Меню
Қашқадарё
СЕРЧИҚИМ ТЎЙЛАР – МЕҲМОННАВОЗЛИК ЭМАС, МУНОФИҚЛИК БЕЛГИСИ
Шундан келиб чиқиб Президентимиз тўйларни ихчамлаштириш, тартибга солиш бўйича муҳим фикрларни билдирди. Шу билан бирга, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг Мурожаатида ҳам тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланаётгани таъкидланди.
Чиндан ҳам бугунги тўйларимиз пойгага, кимўзар мусобақага айланиб кетди. Биров юзлаб меҳмон чақирса, бошқаси ундан қолишмасликка тиришади. Кимнингдир тўйига фалон минг долларга (!) хонанда хизмат кўрсатса, турмуши ҳаминқадар бошқа киши хорижга бориб бўлса-да, ўша хонандага кетадиган пулни ишлаб келади. Бундан ким наф кўради? Албатта, бундай “беллашув”дан хонандаю тўйхона эгасининг чўнтаги қаппайгани қолади, холос. Келин-куёвнинг кейинги ҳаётига шу дабдабадан зиғирча фойда етса, айтинг.
Сохта обрў орттиришга қаратилган бундай ишлар ўрнига бева-бечораларга, ночор инсонлар, муҳтож оилаларга ёрдам бериш, хайр-саховат кўрсатиш ҳамма томонлама фойдали, савобли эмасми?
Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида қуйидаги мазмунда фикр келтирилади: “Шундaй кишилaр ҳaм бoрки, тўқ oдaмнинг oлдигa дaстурxoн ёзaдилaр, эгни бут oдaмгa эсa тўн кийгизaдилaр”.
Бугун тўйхонага юзлаб одам чақириб, гўёки уларга илтифот кўрсатгандек, меҳмоннавозлик қилаётгандай бўлаяпмиз, бироқ бу илтифотнинг Навоий айтган “сахийлик”дан қанчалик фарқи бор? Ён-атрофимизда ёрдамга муҳтож, етим-есир инсонлар турган вақтда юзлаб одамга дастурхон ёзиб, ўзини кўз-кўз этишга уриниш мунофиқлик эмасми?
Албатта, ҳар бир ота-онанинг энг катта орзу-нияти - жондан азиз фарзандининг бахту иқболини кўриш. Лекин бунга фақат дабдабали тўй қилиш, моддий бойлик тўплаш билан эришиб бўлмайди. Ана шу ҳақиқатни унутмаслигимиз керак.
Суюн АБДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси