Меню
Қашқадарё
СЕРИАЛ ЎРНИГА... РОЛИК
Дарҳақиқат, оиладаги нотинчлик, ажримлар сабаб фақат эр-хотин азият чекмайди. Бундай ҳолатларда ўша оила фарзандлари - эртамиз эгалари бўлган ёшлар камолоти ҳам сўроқ остида қолади. Айнан шу жиҳат ҳар бир оиланинг равнақи мамлакат тараққиётига дахлдор эканини англатади.
Шунинг учун ҳам мамлакатимизда оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича мунтазам чора-тадбирлар амалга оширилиб, ажримлар камайиши учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Вилоят яраштириш комиссияси томонидан олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида эса жорий йилнинг ўтган даврида ажрим ёқасига келиб қолган 2111 оиланинг 1578 таси яраштирилди. 533 таси доимий назоратга олиниб, уларни муросага келтириш чоралари кўрилмоқда.
Оила нотинчлигига сабаб бўлаётган омиллардан бири ноқонуний никоҳ бўлиб, бундай ҳолат бўйича аниқланган 1152 жуфтликнинг никоҳи расмийлаштирилди. Бундан ташқари, комиссия томонидан 26 нафар коллеж, ҳатто мактаб ўқувчи қизларининг эрта турмушга чиқиши олди олинди. "Қайноналар кенгаши", "Бувижонлар мактаби" ва жамоатчилик назорати гуруҳлари билан ҳамкорликда қўни-қўшни жанжаллари, иш жойларидаги келишмовчиликлар жойида ҳал қилиб борилмоқда. Кўрилаётган чоралар натижасида 2019 йилнинг 1 июлига қадар 57 та ҳолатда жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олди олинди.
- Ушбу оилаларни тиклаш учун ўша ҳудудлардаги намунали оилаларни ибрат сифатида кўрсатдик, узоқ йиллар чиройли ҳаёт кечириб келаётган оила соҳиблари ташрифини уюштирдик, - дейди вилоят яраштириш комиссияси раиси Абдусалим Шовриқов. - Тан олиш керак, ўрганишлар оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган қатор омиллар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, бугун ёшларимизнинг оила қуришида зарур ҳуқуқий, иқтисодий, тиббий, маънавий-маърифий, психологик, жинсий, ахлоқий билим ва кўникмалари пастлиги, мустақил ҳаётга тайёр эмаслиги, рўзғор юритишга уқувсизлиги сезилиб қолмоқда.
Ўрганишларга кўра, эр ёки хотиннинг ишсизлиги, айрим оилаларнинг уй-жойга эга эмаслиги, фарзандлар тарбиясидаги ноқисликлар, эркак ёки аёлнинг жиноятга қўл ургани, яқин қариндошлар ўртасидаги келишмовчиликлар - булар оилавий муносабатларга таъсир кўрсатмай қолмайди. Шундан келиб чиқиб, комиссия ва ишчи гуруҳлари уйма-уй юриш орқали оғир турмуш шароитида яшаётган ва бу ўз навбатида оилада нотинчлик келиб чиқишига асосий сабаб бўлаётган ҳолатларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Хусусан, 431 оилага комиссия тавсиясига асосан уй-жой берилган ва нотинчлиги бартараф этилган. Нотинч оилаларда истиқомат қилаётган 1576 нафар касалманд хотин-қизларга тиббий ёрдам кўрсатилиб, 2062 нафари иш билан таъминланган ва уларга 1 миллиард 964,4 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.
Албатта, ҳар оилада турфа келишмовчиликлар учраб туради. Гап - ўша низонинг жиддий тус олишига йўл қўймасликда.
- Бугун айрим қайноналаримиз назарида ҳамманинг келини хизматни, ҳурматни дўндириб қўяяптию, уники эса ҳеч нарсага улгуролмаяпти, деган фикр юради. Бунинг устига келиннинг қилган ишидан кир ахтариб, унга дашном беради, - дейди Қарши туманидаги Ертепа маҳалла фуқаролар йиғини Қайноналар кенгаши раиси Бўстон Раҳмонова. - Аввало, мана шундай қайноналар ўйлаши керак: "Шу келин бечоранинг биттагина жони бор, оилада кўпчилик бўлсак, эҳтимол шунча одамнинг хизматига улгурмаётгандир, бунинг устига хонадонимизга янги меҳмон, биздаги одатларни, оила аъзоларининг феъл-атворини ҳали тушуниб ололмагандир" демайди. Оқибат эса бир куни келиннинг бардоши тугаб, иш катта можарога айланади. Ҳатто айрим ҳудудларда комиссия томонидан яраштирилган оилаларни қайноналар қайта ажратиб юбориши кузатилаётир. Шу боис оилада аёллар учун ўқувлар ташкил этилса, телевидение орқали сериаллар ўрнига қайнона-келин муносабатлари тўғрисида видеоролик ва фильмлар намойиш этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Дарҳақиқат, оилани мустаҳкамлашга хонадоннинг ҳар бир аъзоси жавобгар. Қайноналар ҳам, келинлар ҳам, ота-ўғиллар, қудалар ҳам бир-бирларининг хатоларидан фожиа ясамай, оилани асраб қолиш учун астойдил ҳаракат қилсалар, бундай хонадон чинакам меҳр-муҳаббат масканига айланади.
Шоҳиста БОЗОРОВА