Меню
Қашқадарё
СЕРҲАШАМ ТЎЙ - ЖАМИЯТ ФОЖИАСИ
Фарзандлар иқболи беъмани орзу-ҳавасдан муҳим
Ўтган аср бошларида тараққийпарвар жадидлар миллатни юксалтиришнинг энг асосий омили халқ турмуш тарзи, дунёқарашини ўзгартириш, одамларни замонавий фикрлашга ўргатиш, деган қарорга келган. Улар ушбу эзгу ниятни рўёбга чиқариш жараёнида миллий одат, анъана, тўй, маросим ва байрамларга муҳим иқтисодий, сиёсий, маърифий масалалар қатори эътибор қаратганига тарих гувоҳ. Ўзбек адиби, тарихчи, тилшунос, маърифатпарвар шоир Исҳоқхон Ибрат: халқни машаққат билан топилган маблағини бемаъни орзу-ҳаваслар эмас, фарзандларнинг илм-ҳунар эгаллаши, хайрли ишларга сарф қилмоққа даъват этган. Жадид адабиётининг етук вакили Чўлпон ҳам "...илгари вақтларда бундоғ беҳуда исрофлик тўйлар ҳам бўлмас..." дея "Садои Фарғона" газетасида оммани йиллаб тўплаган бисотини миллат равнақи йўлида сарфлашга чақирган.
Мана шу даъватлар самараси ўлароқ Туркистон мусулмонларининг съездида "Шўрои Исломия" ташкилотининг тўй ва маъракаларни тартибга солиш тўғрисидаги қарори муҳокама этилиб, мазкур ҳужжат "Нажот" газетасида эълон қилинади. Унда, жумладан, қуйидагилар баён этилади: "Биринчи: жаноза куни имом ва уламоларга йиртиш ва чопонлар улашмоқ, қариндош-уруғларга қора кийимлардек нимарсалар бермоқ, ювгувчи ва отинларга ижро хизматларидан зиёда ҳар хил кийимлар бермоқ, отунлар келиб товуш чиқариб ўқумоқ, садр қилмоқ, ...каби одатларни тақиқлаш;
иккинчи: қиз тўйларида совчигарчилик, фатир, кичик тўй, қозон қайтариш, катта тўй, базм исрофлари ва юз кўрар, ҳайитларда мол ёйиб келин кўрмоқ, қиз оши бермоқ ва никоҳ кунларида илончилар ўйнатмоқ, ёр-ёр айтмоқ, хотунларнинг ҳар бирига алоҳида нон ва ошлар тортмоқ, тўққиз-тўққиз, сандуқларда чиқиб кетатурғон кўрфа (кўрпа) ва фок (пок) кўрпалардек фойдасиз моллар, кўчалардин сиёча кўтариб ёки ароба ва тўйларга ғалла ва бошқа хил нарсалар ортуб, тўй юбормоқ, қиз олардаги қалин олмоқ ва шунга ўхшаш исрофот ва бидъатлар билкуллия мамнуъ (бекор) этмоқ;
учинчи: ўғил тўйида атрофдаги маҳаллалардан одамлар чақириб, ош бермоқ, улоқ бермоқ, хотун ош бермоқ, хатна қилинадурғон болаларга кўча ба кўча саргардон қилуб оқча йиғмоқ ва шуларга ўхшаган исрофлар билкуллия мамнуъ қилмоқ” ва ҳоказо.
Хуллас, жадидлар тўй-маърака ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказишнинг икир-чикиригача меъёрини белгилаб беришга мажбур бўлади.
Адабий мавзу - тўй
Ўз навбатида ўзбек адабиётида дабдабали тўй орқали шуҳрат қозониш орзуси ва унинг салбий оқибатларини ёритиш билан боғлиқ алоҳида мавзу пайдо бўлди. Жумладан, Муқимийнинг "Тўйи Иқонбачча", Абдулла Қодирийнинг "Тўй", "Бахтсиз куёв", Абдулла Қаҳҳорнинг "Шоҳи сўзана", Шуҳратнинг "Беш кунлик куёв", Нусратилла Қудратилланинг "Тўй", Саид Аҳмаднинг "Куёв", Пиримқул Қодировнинг "Кайф" каби асарларининг яратилишига бевосита ёки билвосита айнан шу мавзу сабаб бўлган. "Маҳаллада дув-дув гап", "Учрашув" каби ўлмас фильмларнинг шу қадар машҳур ва ҳамиша долзарб бўлиб қолиши ҳам балки мавзунинг халқ дардига яқинлигидандир. Халқ оғзаки ижодида тўйга бағишланган алоҳида мақоллар туркуми мавжудки, уларнинг барчасини бирма-бир санашга имконимиз йўқ. Публицистикадаги "Тўйларимиз - ўйларимиз" типидаги рукнлар ҳамон долзарб.
Катта харажатга ҳамма ҳам қодир эмас
Бугунги тўйлар шу даражага бориб етдики, муаммо кўлами давлатимиз раҳбарининг бу борада қатъий чора-тадбирлар кўриш масаласини кескин кун тартибига қўйишига сабаб бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда халқ билан бўлаётган учрашувлардаги, виртуал қабулхонага энг кўп мурожаатлар тўйларни ҳам тартибга солиб бериш билан боғлиқ бўлаётгани, мамлакатимизда пул топиб ақл топмаган шуҳратпарастлар аҳолининг оддий қатламига қараганда анча кам фоизни ташкил этиши, ҳамма тенг тўй қилса, жамиятда вазият ўзгариши, бунга қатъийроқ ёндашилмаса, олиб борилган ташвиқотлар натижа бермаётгани хусусида бир неча бор тўхталиб ўтди.
Ва ниҳоят, 2018 йил 15 март куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Олий Мажлис Сенатининг "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Унга тўй ва маъракаларни ўтказиш бўйича низом ҳам илова қилинган бўлиб, низомда Сенат қарори билан "тақиққа дучор бўлиши" кутилаётган йигирмага яқин тўй ва унинг атрофидаги тўйчиқлар (тўйча) рўйхати келтирилди. Бу рўйхат Ўзбекистоннинг барча вилоятлари кесимида олинса, янада кенгайиши аниқ.
Агар тўйларимиз шу зайлда мураккаблашиб, оғирлашиб бораверса, унинг одамларни бездирмаслиги, ортиқча сарфларга бардош беролмай никоҳсиз, тўйсиз оила қуриш ҳолатлари (бу аллақачон кузатилаяпти!) кўпайиб кетмаслигига ким кафолат беради?
Елкангиздан тоғ тушсин
Миллатлар фақат тили, дини, кийиниши билан эмас, балки турмуш тарзи, тўйлари билан ҳам фарқланади. "Оммавий маданият" деган бало миллий маданият уфуриб турадиган ўзбекона тўй тасвирига ҳам ўзининг ҳаддан ташқари очиқ келинлик либослари, мусиқалари, “love story” каби динимиз, турмуш тарзимиз, миллий менталитетимизга зид деталлари билан суқилиб кирди, тўйларимиздан миллий руҳ йўқолиш арафасига келиб қолди.
Назаримизда бугун тўйларни ташкил этиш билан боғлиқ мувозанат анча издан чиққандек. Ҳозир никоҳ тўйларида куёв хонадонига эмас, келин томонга куёвга сарпо қилиш, унинг уйини жиҳозлаш, кунда келадиган совчиларни зиёфат қилиб, бош-оёқ сарпо билан кузатиш мажбуриятлари тушмоқда. Тўй сарполари билан боғлиқ турли машмашалар куёвнинг келинга берган тўй совғалари билан эмас, аксарият ҳолларда келиннинг куёв ва унинг қариндош-уруғига қилган сарполари, сепидаги камчилик билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Мен катта қарз эвазига қизини кам қилмай турмушга узатиб, кейин олган қарзлари фоизи ошиб кетгач тўлай олмай, эру хотин ўртасида жанжал чиқиб 20-25 йиллик оиланинг бузилиб кетганига гувоҳ бўлганман. Қолаверса, "кам бўлмай" қабилида тўй қилиш учун хорижий юртларга маблағ тўплайман деб кетиб ногирон, касалманд бўлиб қайтаётганлар, ҳатто шу тўйга етолмай оламдан ўтаётганлар йўқми?
Халқимизда "Тўйлар қилиб, елкангдан тоғ тушсин" деган нақл мавжуд. Демак, тўй - "елкадаги тоғ", тўйдан сўнг чиндан ҳам шу тоғ қуласин, халқнинг яхши куни рамзи бўлган тўй - тўйга ўхшасин. У ортида кўнгилсизлик ётган мудҳиш кунни эслатмасин. Ҳар бир оила тарихида ҳар қандай тўй олтин ҳарфлар билан битилсин. Орзу-ҳавасни дабдаба, ҳашаматда деб билган ҳар бир инсон бир ҳақиқатни англаб етсин: ҳалол меҳнат эвазига топилган пул бундай осон совурилмайди. Оқил, иймони бутун одам маблағини ўринли сарфлашни билади.
Бу шахсий иш эмас
Президентимиз таъкидлаганидек, тўй бизнинг шахсий ишимиз эмас. Кўпдан кам бўлмай қабилида ўтказилган серчиқим тўйнинг оқибатлари туфайли кўнгилсизлик келиб чиқса, бу фақат шу оиланинг мусибати бўлиб қолмайди. Оила - жамиятнинг бир бўғини. Унинг таназзули - жамият, миллат таназзули демак.
Модомики, тўй миллий маданиятимиз, маънавиятимизнинг бир бўлаги экан, уни ўз манфаати йўлида бачканалаштириш, мураккаблаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Хулоса ўрнида айтганда, жамиятда кенг кўламли ислоҳотлар, модернизация жараёнлари кетаяпти, шундай экан, тўйларни ҳам тартибга келтириш, замонга мувофиқлаштириш - уни қисқа муддатли ўзига хос байрам тарзида нишонлаш, анъанавий, зерикарли ирим-сиримлар, андазалардан чиқиб, ихчам тус бериш, сарфланадиган ортиқча маблағларни тежаб, ёшларнинг келажагига йўналтириш вақти келди. Келинг, ушбу ислоҳотларни амалга оширишда бош ижрочи бўлайлик.
, Қарши давлат университети доценти, филология фанлари номзоди