Меню

Қашқадарё

24.03.2018 1738

СЕКТОРЛАР ИШИДА СУДЬЯЛАР ҲАМ ФАОЛ

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ҳудудлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ҳамда давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлинган ҳамда улар “Маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика” тамойилига мувофиқ иш юритади.

Шунга кўра, ҳозирги кунда ҳар бир ҳудуддаги тўртта сектор вакиллари уйма-уй юриб, ўрганишлар, аҳоли билан мулоқотлар олиб бориш ва жисмоний ҳамда юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар асосида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кузатилаётган долзарб масалаларга самарали ечим топишмоқда.

2017 йилнинг 15 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик, бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасадди идоралар олдига бир қатор аниқ вазифалар қўйилди. Жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш ишлари маҳалла ва ҳудуд кесимида таҳлил этилиши, аниқ чора-тадбирлар белгиланиши ва ижрога қаратилиши ҳар бир сектор раҳбарининг энг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Ушбу талаблардан келиб чиққан ҳолда вилоятда доимий фаолият кўрсатувчи 730 та ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳларга 10 минг 220 нафар маҳалла фаоллари, ҳудудий профилактика инспекторлари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари ва психологлари, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари ходимлари, маҳалла имоми ёки обрў-эътиборли оқсоқоллари ва ҳудуднинг бошқа фидойи кишилари жалб этилди.

Энг асосийси, жиноятнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш мақсадида вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ бошқармалари, судлар ҳамда бошқа мутасадди идораларнинг вилоят маҳкамаларидан ҳар бир туман ва шаҳарга масъул ходимлар бириктирилган. Бу эса, ҳудудлардаги сектор раҳбарларига амалий кўмак бериши билан бир қаторда жойларда ечимини топмаётган муаммоларни қисқа муддатларда вилоят миқёсида ҳал қилиш имконини бермоқда.

Бу жараёндан судьялар ҳам четда қолмади – ҳар бир секторда ишчи гуруҳлар аниқлаган жиноят ва ҳуқуқбузарлик омилларини бартараф этиш ҳамда ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали сектор раҳбарларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар судьялари таркибидан назорат гуруҳлари ташкил қилинган. Жумладан, жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳарлар судлари судьялари ҳам вилоятдаги 36 та секторнинг назорат гуруҳларига бириктирилиб, фаолият кўрсатмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ушбу саъй-ҳаракатлар ўзининг амалий натижасини кўрсатмоқда. Хусусан, такроран жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида 271 оилага моддий ёрдам кўрсатилди. 246 нотинч оила яраштирилди. Жиноятга мойил бўлган, аммо ишсиз юрган 529 нафар шахснинг бандлиги таъминланди, 97 нафари маҳалла йиғинлари, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари кафиллигига берилди.

184 та жиноят иши, яъни жами кўрилган ишларнинг 38,1 фоизи маҳаллалар, ўқув муассасалари, меҳнат жамоаларига бориб сайёр тартибда кўрилиши жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик профилактикасига ижобий таъсир ўтказмоқда.

Суд муҳокамаларида жиноятларга сабаб бўлган омилларни бартараф этиш юзасидан 120 та хусусий ажрим чиқарилиб, давлат ва ўзини ўзи бошқарув органлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига етказилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2018 йилнинг 2 ойида вилоятда умумий жиноятчилик 709 тадан 309 тага, яъни 56,42 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 451 тадан 251 тага, яъни 44,2 фоизга камайган.

Қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, талончилик, ўғрилик ва босқинчилик, айниқса, фирибгарлик жиноятларининг камайгани ҳудудда вазиятнинг барқарорлашиб бораётганини кўрсатмоқда.

Профилактик тадбирлар самарасини инобатга олиб, жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳарлар судлари томонидан уюштирилган навбатдаги тадбирлар – сайёр суд мажлислари 2018 йил 9-10 март кунлари вилоятдаги жазони ижро этиш муассасаларида бўлиб ўтди. Унда ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва муассасада олиб борилган профилактик ишлар натижасида тузалиш йўлига ўтган жами 205 нафар маҳкумга инсонпарварлик актлари қўлланилди. Хусусан, 52 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 61 нафар маҳкумнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилиб, жазони ижро этиш муассасасидан чиқарилди, 92 нафар маҳкумнинг муассасада сақлаш шароитлари яхшиланди.

Умуман олганда, вилоятда давлат органлари ва жамоатчилик ҳамжиҳатлигида олиб борилаётган секторлар фаолиятининг кун сайин жонланиб бораётгани ҳудудлар ободлиги ва фаровонлашувига хизмат қилаётир. Буларнинг барчаси пировард мақсад – мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ишларни самарали ҳамда изчил рўёбга чиқаришга замин яратади.

Абдуқаюм МАҲКАМОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!