Меню

Қашқадарё

26.07.2024 5392

Сечанкўл ва Ачинкўлда, ниҳоят, туристик масканлар пайдо бўлади...ми?

Хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини янада ошириш бўйича “йўл харитаси”га мувофиқ, вилоятимиздаги Сечанкўл ва Ачинкўл кўллари бўйида туристик масканларни барпо қилиб, туризм хизмат турларини ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Президентнинг жорий йил 18 июлдаги фармони билан тасдиқланган ушбу “йўл харитаси”нинг тегишли банди бўйича вилоятимиз ҳокимлиги ҳамда Туризм қўмитаси масъул ижрочилар этиб белгиланган. Уларга Миришкор туманида жойлашган мазкур кўллар атрофида сайёҳлик масканлари бунёд этиш ва туристик хизматлар кўрсатилишини йўлга қўйиш бўйича ўрганишлар олиб бориб, 2025 йил март ойигача Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритиш топширилган.

Шу ўринда эслатиш жоизки, Сечанкўл ва Ачинкўл кўллари атрофида туризм йўналишида истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш бўйича бундан олдин кўплаб ташаббуслар илгари сурилган, аммо уларнинг деярли барчаси ҳаётга татбиқ этилмай қолган. Масалан, ўз вақтида ҳукумат қарори билан тасдиқланган 2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури доирасида Ачинкўл атрофида туристик мажмуани яратиб, унда спорт балиқчилиги ҳамда овчилик, ўтов лагери, катер ва скутерларни ижарага бериш, соҳил бўйи инфратузилмасини ташкил этиш мақсад қилинган эди. 2018-2019 йилларда Қашқадарёда туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш режаси доирасида эса Сечанкўл атрофида дам олиш ва балиқ овлаш йўналишида эътиборга лойиқ ишларни бажариш кўзда тутилган эди. Лекин шу ва шуларга ўхшаш бошқа бир қатор лойиҳалар уларни амалга ошириш механизмлари аниқ ишлаб чиқилмагани боис қоғоздагина қолиб кетган. Умид қиламизки, Президент фармони билан тасдиқланган “йўл харитаси”да кўрсатилган ўрганишлар юзаки эмас, балки астойдил олиб борилади ва бу сафар ҳукуматга Сечанкўл ва Ачинкўл кўллари бўйида туристик масканлар барпо қилиш бўйича ҳақиқатан ҳам аниқ таклифлар киритилади.

Вилоят ҳокимининг жорий йил 29 мартдаги қарорида келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги мелиоратив экспедицияси тасарруфидаги Сечанкўл кўли фойдаланишидаги ер майдони 7 минг 800 гектар (шу жумладан, сув билан қопланган майдон 7 минг гектар, соҳил бўйи минтақа майдони 800 гектар), Ачинкўл кўли фойдаланишидаги ер майдони эса 2 минг 850 гектар (шу жумладан, сув билан қопланган майдон 2 минг 450 гектар, соҳил бўйи минтақа майдони 400 гектар)ни ташкил этади.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!