИДА КУНЛИК 80 МИНГ КУБ МЕТР ТАБИИЙ ГАЗ ВА 2 ТОННА ГАЗ КОНДЕНСАТИ ОЛИНАДИГАН ҚУДУҚ ЎЗЛАШТИРИЛДИ
Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли "Шўртан" газконденсат конидаги қудуқда бурғулаш ишлари тугатилиб, 2945-2756 метр оралиғига фильтр туширилди. Бу ҳақда "Ўзбекнефтгаз" АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, қудуқни ўзлаштириш ишларидан сўнг, кунлик 80 минг куб метр саноат миқёсидаги табиий газ ва 2 тонна газ конденсати қазиб чиқарилишига эришилган.
"Ўзнефтгаз бурғулаш ишлари" МЧЖ томонидан олиб борилган бурғулаш ишлари тугатилиб, ҳозирда ушбу қудуқ устини жиҳозлаш, уни газ коллекторига қўшиш ишлари бажарилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу қудуқ "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг 2020 йилда ўз кучи билан бурғулаб, ишга тушириши кўзда тутилган 20 та қудуқдан бири ҳисобланади.
Жорий йилнинг 20 июнь куни эса Талимаржон-12 янги қудуғида углеводородлар ҳажмини ошириш бўйича замонавий технологияларни қўллаган ҳолда комплекс ишлар якунланган. Қудуқнинг сермаҳсул оралиқларида мульти-ГРП амалиёти ўтказилиши натижасида газнинг кунлик оқими 50 фоизга ошди. Бу хусусида EPSILON матбуот хизмати хабар бермоқда. Қайд этилишича, 31 май куни мазкур янги қудуқ синовдан ўтказилганида ундан очиқ стволдаги кунлик дебити 200 минг куб метрга тенг бўлган газнинг саноат миқёсидаги оқими олинган эди.
Барча ишлар санитария-эпидемиология талаблари ҳамда экология мезонларига қатъий амал қилинган ҳолда олиб борилиб, қазиб олинаётган углеводород аҳоли эҳтиёжи учун мамлакат ички бозорига юборилаётгани таъкидланган.