Меню

Қашқадарё

25.02.2020 1746

СЕН КЕЛСАНГ, ЛОЖУВАРД ТУЮЛГАЙ ОСМОН...

Абадиятга дахлдор шахслар

Ватан, менинг юрак ипларим,

Билиб бўлмас самовий қудрат,

Самовий бир ишонч туфайли

Юрагимга боғланган фақат.

Ҳар гал Ғузор туманидаги мўъжазгина Тожик қишлоғига келганимда, шоир Чори Авазнинг Ватан ҳақидаги  ушбу мисралари қулоқларим остида акс-садо бераверади. Ана шу қишлоқнинг кўча бўйидаги салқин шаббодага бурканиб турган дов-дарахтлари, чанг кўчалар ва бағрикенг инсонлар Чори Аваз қалбида илк илҳом туйғусини, она Ватанга бўлган чексиз меҳрни шакллантирган эди.

Шундай тақдир эгалари борки, қанчалик оз умр кўрмасин ўз ижодий ишлари билан нафақат тарих зарварақларидан жой олган, балки инсонлар қалбида ҳам ўчмас из қолдира олган. Рус шоири Лермонтовга нисбатан "шоирлар қишлоқларда туғилади, шаҳарларда вафот этади", Усмон Носирга нисбатан "фавқулодда истеъдодли шоир" деган таъриф берилган. Ўткир Ҳошимов эса "ижодкорда қишлоқнинг юраги, шаҳарнинг ақли бўлсин" деган фикрни айтган эди. Чори Аваз эса бу таъриф ва фикрларнинг ҳаммасини ўзида мужассам эта олган том маънодаги ҳақиқий истеъдодли шоир эди.

Чори Аваз ўзбек адабиётига, адабиёт ихлосмандларига "Тортилган камон", "Куз эртаси", "Уйғонишдан ўзга толе излама", "Сайланма", болаларга атаб "Бир дунё савол", "Мен ҳам битта Ўзбекистонман" деб номланган шеърий тўпламларини тақдим этди. Таржимонлик соҳасига ҳам қўл уриб,  япон ёзувчиси Акутагаванинг "Қоронғиликдаги суҳбат", "Пигмей сўзлари" асарларини, Такубокунинг "Танкалар"и ҳамда фин халқ эпоси ҳисобланган "Калевала" достони, Котиб Ёсиннинг "Гриф" асарларини зўр маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ўроз Ҳайдар шоир ҳақида шундай эслайди: "Мен  Чоридек дўстни умрим давомида   бошқа учратмадим, у камгап ва камтарин эди. Дўстим билан "Насаф" нашриётида бор-йўғи бир йил ишлаган бўлсам-да, ундан ўзим учун керакли кўплаб нарсани ўргандим. У шунчалар масъулиятли эдики, бирор марта ҳам ишга кечикиб келмаган эди, тиним билмасдан меҳнат қиларди. Агар бирорта яхши шеърни учратиб қолса, шунчалар хурсанд бўлардики, инсоннинг баҳри дили очиларди. Бир марта йўлда ушланиб ишга кеч қолдим.  Ишга келсам Чорининг шу қадар жаҳли чиққан эдики, менга қараб: "Шоир, энди бунақа кеч қоладиган бўлсангиз, ишни ташласангиз ҳам бўларкан," деб айтди. Бу гапдан хафа бўлиб хонамда ўтирсам, кириб келди-да, "Ўроз, интизомли бўлсанг, асарларингда ҳам интизом бўлади, тартибни унутма, учар бўлма", деди. Худди мана шу гаплар мени доим тинмасдан ижод қилишга ундайди, доим интизомга чорлайди".

Чори Авазнинг ушбу мисраларига эътибор берамиз:

Сен келсанг, қайтадан гуллагай хазон,

Сен келсанг, ложувард туюлгай осмон.

Сен келсанг энг дилбар янграгай наво,

Сен келсанг, бағримда тирилар дунё.

Шоирнинг турмуш ўртоғи Зебо Омонова шундай хотирлайди: "Чори ака ишда ҳам, оилада ҳам масъулиятли, тартибли, қатъиятли ва қаттиққўл инсон эди. Ҳар бир ота каби фарзандларини севар, уларни китобга ошно қилиб ўстириш учун 3 ёшли қизимизга алифбо китобини олиб келган эдилар. Дўстга садоқатли, ориятли, ғурури баланд инсон бўлган. Чори Аваз ижодда ҳам ўта жиддий инсон эди. Ишдан келиб ярим тунгача ижод билан шуғулланар, ёзган асарларини эринмасдан қайта-қайта ишларди".

Биламизки, ҳар бир ижодкорнинг ёқтирган фасли, илҳоми келадиган дамлари бўлади. Зебо опанинг айтишича, Чори Аваз қишнинг қорли кунлари, баҳор гўзаллиги, ёзнинг ларзон меваларга бойлиги, айниқса кузнинг маъсум ва маъюслигини яхши кўриб, бу фаслни ўйчан, донишманд чол қиёфасида кўрган.

Шоирнинг қизи Гули Нигор Авазова эса шундай дейди: "Отам вафот этганида мен жуда ёш эдим, деярли у кунларни яхши эслай олмайман. Онамнинг айтишларига қараганда, отам жуда меҳрибон, очиқкўнгил, адабиётга ошно инсон бўлган эканлар, ҳар доим отамнинг ушбу хислатлари ўзимда бўлишини хоҳлайман. Шоира сифатида эса менга отамнинг шеърлари доим илҳом бахш этади.

Бугун кўнглим яна хотираларга банд,

Ўжар юрагимнинг билгани соғинч.

Отам хаёллари қайғуга каманд,

Шеърлари эртам-чун беради илинж".

Бешафқат ўлим шоирни ёшликнинг шашти уфуриб турган айни ижод палласида, яъни 1992 йил бу дунёдан олиб кетди. Ўшанда шоир эндигина 35 ёшда эди.

Чори Аваз бағрикенг, миллат учун, халқи учун қайғурадиган ватанпарвар инсон бўлган. Унинг шеърларида ҳаётнинг азизлиги, инсоний фазилатлар, Ватан муқаддаслиги доим биринчи ўринда турарди. Шоир доим ўзи талпиниб, ўз шеърларида мадҳ этадиган қишлоғида унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида бюсти ўрнатилган. Ҳар йили бу ерда шоирнинг туғилган кунига бағишлаб хотира кечалари ташкил этилади, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади. Бугун у орамизда йўқ, аммо юксак инсоний фазилатлар, юракларга сўз бўлиб, оҳанрабо мисралари сабаб  унинг номи тирик ҳамда абадиятга дахлдордир.

Садоқат РАШИДОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!