Меню

Қашқадарё

11.05.2018 1833

СЕРИАЛ ТУРИЗМ РЕКЛАМАСИ БЎЛА ОЛАДИМИ?

Бу борада юртимизда ҳам жиддий иш олиб борилаяпти. Ўз навбатида хорижлик сайёҳга кўрсата оладиган нарсамиз – қадимий ёдгорликларимиз, шарқона ҳаёт тарзимиз, гўзал урф-одатларимиз, миллий таомларимиз ва ҳунармандчилик анъаналаримиз кабилар бор. Ушбу устунлигимиз мамлакатимизда туризм индустриясини иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айлантиришга тўла имкон беради. Аммо сайёҳларни жалб қилишда яна бир таъсирчан восита ҳам мавжудки, биз уни тўла ишга сололганимиз йўқ. Гап тарихий сериаллар ҳақида бораяпти.

Кимдир айтиши мумкин, чет эл телеканаллари вақти-вақти билан мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти ҳақида махсус кўрсатувлар тайёрлаб, жаҳон оммаси эътиборига ҳавола этаяпти, бундан ташқари, интернет тармоғи орқали фаол тарғибот олиб борилмоқда, хорижда ўтаётган туристик кўргазмаларда мунтазам иштирок этаётирмиз, шунинг ўзи етарли деб. Лекин улар каттароқ аудиторияни, потенциал туристларни қамраб олмаяпти. Агар шу кифоя қилганда, бугун кўҳна шаҳарларимизни сайёҳ босиб кетган, мазкур соҳа иқтисодиётимизга келтираётган йиллик фойда эса бир неча миллиардлаб АҚШ долларига баҳоланган бўларди. Бироқ ҳозирча бу борадаги кўрсаткичимиз у даражага етмади. Аҳамиятлиси, биз юқорида айтган воситани қўллаб, дунё сайёҳлик соҳасидаги мавқеини яхшилаб олган мамлакатлар талайгина. Уларнинг тажрибаси бизга ҳам асқатади.

КИНОДА КЎРГАН ЖОЙГА БОРИШ ИСТАГИ

Жаҳонга машҳур “Trip Advisor” нашри ҳисоботида қайд этилишича, охирги йилларда ҳар бешинчи турист бирор манзилга отланар экан, саёҳатини амалга ошириш учун севимли сериалида кўрган жойни танлаган. Ушбу бетакрор ва фусункор манзаралар уларни сафарга чиқишга ундаган асосий жиҳатдир. Албатта, шундай имконият бўлган бир пайтда ундан фойдаланмаслик мумкин эмас.

“TCI Research” агентлиги мутахассислари ҳам шу фикрни қатъий маъқулламоқда. Бунинг исботи ўлароқ қуйидаги рақамни келтиришади. Ҳисоб-китобларга қараганда, ўтган йили дунё миқёсида 80 миллионга яқин турист фильм ёки сериалдаги кадрлардан илҳомланиб, саёҳат қилишга жўнаган. Агентлик экспертларининг уқтиришича, айни мотив сўнгги 5 йилда сайёҳлар сони бир неча баробар кўпайишига шароит ҳозирлаган. Маълум бўлишича, ажойиб манзарадан баҳраманд бўлган туристларнинг 27 фоизи ўз таассуротлари билан ижтимоий тармоқларда ҳам фаол ўртоқлашган. Уларни экскурсиялар, чиройли    ландшафт, мароқли ҳордиқ ва маданий хилма-хиллик кўпроқ мамнун этган.

АҚШдаги Шимолий Техас университети олимлари ҳам тадқиқот ўтказиб шуни аниқладики, кишининг кўп қисмли телефильм  томошасидан кейинги ҳолати унда саёҳат қилишга кучли иштиёқни юзага чиқаради. Боиси, телесериаллар доимий тарзда намойиш этиб борилади, шунинг учун томошабин узоқ муддат муайян манзара таъсирига тушиб қолади. Айрим жойларга сайёҳлар оқими тўсатдан ортиб кетаётганини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин.

Мисол учун, Исландия мамлакати анча вақтгача кўпсонли туристлар ташрифини кутмаганди. 2008 йилда у иқтисодий буҳрон арафасида турарди. Аммо 10 йил ўтиб мамлакат кулдан қайта туғилган қақнус каби жонланди. Ўшанда “Bloomberg” нашри Исландия миллий пул бирлиги – кронани жаҳоннинг энг яхши валютаси деб топди.

Хўш, вулқонлар ўлкасини инқироздан нима қутқариб қолди, дерсиз. 2010 йилдан то ҳозиргача бўлган даврда мамлакат туризми 386 фоизга ўсди. Унинг асосий улушини фэнтези жанрида, тарихий унсурлардан фойдаланган ҳолда ишланган “Тахтлар ўйини” сериали таъминлади. Исландиянинг кўплаб кўллари, музликлари ва миллий парклари мазкур картина учун асосий фон вазифасини ўтади. Сериалнинг машҳурлиги экосайёҳлик ривожига йўл очди. Телевизион шоу ихлосмандлари картинадан ўрин олган бу жойларни ўз кўзи билан кўриш ва баҳра олиш учун ҳали ҳамон ҳеч нарсадан тап тортишмаяпти.

ТАРИХИЙ КЎП ҚИСМЛИ ФИЛЬМЛАР ИШЛАШНИ КИМДАН ЎРГАНИШ КЕРАК?

Туркия туризмни ривожлантиришда тарихий сериалларга мурожаат қилган мамлакатлардан биридир. Хизмат сифати, улкан туристик салоҳият, маданий мерос, табиат, ошхона – буларнинг ҳаммаси турк тарихий сериаллари ва фильмлари орқали ажойиб тарзда тарғиб қилинмоқда. Бу эса чет эллик сайёҳлар эътиборини тортмай қолмаяпти. Сўнгги пайтда мамлакат маданият ва туризм вазирлиги бундай телевизион маҳсулотларни кўпроқ экспорт қилишни мақсад қилган. Бундан ташқари, турк телеканалларига сериаллар ишлашга инвестиция киритиш таклиф этилган.

Яна бир жиҳат шундаки, бирор фильм ёки сериални суратга олиш жараёнида Туркиянинг табиий ва маданий бойликларини кўрсатишга асосий урғу берилмоқда. Бунда турк шаҳарларининг кундалик ҳаётини акс эттирувчи эпизодларга алоҳида жой ажратилади. Бир сўз билан айтганда, тасвирга олиш ишлари қизиқарли ва ажойиб масканларда ўтказилади. Сценарийлар ҳам хориж бозорига мўлжаллаб ёзилади.

Қайд этиш керакки, аввалига турк сериаллари, айниқса, тарихий мазмундаги картиналар чет элда бу қадар шуҳрат топишини ҳеч ким кутмаган. 2008 йилда уларни хорижга сотишдан 10 миллион доллар ишланган бўлса, бу рақам 2016 йилда 300 миллион долларга етади. Бундан ҳам манфаатлиси мамлакатга туристлар оқими сезиларли даражада ошди. Хуллас, туризм тарғиботи учун кинематографияни қўллаш иш берди, албатта. Мисол учун, Усмонли империяси даври ҳақида ҳикоя қилувчи “Муҳташам юз йил” сериали дунё миқёсида  машҳурлик қозонган, у шу кунгача 50 дан ортиқ мамлакатда намойиш этилган.

Ўша вақтдаги Туркия маданият ва туризм вазири эришилган натижаларга шундай муносабат билдирганди: “Жанубий чегараларимиздаги муаммоларга қарамасдан, биргина 2012 йилда биз 32 миллионга яқин чет эллик сайёҳни қабул қилдик. Мамлакатнинг туризмдан келаётган ҳар йилги даромади 25 миллиард долларни ташкил этмоқда. Бу соҳада ишлаётган ҳар бир одам жаҳонда Туркиянинг обрўсини кўтаришга кўмаклашаётгани бор гап. Аммо бир нарсани тан олиш керакки, энг самарали реклама маданият ва санъат воситасида амалга оширилаяпти”.

Ўз навбатида вазирлик кинорежиссёрлар, продюсерлар ва тарихий сериаллар ижодкорлари хизматларини унутмади, уларни мунтазам рағбатлантириб келмоқда. Соҳа вакиллари Туркияда туризм саноати равнақига ҳиссаси учун мукофоти билан тақдирланаётир. Туризм экспертларининг билдиришича, турк фильмлари сифати жаҳон даражасига мос келади, шу боис хорижда тарихий сериаллар куннинг муҳим вақтларида эфирга узатилмоқда. Турк актёри, “Муҳташам юз йил” сериалида Буюк Сулаймон султон роли ижрочиси Холид Ергенч картина эришган муваффақиятдан ғурурланишини, унинг халқаро    миқёсда бу қадар шуҳрат қозонишини хаёлига келтирмаганини эътироф этган.

КОРЕЯ ДОРАМАСИ ДУНЁНИ ҚАНДАЙ ЗАБТ ЭТДИ?

Жанубий Корея, унинг ўтмиши ва бугуни, халқининг урф-одатлари, турмуш тарзи ҳақида бироз бўлса-да тасаввурга эга кишилар юртимизда ҳам кўплаб топилади. Қадимий Чосон юрти, Жумонг афсонаси, Тангем, корейс ошхонаси ҳақида билмайдиган ўзбекистонлик кам. Ҳатто, баъзи ҳамюртларимиз мамлакатимиз тарихи, буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида бунча маълумотга эга эмаслиги ҳам бор ҳақиқат. Хўш, Корея миллий ўзлигини, маданиятини қай тариқа бизга, дунёга танита олди?

Бунда ҳам тарихий сериалларнинг ўрнини инкор этиб бўлмайди. Корейслар уларни ўз тилида дорама дейди.

Дарҳақиқат, Корея ҳукумати бугун ҳам ўз маданий маҳсулотини хорижда фаол илгари суришга катта аҳамият бермоқда. Ҳатто, улар  маблағи ҳисобидан корейс сериаллари бошқа тилларга ўгирилмоқда ва намойиш этиш учун чет эл каналларига таклиф этилаяпти. Албатта, бу услуб ҳозирги кунда наф бераяпти. Айни пайтда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида Жанубий Кореянинг миллий, тарихий сериаллари севиб томоша қилинади. Биргина мисол. Эрон Ислом Республикасида “Жумонг” сериалининг рейтинги рекорд натижа қайд этган. Кўпгина сериаллар асосан тўқима, афсонага асосланган, тарихий ҳақиқатдан бироз йироқ бўлса-да, улар мамлакат имиджини яхшилашда, туризмни кенг тарғиб этишда қўл келаяпти. Ёки бўлмаса қирол ошпази ҳақидаги “Сарой жавоҳири” сериали Гонконгдан Кореяга туристлар оқими кескин кўпайишига туртки берган омилдир.

Хўш, корейс тарихий сериалларининг ютуғи нимада? Бунга воқеалар занжирининг қизиқлигида деб жавоб бериш мумкин. Одатда тарихий сериалдаги воқеалар ўрта асрларда содир бўлади. Сарой фитналари, машҳур жанглар, қирол оиласи аъзолари, гўзал маликалар, жасур жангчилар, сиёсий ўйинлар, севги ришталари – буларга сериалда асосий ўрин ажратилади. Қолаверса, ёрқин ва ранг-баранг либослар, ҳашамдор декорация, экзотика хорижлик томошабинларни ўзига тортади. Корейслар ўз тарихига ҳурмат билан муносабатда бўлади, қаҳрамонлар ҳақидаги афсоналарни экранлаштиришни кўпроқ маъқул кўришади.

Турган гапки, бу саъй-ҳаракатлар беиз кетмади. Корейс маданиятини сериаллар воситасида ёйишга уриниш чет элликларда Кореяга қизиқиш ошишига, сайёҳлар ташрифи эса ортишига олиб келди.

Бизда бунга имконият борми?

Аввал айтганимиздек, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти жуда юқори. Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, давлат арбоблари, саркардалар ҳаёти, кўҳна шаҳарларнинг тараққиёт йўли катта-катта сериалларга мавзу бўла олади. Биргина Соҳибҳирон Амир Темур бобомизнинг фаолияти, жасорати ёритиладиган кўп қисмли, шу билан бирга жаҳон киноси саноатининг бугунги талабларига жавоб бера оладиган сериал ишлаш орқали аждодларимиз аслида ким бўлгани ҳақида чет эллик сайёҳга тасаввур бериш мумкин. Бундай сериалларга қаҳрамон бўладиган ота-боболаримиз қанчадан-қанча. Муҳими, сценарий ёзиш учун уйдирма тўқишга ҳам ҳожат йўқ. Қимматли тарихий манбалар  етарли.

Тўғри, бу нарса барибир маблағга бориб тақалади. Турклар ва корейслар ҳам оламшумул тарихий сериал олиш учун катта пул сарфлашган. Бу соҳага йўналтириладиган сармоя эртага юз чандон бўлиб қайтишини ҳам унутмаслик лозим. Агар шундай сериал ишлашга қодир режиссёр бўлмаса, уни хориждан жалб қилиш, маблағ етишмаса, чет эл студияларини ҳамкорликка чорлаш даркор. Ҳолбуки, улар сценарий яхши бўлса, уни сериал қилишдан бош тортишмайди.

Сўнгсўз ўрнида айтганда, ўтмишимиз Туркия тарихи билан бемалол тенглаша олади, қадимийликда Кореяни ҳеч шубҳасиз ортда қолдирамиз. Бироқ боримизни, буюк ва шонли тарихимизни уларчалик кўрсатиб бера олмаяпмиз. Майли, бу борада улардан ўтолмасмиз, лекин қайсидир жабҳада тақлид қилиш, айрим жиҳатларни ўзлаштириш мумкин. Натижа эса фойдага хизмат қилади. Асосийси, ушбу амалиёт аллақачон тажрибадан муваффақиятли ўтган.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!