Меню
Қашқадарё
СЕРҚУЁШ ЗАМИН САХОВАТИДАН ХОРИЖЛИКЛАР ҲАМ БАҲРАМАНД
Вилоятимиздан ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларига кенг турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари - мева-сабзавот, узум, полиз ва дуккакли экинлар ҳосили катта миқдорда экспорт қилинаяпти. Бунда воҳамизда фаолият юритаётган экспортчи корхоналар муҳим ўрин тутмоқда. Қарши туманидаги "Бешкент агро экзем" масъулияти чекланган жамияти томонидан бу борада бажарилаётган ишлар ҳам эътиборга молик.
- Жорий йил учун чет эллик ҳамкорларимиз билан маҳсулот олди-сотдиси бўйича қарийб 5 миллион АҚШ долларилик шартнома имзолаганмиз, - дейди мазкур агрофирма иш юритувчиси Камолиддин Набиходжаев. - Бу йил ҳам экспорт географиямиз Қозоғистон ва Россия мамлакатларини қамраб олган. Мавсумга қараб бу мамлакатларга бир неча турдаги ҳўл мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилдик. Хусусан, Қозоғистонга олхўри, кўкат, узум, Россияга эса шафтоли ва бошқа меваларни юклаб жўнатдик. 1 август ҳолатида корхонамиз томонидан амалга оширилган экспорт ҳажми қарийб 300 минг долларни ташкил этди.
Ишбилармоннинг билдиришича, экспортга йўлланаётган маҳсулотлар фермер хўжаликлари ва аҳолидан келишув асосида сотиб олинаяпти. Бу ноз-неъматлар сараланиб, қутиларга жойлангач, хорижга юборилмоқда. Яқин орада катта миқдорда узум экспорт қилиниши кўзда тутилган. Шунингдек, хорижлик харидорларнинг талаб ва истакларига кўра, йил охирига қадар хурмо, олма, анор каби мевалар, помидор, сабзи ва бодринг сингари сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш режалаштирилган.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат