Меню

Қашқадарё

15.11.2018 1668

“СЕН-МЕН”ГА БОРМАГАНИМИЗ – ОСОЙИШТАЛИГИМИЗНИНГ БОШ ОМИЛИ

ЮНЕСКО томонидан дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқот ўрнатиш, миллатлар ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида 70 дан зиёд халқаро ҳужжат қабул қилинган бўлиб, уларнинг ёрқин намунаси 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференцияси 28-сессиясида эълон қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”дир. Ҳозирда ушбу сана бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланади. 

Қайд этиш лозим, айни пайтда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 диний конфессия вакиллари ягона мақсад – мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги юксалиши йўлида ҳамжиҳат меҳнат қилмоқда. Диний ташкилотлар эмин-эркин фаолият олиб бораётгани, барча диний маросимлар тўла-тўкис адо этилаётгани, байрамлар кенг миқёсда нишонланаётгани юртимизда ҳукм сураётган бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.

- Тотувлик ва бағрикенглик масаласига ислом динида ҳам эътибор билан қаралади, - дейди Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллиги масъул котиби Бекмурод Сахриев. - Пайғамбаримиз (с.а.в.) ғайридин қўшнига ҳам яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар. Бу борада саҳобаи киром ва тобеинлар ўрнак ва намуна кўрсатишган. Умар ибн Хаттоб (р.а.) ғайридинларга хайрихоҳлиги, меҳр-муруввати ва адолатпарварлиги билан маълум ва машҳур эди. Ҳазрат Умар (р.а.)нинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган.

Афсуски, бугунги кунда жаҳоннинг турли нуқталарида диний, миллий ва бошқа ижтимоий-сиёсий омиллар негизида юзага келган қуролли тўқнашувлар оқибатида юзлаб одамларнинг қурбон бўлаётгани, минглаб кишиларнинг ўз бошпаналаридан айрилиб, туғилиб ўсган юртларини ташлаб кетишга мажбур бўлаётгани каби аянчли жараёнларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Баъзи бир ёшлар дин ниқоби остида билиб-билмай мана шундай уруш ўчоқларида ўзга дин вакилларини турли қийноқлар билан азоблаб, ҳатто уларни ваҳшийлик билан ўлдирмоқдалар.

- Бугунги мураккаб даврда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун динлар, конфессиялар, миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тушуниш ғоят муҳим аҳамиятга эга, - дейди Қарши шаҳридаги Оқтепа маҳалла фуқаролар  йиғини раиси Отабек Узоқов. - 20 га яқин миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган бизнинг маҳалламизда ҳам худди шундай муҳит қарор топган. Турли динга эътиқод қилувчилар учун зарур шароитлар яратилгани, уларнинг ўз анъана ва удумлари, маросимларини бемалол адо этиб келаётгани эътиборга молик.

Дарҳақиқат, Оқтепада байрамлар арафасида “Ўзбекистон - умумий уйимиз” шиори остида сайил ўтказиш анъанага айланган. Ушбу тадбирларда ўзбек, қозоқ, қирғиз, немис, озарбайжон, тожик, рус, татар ва туркман миллатига мансуб ёшу қари иштирок этиб, ўз урф-одатлари ва анъаналарини намойиш этишади. Маҳалла ҳудудида жойлашган православ ва протестант черковларида ҳам диний ибодатлар эмин-эркин адо этилади. 

- Йиғин ҳузуридаги маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда “Ягона мақсад билан бирлашамиз” шиори остида уйда таълим олаётган болалар, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз кекса ва ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди, - дейди маҳалла масъул котиби Муқаддам Санаева. - Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари ҳамда маҳалла хотин-қизларига касб-ҳунар ўргатиш йўлга қўйилди. 4 нафар эҳтиёжманд оила фарзандларининг суннат тўйларини ўтказишга, турли миллатга мансуб 6 нафар хотин-қизга ўз тадбиркорлик  фаолиятини йўлга қўйиши учун кредит олишга, коллежни тамомлаган 10 нафар қиз ишга жойлашишига кўмаклашилди.

- Маҳалламизда барча миллий байрамлар аҳилликда, шоду хуррамликда нишонланади, - дейди Ширинбажи Бўтаева. -  Наврўз, Қурбон ҳайити, Пасха, Сабантўй, Масленица, Янги йил, Рождество, Тасаддиқ каби байрамлар иноқлигимизни янада оширади. Туркман маҳалладошларимиз хонадонида ишлики, қорма, қозоқ қўшниларимизнинг уйида бешбармоқ, ўзбеклар хонадонида паловхонтўра тайёрланган кун албатта, қўни-қўшни, муҳтож ва касалманд кишилар ҳолидан хабар олинади. Миллатим- озарбайжон. Рус қизни келин қилган бўлсам, қизимизни ўзбек йигитига турмушга бердик. Улар ҳам тинч-тотув ҳаёт кечиришмоқда.

-Қўни-қўшниларимиз билан бирор марта сен-менга борганимиз йўқ, - дейди немис миллатига мансуб Андрей Келлер. - Яхши-ёмон кунларимизда бир-биримизга тиргак бўлиб, аҳил яшаяпмиз. Фарзандларимиз ўз қизиқиш ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаётгани юртимиздаги тинчлик осойишталик туфайли.

Орзу ва мақсадларимиз - муштарак, Ватан - ягона. Шундай экан, йиллар, асрлар оша давом этиб келаётган бундай қадриятлар кўпмиллатли давлатимизнинг буюк келажаги учун мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!