Меню

Қашқадарё

01.03.2018 2017

“СЕНИ КУЙЛАЙМАН, ҲАЁТ!”

Бу гўзал тасвирлар ортида ҳам мулойим, ҳам ўктам оҳангдаги овоз янграйди:

Яшаш азиз ҳисси танда кезганда,

Умр кўпи кечиб, армон дилни эзганда,

Ҳатто ўзни хаста, заиф сезганда,

Оғир, бенаф ўйдан юрак безганда

Сени куйлайман, ҳаёт!

Шеърдаги сўзлар, оҳанг сизни ўзига тортиб, аста-секинлик билан қалбингизни ишғол эта бошлайди. Кейинги бандлар бутун умрини ижодга бағишлаган, халқининг муносиб фарзанди бўлиб жаҳон минбарларида унинг номидан байтлар ўқиган, ҳалолу покиза яшаб, фарзандларини-да шундай тарбиялаган мунис бир аёлнинг нозик, шарқона ҳаё мужассам қиёфасини кўз олдингизда ёрқин чизиб беради гўё:

Сен ўзинг кун сари ўсган фарзандим,

Гоҳ чақноқ шодлигим, гоҳ аччиқ зардим.

Меҳнат зафарларим, бешифо дардим,

Дўстдан меҳр - мактуб кутмоқ азмида

Сени куйлайман, ҳаёт!

Куйлайман, куйламоқ кун сари мушкул,

Мен сенман, сен менинг борлигим буткул.

Елкамга юк ортиб, қўлимдан тутгил,

Бу бахтни назмга тўкмоқ азмида

Сени куйлайман, ҳаёт!

Ҳар гал шоира ҳақидаги ҳужжатли фильмни томоша қилганда ё шу мисраларни ўқиганда беихтиёр ўйга чўмиб қоламан. Назаримда, Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним ижодига қисқагина таърифга ўхшайди бу шеър. Зеро, шоира ижоди ҳаётсеварлиги, одамларга, юртга муҳаббат туйғулари билан лиммо-лим шеъриятдир. Гўё бу муҳаббат баҳорнинг илк кунида таваллуд топган бу буюк қалб соҳибасига кўклам нафаси билан синггандек, қайноқ юрагидан ҳароратли шеърларига кўчгандек.

Аслида эса бу - тинимсиз меҳнат ва ёрқин истеъдод бирлашувидан яралган ижодий куч самараси эди. Зулфия ўзбек замонавий шеъриятининг забардаст намояндалари билан бир даврда яшаган, улардан ўрганган, шеъриятнинг олтин сабоғини асл ижодкорлардан олган бахтли қаламкаш эди. Айниқса, унинг "Ҳаёт варақлари" деб номланган илк китоби нашрдан чиққанида, бу ёш шоирани қутлаганлар, қизнинг ижодий эртаси порлоқ бўлишини тилаганлар кўп бўлди. Бу вақтда энди 17 ёшга тўлган Зулфия назм гулшани бўсағасида ҳаяжон ва тараддуд билан турар, ёзганларию ёзадигани мукаммал бўлиши, одамлар кўнглидан жой олиши учун ҳар қандай меҳнату машаққатга шай эди. Ўша пайтларда кўзга кўринган ижодкорлардан бири Ҳамид Олимжон бошқарадиган адабий тўгаракка қатнайдиган Зулфиянинг шеърлари бу нозиктаъб шоир назарига тушади. Зулфия у билан турмуш қурганидан сўнг ҳам шоирнинг адабий сабоқларидан баҳраманд бўлди, ёзганларини унинг назаридан ўтказди. Бу ҳақида шоиранинг ўзи шундай деганди:

"Иккинчи китобни ёзаётганимда бир куни Ҳамид Олимжондан шундай деб сўраганим эсимда: "Нима учун мен ёзган шеърларнинг ҳеч поёни бўлмайди? Қайси бандда тўхтамасин, яна давом эттирса бўлаверади-я!" У кулиб туриб, бундай деган эди: "Чунки сиз ҳар бир шеърингизда биратўла ҳамма гапни айтиб олмоқчи бўласиз, ваҳоланки, бундай қилиш ярамайди. Кейин, биласизми, шеърни охиридан бошлаб ёзиш керак"... Унинг маслаҳати нақадар нозик ва аниқлигини кейинчалик ўзимда назмхонлик қилиш эмас, балки бирон муҳим ва юрагимда туғилиб қолган фикрни баён қилиш зарурати етилгач, тушундим".

Бу каби маслаҳат ва тавсиялар шоирани ўз устида қаттиқ ишлашга, шоирлик шунчаки назмбозлик, бадиҳагўйлик ёки чиройли сўзлардан иборат тизмалар тузиш дегани эмас, балки асл сўз соҳиби бўлиш, барчанинг қалби ҳис қиладиган, аммо ҳамма ҳам эплаб қоғозга тушира олмайдиган туйғуларни гўзал ва моҳирона ифодалаш санъати эканлигини англаб етди. Бу сабоқлар унинг бутун умрини безаган чинакам ижод яралишига туртки бўлди. Зулфия шеърни севди, ижодни муқаддас деб билди. Шу чуқур муҳаббат унинг ижодини элга танитди, севимли қилди. Умрининг кейинги йилларида у шундай деб ёзганди:

Йиллар,

нодир онлар, севги, ҳижроним,

Дилимни замзамлаб кетмаган учиб...

Бор бўлса бешми,

ўн мухлис шеърхоним,

ёзмоқ - бахт қаламим учини ўпиб...

Ижодни бахт, қисмат деб билган шоира ўз ҳаётини адабиётнинг нурафшон ёғдулари билан мунаввар қилди. Ҳаёт синовлари, севган кишисидан бевақт жудо бўлишдек алам қаршисида ҳам ўзини йўқотмаган, ҳатто энг қайғули шеърларига ҳам ўзига хос ҳаётсеварлик, эртадан умиду енгилмас бардошни сингдира олган Зулфия шеърияти киши қалбида энг гўзал ҳисларни уйғотиб, нафис туйғуларга ошно қилади.

Кечанг ортга,

Эртанг олдинга тортар,

Қушлар барг узгандай умрингдан узиб.

Фикринг пармаласа ёрилар тошлар,

Лекин йиллар йўлин бўларми бузиб?

Йўқ,

бузиб бўлмайди кетар йўлларни!

Бекат қуриб ташла, гар қодир эсанг.

Ким бўлдинг?

Не қилдинг?

Тортиқ бўларли

Борми келурларга арзирлик туҳфанг?

- дейди шоира "Йиллар" сарлавҳали шеърида. Инсон умрининг асл маъноси, яшамоқлик саодати ҳақидаги мушоҳадаларга берилган ижодкор шундай саволларни тизади:

Бир кимга бошпана,

Бир кимга кўприк,

Ё руҳни юксалтар бирон сўз айтдинг?

Кўз бўлолмадингми,

Бўлдингми киприк,

Ё бир аймоғингни ерга қаратдинг?..

Шеър охирида эса ўз умрини бирров назардан ўтказган шоира шундай хулосага келади:

Билсам:

Кўп улушин бой бермиш умр:

Йиллар алдаб,

Нимлаб олиб кетибди.

Исёнкор,

Думбул руҳ ўрнига

Сабр,

Матонат,

Ишқ,

Меҳнат сўзин битибди...

Бу сабру матонат, ҳаётга ишқ ва меҳнат завқи Зулфиянинг шаънини улуғлади. Уни элнинг ардоқли шоирасига, халқининг севимли фарзандига айлантирди. Қўша-қўша унвону орденлар соҳибаси бўлди, қанчалаб қалбларга инсонийлик, меҳр шуъласини сочди. Ўзи фахр билан айтганидек, "ўзбекнинг Зулфияси" бўлиб танилди:

Эъзозлар, ардоқлар учун ташаккур

Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.

Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,

Бахтим шул - ўзбекнинг Зулфиясиман.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!