Меню
Қашқадарё
"СЕНГА ҒАНИМ БЎЛГАН - МЕНГА ҲАМ ҒАНИМ"
Бобо деворга ўрнатилган катта экранли телевизорга қараб, "шу менинг овунчоғим, ҳамроҳим, дилкаш суҳбатдошим, дейди. - Куни кеча Президентимизнинг мустақилликнинг 28 йиллиги байрамини нишонлаш ҳақидаги қарорини эшитдик. Кўз олдимда халққа эркинлик, тенглик ваъда қилиб, аммо ўз сўзида турмаган, аксинча, уларга нисбатан ноҳақ ғайриинсоний сиёсат олиб борган шўро тузуми, у туфайли оиламиз бошига тушган мудҳиш воқеалар, кўрган азобу уқубатларимиз келди".
Шомурод бобонинг ҳикояларини эшитиб, қалбим ларзага келди, унда қизил салтанатнинг ҳақиқий башараси намоён бўлди.
Шомурод бобо насл-насаби жиҳатидан Чироқчида шоир-бахшилар сулоласига мансуб. Дўмбира чалиб, достону термалар айтишни Расул шоир бошлаб берган эди. Бу анъанани катта ўғли Маҳман давом эттирди. Ундан дўмбирани Тоғай қўлига олди. Созини булбул монанд сайратиб чаладиган ёш бахши достон куйласа тингловчиларни сеҳрлаб қўяр, давралар тўлиб кетарди.
1930 йил бошланиши билан кўп миллатли мамлакатда қама-қама бошланди. Зулм чангали Чироқчига ҳам етиб келди. "Тузумга қарши" ниқоби остида айбсиз-айбдорлигидан қатъи назар, кўп кишилар турмага ташланади, бирига қамоқ жазоси берилади, яна бири узоқ ўлкаларга сургун қилинади.
Тоғайни ҳам кутилмаганда формали ходимлар олиб кетишди. Унга "тўй ва бошқа тадбирларда шўро тузумини ёмонловчи термалар куйламоқда", деган ноҳақ айб қўйилди. Бу ҳақда НКВД билан ҳамкорлик қиладиган бир маҳалладоши ёлғон маълумот берган эди. Тоғай сўроқ пайтида айбсизлигини исботлашга ҳарқанча уринмасин, фойда бермади. 1930 йилнинг охирида сургун қилинган қашқадарёликлар чиққан вагон Китоб темир йўл бекатидан силжиди. Бу вақтда Тоғайнинг турмуш ўртоғи Тожихол Шомуродга ҳомиладор эди.
Поездда беш-олти кун йўл босган бадарға қилинганлар Сибирнинг Шартандинск қишлоғига олиб келинди. Баҳор кириши билан уларни экин-тикин ишларига жалб қилишди. Иш вақти чегараланмаган, тонгдан қош қорайгунга қадар давом этарди, аммо берганига қорин тўймасди, ҳаммалари ертўлада жон сақларди. Шу тариқа бир йил ўтди. Тоғай бу қийинчиликларга бардош берар, фақат узоқда қолган болалари, айниқса, ҳомиладор аёлини кўп ўйларди. Бу хавотир ва ўйлар уни сургундан қочишга ундади. Бир неча шерикларини ҳам бу ишга кўндирди. Улар орасида Чироқчи ва Яккабоғдан ҳам одамлар бор эди. Бир кеча тунда, ҳамма уйқуда бўлган пайтда улар қишлоқни тарк этишди. Тоғай бир неча кунлардан сўнг эсон-омон Чироқчига қайтиб келди. Болаларини соғ-саломат кўриб хурсанд бўлди. Тожихолнинг кўзи ёриганига беш-олти ой бўлган экан, фарзандига Шомурод деб исм қўйишибди. Тоғай узоқ вақт кўзга кўринмай, тўй-таъзияларга бормай юрди. Фақат тунда соғиниб қолган дўмбирасини қўлга олиб, ўзи билган достонлардан парчалар куйлар, янги термалар айтарди.
Шўроларнинг, ҳатто шарпаларни сезадиган "қулоқ"лари кўп эди. Бир куни тунда махсус хизмат ходимлари келиб, Тоғайни яна олиб кетишди. Бадарға қилинган жойдан қочганлиги учун фақат уни эмас, барча оила аъзоларини ҳам қаттиқ жазолашиб, яшаш жойидан сургун қилиш бўйича қарор қилинди. Ҳатто, ҳали бир ёшга тўлмаган Шомуродни, уни кўкрак сути билан боқаётган онаси Тожихолни ҳам аяб ўтиришмади. Эр-хотин беш нафар фарзанди билан поездга чиқарилди. Тоғайнинг кўзига балодек кўринган - яна ўша Шартандинск қишлоғига келишди. Қишлоқнинг атрофини ўрмон, экинзорлар ўраб олган, жуда гўзал манзара. Аммо Тоғайнинг юрагига қил ҳам сиғмайди, бу гўзаллик унга татимайди. Бу ерга сургун қилинганлар учун махсус ертўлалар қурилган. Улардан бирига Тоғай оиласи билан кўчиб кирди. Уни дарҳол далага, ишга чиқаришди. Бу ернинг тупроғи, об-ҳавоси фақат картошка, пиёз, сабзи етиштиришга яроқли эди.
Ёз қисқа бўлиб, тез ўтиб кетди. Биринчи қиш жуда қийин кечди, айниқса, болалар кўп қийналишди, тез-тез шамоллаб туришди, улар бу ернинг об-ҳавоси, шароитига мослаша олмадилар. Лекин яшашга мажбурлар. 1 сентябрда Тоғайнинг фарзандлари - Иброҳим, Раҳим, Умбар ва Давлат шу қишлоқдаги мактабга ўқишга боришди. Улар ҳарф танишни, ўқишни она тилида эмас, рус тилида ўрганишни бошлашди. Бир йил ўтар-ўтмас оила бошига мусибат тушди. Кўкракдан ҳали узилмаган Шомуродни ташлаб, онаси Тожихол жон берди. Кейин бирин-кетин Раҳим, Умбарни тупроққа қўйишди, улар ҳали ўн ёшга ҳам етмаган эди. Тоғай бундай қисмат зарбидан анча вақтгача ўзига кела олмади. Энди атак-чечак бўлаётган Шомурод қаровсиз қолди. Тоғай тақдир тақозоси билан бу ерга келиб қолган шаҳрисабзлик бир жувонга уйланди. У ҳам Шомуродни тарбиялади, ҳам бир йил ўтиб, Тоғайга бир қиз ҳадя қилди. Унга Сибирия деб исм қўйишди.
Шомурод етти ёшга тўлгач, мактабга борди. Унинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси йўқ эди. Отасидан сўраб-суриштирмасдан синф раҳбари журналга Шомуродни русча фамилия - Туманов Александр деб ёзиб қўйди, у ўн йил шу фамилияда юрди.
1939 йилда Тоғайнинг тўнғич ўғли Иброҳимни ҳарбий хизматга чақиришди, аммо оилага қайтиб келмади. Кейинчалик унинг иккинчи жаҳон уруши бошлангач, фашистлар билан бўлган жангда ҳалок бўлганлиги ҳақида қорахат келди. 1942 йилда Тоғайни ҳам фронтга жўнатишди. Ғалабадан сўнг иккинчи ватани бўлиб қолган Шартандинск қишлоғига қайтди. Бу вақтда унинг фарзандларидан фақат Шомурод қолган эди. Хотини, Шомурод ва қизи Сибирия билан ўша узоқ ўлкада яшашда давом этди. Унинг ягона мақсади ва орзуси улар билан киндик қони тўкилган Ватанига қайтиш эди. Бир куни қўлига қоғоз ва қалам олиб, истагини қондиришни сўраб, "халқлар доҳийси" Сталинга хат ёзди, жавобини умид билан кутди. Ниҳоят, 1948 йилда оиланинг Ўзбекистонга - Чироқчига қайтишига рухсат берилди. Тоғай Маҳмановнинг қувончи чексиз эди. Фақат хотини, уч фарзандининг хоки бегона юртда қолаётганидан ўкинди. Сўнгги куни қабристонга бориб, улар ҳақига дуои фотиҳа ўқиди. Ўша йилнинг кузида оила аъзолари билан ҳам қувонч, ҳам қайғу-алам билан Шартандинск қишлоғидан жўнаб кетди.
Тоғай Маҳманов юртига қайтиб келгач, яна қўлига севимли дўмбирасини олди. Ўғли Шомурод билан бирга турли давраю тантанали маросим, маъракаларда достонлар айта бошлади. Илҳом билан термалар куйлаб, давраларни қизитди, мухлисларига завқ-шавқ бағишлади. Отаси билан доимо бирга юриш Шомуродга бахшилик ва бадиҳагўйлик сирларини пухта эгаллашга ёрдам берди.
90 ёшдан ошган Тоғай шоир, ўғли Шомурод билан видолашар экан, "Ўғлим, менинг ишимни давом эттир, дўмбирам сенга ёдгорлик бўлиб қолсин", деб васият қилди. Шунга ҳам қирқ уч йил бўлибди.
Шомурод шоир Тоғай ўғли падари бузруквори васиятига амал қилиб, ота касбини давом эттирди. Нафақат тўй-томошаларда, бахши-шоирлар кўрик-танловларида ҳам қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келди. Унинг репертуарида оиласи бошига тушган мусибатларнинг сабабчиси - мустабид тузумни қораловчи, истиқлол кунлари келишига ишонч, Ватан туйғуси жўш урган термалар асосий ўринни эгаллади. Қаттол тузум гумашталари, айғоқчиларига қарата
Қўлларимни бойладинг,
Авахтага ҳайдадинг,
Тор хонага жойладинг,
Кўкламагин Меккамчол
каби мисраларни яратди. Истиқлол кунлари албатта келишига ишонч билдирди:
Омон-омонга келур,
Омад - лойман-а келур,
Одил замона келур.
Мустақилликка эришган Ватанимизнинг шаънига самимий жўшқин қасидалар тўқиди:
Сенга ғаним бўлган - менга ҳам ғаним,
Ўланларим - юракдаги забоним,
Омон бўлсин суянганим - суйганим,
Тинчлик қасри - меҳрибоним Ватаним.
Она Ватан, сенга бўлсин шараф-шон,
Таърифингни куйлар Қашқа, Зарафшон.
Тупроғингни кўзга қилай тўтиё
Садқа бўлсин сенинг учун жону тан.
Шўро замонида эрки топталган, ватанидан йироқда ҳар бир куни азоб-уқубатда, юртини қўмсаб ўтган Тоғай шоир, унинг ўғли Шомурод бахши ижоди мустақиллик туфайли қадр топди. 2000 йилда Шомурод шоир Тоғай ўғлига Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси фахрий унвони берилди.
- Давлатимиз мустақил бўлганига 28 йил тўлаяпти. Ўтган йилларда мисли кўрилмаган ўзгаришларга шоҳид бўлдик, - дейди Шомурод шоир. - Фақат ҳур, озод халқгина ана шундай ишларга қодир бўлади. Кейинги уч йилда эса мамлакатимиз ҳамма соҳада шаҳдам қадамлар билан бораяпти, иқтисодиёт бўладими, ижтимоий ривожланиш бўладими, ишларимиз шиддатли тус олмоқда.
Бу нурафшон, саодатли кунлар учун қанча миллатдошларимиз жон беришди, сургунларда азоб чекишди. Бугунги дориломон кунлар улар орзуси эди. Шундай экан, истиқлолимиз берган ҳар неъматнинг қадрига етиб, шукрона қилайлик.
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист