Меню
Қашқадарё
СЕРХАРАЖАТ ТЎЙ ЭМАС, ГЎЗАЛ ТУРМУШ МУҲИМ
Бироқ бугунги тўйларимизда урф бўлган ҳолатлар, хўжакўрсинга қилинадиган олди-бердилар ёки “одамлар гапиради” қабилидаги мулоҳазалар йўлида кетадиган сарф-харажатлар амалда келин ва куёв томоннинг тинка-мадорини қуритиб, бурнидан тортса йиқилгудек ҳолга келтириб қўяди. Лекин халқ орасидаги “обрўни сақлаш керак”, “кўпи кетиб ози қолди”, “қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидайди” ёки “ҳа энди, тўй бир кунда ўтади-кетади-да” каби “мақол” ва таскин берувчи сўзлар билан ўзимизни юпатамиз. Аслида-чи, бу юпатишларимизнинг нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам сариқ чақалик фойдаси йўқлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Агар бирорта насиҳатгўй тўғри маслаҳат бериб, ёрдам қўлини чўзадиган бўлса, “Насиҳатинг ўзингга сийлов, бошингга тушганида кўрамиз қандай тўй қилишингни” деб жеркиб берамиз.
Ҳақиқатни тан оладиган бўлсак, ушбу бидъату хурофотлар ҳамманинг жонига тегиб, гўёки пичоқ бориб суякка тақалгандай. Аммо улардан қутулиш учун гўёки ҳеч қандай чора, нажот йўқдай. Ўзимиз тўқиган бидъату хурофот тўрларига ўзимиз ўлжа бўлиб тушаяпмиз. Бундан ким фойда кўраяптию, ким эса зарар, ўйлаб кўрмаймиз.
Яқинда бир воқеани эшитдим. Икки оила никоҳ тўйигача бўлган барча расмиятчилигу олди-бердиларни ниҳоясига етказиб, тўй қачон ва қаерда бўлишигача ўзаро маслаҳатлашиб олишибди. Обрўли оилалар бўлганлиги боис энг ҳашаматли ва катта тўйхоналардан бирини танлашибди. Тўйхона бир пайтнинг ўзида 700-750 меҳмонни ўз бағрига сиғдира оларкан. Наҳорда келин томон ош берибди. Куёв тараф қудадан наҳорга бериладиган ош зиёфатига неча киши бўлиб келишларини сўрабдилар. Қуда эса 200 киши атрофида бўлишларини айтган. Одатдагидек эрта тонгда карнай-сурнай садолари остида ҳашаматли тўйхонага кираверишда ўнлаб “ҳассакаш”лар дарёдек оқиб келаётган меҳмонларни ҳурсандчилик билан кутиб олишаяпти.
Тўйхонанинг олдидаги майдонда эса, бирин-кетин келаётган қуда тарафнинг меҳмонлари жамланишмоқда. Улар бир жойга тўпланаркан, тобора ададлари ҳам кўпайиб бораётганлиги маълум бўлиб қолади. Бу эса ўз ўрнида мезбон тарафни ташвишга сола бошлайди. Тўғри-да, келишувга мувофиқ жой тайёрланган. Мезбоннинг ташвиши тўғри чиқади. Қуда тараф кўп эмас, кам эмас, нақ 500 киши бўлиб келишибди. Ноилож мезбон тезлик билан ўзининг тарафидан бўлган меҳмонларга узр айтиб, уларнинг жойларига қуда тарафдагиларни қабул қилибди.
Энди тўйхонада қандай ҳолат юзага келганини бир тасаввур қилиб кўринг-а? Шу билан ҳаммаси якунига етса қанийди. Никоҳ валимаси ниҳоялангандан кейин тўйхона олдидаги майдонда қуда тарафдагиларга чопон кийдириш маросими бошланибди. Мезбон қуда тишини тишига қўйиб, бу расмиятчиликни ҳам қойиллатиб адо этибди. Лекин кўнглига тугиб қўйган бир мулоҳазани қуда бўлмишга айтмасам бўлмайди деган ўйда: “Қуда, бу меҳмонларнинг кўпроқ келишини олдиндан айтиб қўймабсиз-да, шунга яраша тайёргарлик кўриб қўяр эдик, хижолатвозлик бўлмас эди” дебди. Қуда эса жавобан: “Бу тўй қилишни чидаганга чиқарган” деб терс жавоб берибди. Бундай гапни кутмаган мезбон атрофда турганларга мурожаат қилиб, “Қўлларингизни дуога қўтаринглар, бугун берилган ош эҳсон, тўй эса бекор қилинди. Омин!” дермиш.
Албатта, димоғдорлик билан, ўйламай айтилган бир сўз фарзанди бахтига чанг солиб, қолаверса бировнинг қалб шишасини синдиргани ва бу тиғ билан жароҳатлашдан ҳам ёмон эканлиги маълум. Қуда томон қанча одам боришини айтди, бироқ кўпайлашиб келди. Чунки шунга ўрганиб қолинган. 50-100 киши билан тўй қилиш негадир мумкин эмасдай туюлади кўпчилигимизга.
Ҳадиси шарифларда айтилишича, Абу Шуъайб исмли бир киши ўзининг қассоб ходими олдига келиб:
“Менга беш кишилик таом тайёрлаб қўй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида очликни кўрдим”, деди.
У таомни тайёрлади. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб, у зотни ва бирга ўтирганларни даъват қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб жўнаганларида, даъват қилинган пайтларида бўлмаган бир киши ҳам уларга эргашди. Расулуллоҳ эшик олдига етиб келганларида манзил соҳибига:
“Сен бизни даъват қилганингда биз билан бўлмаган киши бизга эргашиб келди. Агар изн берсанг киради”, дедилар.
“Батаҳқиқ, унга изн бердик, кираверсин”, деди у”.
Яна бир хонадонда катта тантана, хурсандчилик, қўни-қўшни, таниш-билиш – ҳамма хурсанд, айниқса аёллар чуқур энтикиш билан “Бизга ҳам шундай қўшалоқ келин тушириш насиб этсин”, деб орзу қилишган, баъзилар эса ҳадикда. Тўғри-да, ҳозирги кунда битта келинни қабул қилиб олиб, кўнгилдагидек ҳаёт кечириб кетаётганларнинг ўзи камчил, аммо бирданига икки келинни тушириб олиш машмашаси ҳам албатта ўзига яраша.
Ҳеч кимга сир эмас, халқимизнинг “ажойиб” бидъату хурофотларидан бири – келин томон куёвнинг бир неча хонадан иборат бўм-бўш, “яланғочлаб” қўйилган уйини безатиб, жиҳозлаб, тўлдириб беришидир.
Хонадон эгалари қўш келин тушираётганлиги учун “адолат” билан ҳар иккала келин тарафдагиларга бир хил шароитли, яъни чор девордан бошқа ҳеч нарсаси йўқ бир неча хонани кўрсатишибди. Никоҳ тўйига 10-15 кун қолгунича ҳар иккала келин тарафдагилар бир неча йилдан бери йиғиб келган сарпо-суруғ, турли уй жиҳозлари, мебеллар, гиламлар, кўрпа-тўшаклар, қисқаси, деворнинг бирор жойи очиқ қолмайдиган даражада безатишган.
Кейин буларнинг барчаси “текшириладиган” кун етиб келади. Буни кўпинча “мол ёки сеп ёяр” деб аташади. Бу кунда барча нарсани одатда “бош ҳакам” – қайнона ҳал қилади. “Ҳайъат аъзолари” эса қавму қариндош ва қўни-қўшнидан иборат бир гуруҳ ғийбатчи аёллардир.
Улар бир овоздан катта келиннинг сепини зўр деб топиб, кичик келинга нисбатан ҳақоратли сўзлар “гулдастаси”ни отишибди. Эмишки кичик келиннинг сепидаги барча нарсалар ўзимизники, “импортний” ҳеч нарсаси йўқ экан.
Натижа шу билан тугайдики, кичик келин томон кўч-кўронини кўтариб тўйни бекор қилиб кетишган. Қайнона бўлмиш юзага келган вазиятдан ташвишланиш ўрнига катта ўғлимникидек бой қуда топаман, дермиш.
Бироқ катта ўғлининг қайнона-қайноталари виждонли, иймон-инсофли кишилар экан. Қайнона ва “ҳайъат аъзолари” тарафидан чиқарилган “ҳукм”дан норози бўлишиб, агар ҳамма нарса мол-дунё билан ўлчанадиган бўлса, биз ҳам бундай оила билан қуда-анда бўла олмаймиз дейишибди.
Юқоридаги воқеалар тушда ёки бошқа маконда содир бўлаётгани йўқ, азизлар. Шундоққина ёнимизда, баъзан иштирокимизда рўй бермоқда. Кўпчилигимиз бунга кўникиб, ўрганиб ҳам қолдик.
Мисоллардан кўринадики, тўйга хос ортиқча харажат талаб этадиган кўп янги “удум”лар ёши катталар “ташаббуси” билан чиқмоқда. “Мен сендан камми” қабилида иш тутиш серхаражат тўйларга сабаб бўлаётир. Аслида чиройли тўйдан кўра гўзал турмуш муҳим эмасми?! Бугун қўша қариб, невара-чеваралари қуршовида ҳақиқий бахтни ҳис этиб яшаётган бобо-момоларимизнинг тўйи жуда камчиқим, оддий, содда бир тарзда ўтган-ку. Шу билан улар бахтсиз бўлиб қолганлари ҳам йўқ. Қайтага борини тўкиб-сочиб, исроф қилишга эмас, болаларининг келажагига сарфлашган ва асло ютқазишмаган.
Агарда ҳамма ота-оналар ҳам ўз фарзандлари тўғрисида, уларнинг келажаги, оилавий ҳаёти ҳақида тўғри қарор қабул қилганларида эди, кўплаб нохушликлар мутлақо бўлмас эди. Қолаверса, бу ишлар фақат ота-оналаргагина тегишли эмас, балки барча мўъмин-мусулмонларга омматандир. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир”, дедилар”. Тўйдаги ҳаддан ошишларда ана шу ҳақиқатни эсдан чиқармаслигимиз керак.
Исҳоқжон БЕГМАТОВ