Меню

Қашқадарё

11.01.2019 2082

"СЕН ЭРКАКСАН..."

Боғча болаларию ўсмир йигитчалардан тортиб кап-катта бола-чақали, қуда-андали одамларнинг бош уриштириб кўришишларига кўзимиз кўникиб қолди.  Ота-боболаримиз узоқ вақт кўрмаган яқин кишисини бағрига босиб, кунда кўрадиган ёр-биродарлари билан қўл бериб кўришгани ҳақидаги оддийгина ҳақиқатни ҳам уларга эслатиб қўйишга тўғри келаяпти.

Йўловчи машинада ёнимда ўтирган йигитчага разм соламан. Замонавий, энг қиммат кийимлардан кийган. Аммо елкасига тушган сочи, қўлидаги тилло узук ва бўйнидаги занжири уни ўғил бола эмас, қизга ўхшатиб қўйганди. Бозорда савдо қиладиган қўшним гапириб қолди. "Кеча бир йигитча келиб, мендан шим савдо қилди. Пул санаётганида қўлига қарасам, ишонасизми, қўшнижон, тирноқларига "лак" қўйиб олган, лабини ҳам билинар-билинмас бўяган. Бошида қизчалар киядиган, тепасида пўпаги бор оқ тўқима шапкача. Гаплари ҳам аллақандай антиқа... Нозланадими-ей... Тавба қилдим, йигит ҳам шундай бўладими?"

Бу йигитча ҳам эртага бир оилани боқадиган, ота-онага суянч бўладиган, умр йўлдошини ҳимоя қиладиган, Ватан учун бел боғлаб хизмат қиладиган эркак бўлиши керак-ку. Ташқи кўринишга зеб бериб, тирноғини бўяб, қўлини совуқ сувга урмайдиган ўғилдан мард ва жасур Ватан қўриқчилари,  юрти учун, ёри учун, ор-номуси учун Алпомишдек кўкрагини қалқон қилувчи полвонлар чиқишига ишонасизми?

Кийиниш инсон феъл-атворига таъсир қилиши ҳақида доноларимизнинг кўплаб ҳикматларини учратамиз. Ҳатто муқаддас китобларимизда ҳам, эркак кишининг ипак матодан кийим кийиши, тилло узук тақиши маъқул эмаслиги таъкидланади. Шундай экан, нега айрим йигитларимиз хотин-қизлар киядиган ялтироқ матолардан, адраслардан либос тиктириб кийишаяпти? Уларнинг ота-онаси наҳотки ўғлининг қиз болага ўхшаб юришидан қувонса? Момом раҳматли: "Эркакка ўхшашни хоҳлаган аёлдан, аёлга ўхшашни хоҳлаган эркакдан дуруст одам чиқмайди" дер эди.

Кўчада писта сотаётган аёл ёнида сақич сотаётган дугонасига мақтанаётганини эшитиб қолдим. "Уйга борганимда ҳамма нарса "гатоп", хўжайин овқатларни пишириб, кирларни ювиб қўяди". У ёғини эшитмадим. Демак, эри ишламай, рўзғор ишларини қилади. Хотин эса пул топади...

Тўғри, оила учун эр ҳам, хотин ҳам бирдек масъул, аммо ҳамма нарсанинг меъёри, чегараси бор. Бир умр эр уйда, хотин кўчада бўлиши бизнинг ўзбекчилигимизга тўғри келмайди. Соғлиғи жойида бўлган эркак хотинини ишлатиб, ўзи қараб ўтирмайди. Бу учун эса йигитларимиз ёшлигидан меҳнатга ўрганиши, чиниқиши керак. Ҳамма бало бекорчиликдан келиб чиқади.

Биз, ота-оналар, тарбиячи ва ўқитувчиларда келажак эгаларини тарбиялашда баъзи масалаларга эътибор етишмаётгандек туюлади менга. Масалан, ўқув даргоҳларида қизларимиз учун махсус тўгараклар  ишлаб турибди, аммо ўғил болаларга-чи? Ахир жуда кўп иллатлар ўғил болалардан чиқаяпти-ку. Тўғри, спорт машғулотлари етарли, аммо уларнинг тарбиясига, юриш-туришига таъсир қиладиган суҳбатларми, тўгаракларми ("Белбоғли йигитлар" дегандай), зарурмикан деб ўйлайман. Суҳбатларни эркак мутахассислар олиб борса.

Давраларда бир гапни кўп такрорлаб юраман. Бу хусусда кўп ёзганман. Мактабларимизда эркак ўқитувчилар сони камайиб кетгани ҳам болаларимизнинг тарбиясига таъсир қилди. Бир мактабда гувоҳи бўлдим. Директор ҳам, унинг ўқув тарбия ишлар бўйича ўринбосари ҳам, маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳам аёл киши экан. Мен аёл киши бу ишни эплай олмайди, демоқчи эмасман. Аммо оилада отанинг ўрни қандай бўлса, жамоада, хусусан ўқув даргоҳларида эркак муаллимлар, эркак тарбиячиларнинг ҳам ўрни шундай. Эркак эркакча тарбияга эътибор беради. Ўғил болалар эркак ўқитувчилардан ибрат олиб улғаяди.

Бизнинг ота-боболаримиз Ватан ҳимоясига отланганда темирдан зилдай совут кийган, этик билан сув кечган, "белида белбоғи бор", мард ва жасур, қўрқмас инсонлар бўлишган. Биз - оналар бугун бу эзгу қадриятларимизни ор қадар эъзозлаб келаётган йигитларимиздан куч олиб, уларга  суяниб, уларнинг камолини тилаб яшаймиз. Йигитлик шаъни, эркаклик ор-номуси миллатимиз фахри эканлигини унутмайлик! Қизларимиз, аёлларимиз ёнларида тоғдай қўрғони борлигидан ҳамиша фахрланиб яшашсин!

Бўстон РАҲМОНОВА,

Ўзбекистон халқ ўқитувчиси

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!