Меню

Қашқадарё

19.05.2018 1671

СЕЛ ОҚИБАТИДА 4 ОДАМ ҲАЛОК БЎЛДИ,

Айтиш жоизки, 15 май куни сел сувларидан жабр кўрган ҳудудлар ҳақида аввал ҳам хабар берилганди. Жумладан, Китоб туманида узоқ ёғган ёмғир  натижасида ҳудуддаги Макридсой, Жиллисув, Карлисой оқимлари қир-адирликлардан йиғилиб келган сув билан тўлиб, қирғоғидан тошиб чиққан ва Жиллисув, Яккатут ва Макрид маҳалларидаги қатор аҳоли хонадонларига кирган. Ҳодиса юзасидан ўз вақтида бир қанча тезкор чоралар кўрилган. Бунинг учун вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Шаҳрисабз шаҳар қутқарув отрядидан 1 та техника, туман ёнғин хавфсизлиги бўлимидан 4 та техника, Жануб автойўл ташкилотидан 3 та экскаватор, 2 та юк кўтаргич, 3 та юк ташиш автомашинаси ва 2 та автокран, туман ободонлаштириш корхонасидан 2 та юк ташиш автомашинаси, 1 та экскаватор жалб қилинган. Айни пайтда сел сувлари ва унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилаётгани билдирилади.

Шунингдек, мазкур офат сабаб Шаҳрисабз тумани тоғли Кўл маҳалласидаги аҳоли хонадонларини ёмғир сувларидан тозалаш бўйича ишлар бажарилган. Туман фавқулодда вазиятлар бўлимидан 4 нафар ходим, туман ёнғин хавфсизлиги бўлимидан 18 нафар ходим, 4 та техника, туман автойўлдан 12 нафар ходим ва 3 та техника жалб қилиниб, аҳолига амалий ёрдам кўрсатилган.

Ўрганиш жараёнида Деҳқонобод туманида ёмғир сувларидан ҳосил бўлган оқим ва Хумдон сойи тошишидан ҳудуддаги Пахтачи маҳалласидаги 26 та, Деҳқонобод маҳалласидаги 25 та хонадон турли даражада зарар кўргани аниқланди. Бундан ташқари, сел сувлари Бибиқорасоч маҳалласидаги 24 та хонадонга ҳам шикаст етказгани маълум бўлди.  Талафот Пахтачи маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг 1-қаватидаги хонадонларда истиқомат қилувчи аҳоли вакилларини ҳам четлаб ўтмаган. Табиий офатдан тумандаги айрим инфратузилма объектлари ҳам зарарланган. Жумладан, ҳудуддан ўтувчи М39 “Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг 1275 ва 1298 километрлари оралиғидаги айрим қисмлари таъмирталаб ҳолга келган, кўприклар зарарланган.

Кучли ёмғир ёғишидан сўнг сув тошиши Чироқчи туманининг баъзи ҳудудларида ҳам кузатилган. Жомсой сойи ва Эски анҳор каналидан кўп миқдорда сув келиб, Наврўз, Ғалаба, Пахтакор, Ўзбекистон, Уйшин ва Бешчашма маҳаллаларидаги 50 та аҳоли хонадони ҳовлиси ва томорқаси кўлмакка айланган. Шунингдек, туман ҳудудидан ўтувчи 4Р84 автомобиль йўлининг 38-42 километрлари, 4К342 автомобиль йўлининг 15-16 километрлари, 4К288 автомобиль йўлининг 16-17 километрларидаги йўл қопламалари сел сувларидан ювилиб кетган.

Шу туманнинг Мирзатўп маҳалласи  Юқори Сариқамиш қишлоғида содир бўлган сел фуқаролар ҳаётига зомин бўлгани айниқса ачинарлидир. Аниқланишича, ҳудуддаги қир-адирларда кучли жала қуйиб, ёмғир сувлари катта сел оқимини ҳосил қилган. Шу қишлоқда яшовчи фуқаро Г.Мухторова (1991 йилда туғилган) бундан қўрқувга тушган. У хавфсизроқ жойга кўчиш, яъни адирликнинг бошқа томонидаги қариндоши – қайнатасиникига бориш мақсадида 3 фарзанди – қизлари З.Ҳаитмуродова (2012 йилда туғилган), О.Ҳаитмуродова (2014 йилда туғилган) ва ўғли А.Ҳаитмуродов (2016 йилда туғилган) билан ўз уйини тарк этган. Адирликдан ўтаётган вақтда эса уларни тепадан келган кучли сел оқими оқизиб кетган. Пастроқда қурбонларнинг жасадлари топилган.

Қолаверса, Юқори Сариқамиш қишлоғидан 10 километр узоқликда (адирликнинг юқори қисмида) жойлашган Бешбулоқ маҳалласи  Лолабулоқ қишлоғида яшовчи фуқаро М.Норқораева (1990 йилда туғилган) эса сел олиб кетиши натижасида бедарак йўқолган, дея тахмин қилинмоқда. Ҳозирда қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Яккабоғ туманининг тоғли ҳудудларидаги аҳоли пунктларида ҳам сел оқибатида аҳоли томорқалари, айрим хонадонлар ёрдамчи биноларига зарар етгани ҳақида маълумотлар келиб тушган.

Маълумотномада келтирилишича, содир бўлган табиат инжиқлиги қишлоқ хўжалигига ҳам катта зарар етказган. Хусусан, Қарши туманидаги 3 та фермер хўжалигининг пахта майдони, Нишон туманининг Туркманистон, Пахтаобод, Ойдин, Гулистон, Нурли келажак, Самарқанд ва Навбаҳор ҳудудларида дўл ёғиши натижасида эса 166 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 261 гектар пахта майдони ва 132 та фермер хўжалигига тегишли 1 минг 230 гектар ғалла майдони талафот кўрган.  

Вилоят ветеринария бошқармасидан олинган маълумотга кўра, ёғингарчилик натижасида ҳосил бўлган ёмғир суви ва сел оқимлари Китоб ва Деҳқонобод туманларида 20 бош йирик шохли ва 80 бош майда шохли молни нобуд қилган.

Юзага келган сел оқибатларини бартараф этиш тадбирларига Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш Давлат қуйи тизими хизматлари ҳамда тегишли корхона ва ташкилотларнинг 112 та муҳандислик ва бошқа техникалари, 500 нафардан ортиқ ишчи-ходимлари ва маҳаллий аҳоли вакиллари жалб этилган.

Табиий офат келтириб чиққан зарар миқдорини тегишли мутахассислар иштирокида аниқлаш ишлари давом этмоқда.

М.ШУҲРАТОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!