Меню
Қашқадарё
САВДО МАЖМУАСИ ЎЗ ЭГАЛАРИГА ҚАЙТАРИЛДИ
Қонун устуворлиги - амалда
Қарши шаҳрида халқ тилида "Орзу бозор" деб аталадиган йирик савдо мажмуаси бор. Уни кўпчилик яхши билади. Аммо мазкур савдо мажмуасининг бунёд бўлиш тарихи, кейинчалик яхши ниятлар, улкан мақсадлар ила мажмуани барпо этган инсонлар бошида айланган қора булутлар, улар чеккан жабру ситамлар ҳақида ҳамма ҳам билмаса керак.
Келинг, гапни бошидан бошлайлик.
Ҳозирги "Орзу бозор"нинг ўрни бир пайтлар бўш ётган, қаровсиз жой эди. Уни тадбиркор Худойназар Арзиев "ким ошди" савдосида сотиб олиб, сўнг бу жойда "Орзу қувончи" деб номланган йирик савдо мажмуасини барпо этишга киришади. Ҳамкорлари билан биргаликда тижорат банкидан 40 миллион сўм миқдорида кредит олиб, янги дўконлар, савдо павильонлари қура бошлайди.
Бора-бора ишлар анча юришиб кетди. Умумий майдони 1,5 гектарни эгаллаган, 486 та савдо дўкони ва қўшимча савдо расталарини ўз ичига олган йирик савдо комплекси бунёд этилди. Бир ярим минг одам шу жойнинг ўзида ишли бўлди. Мажмуа давлатга ойига 400 миллион сўмдан ошиқ солиқ тўлай бошлади.
Халқимизда "Мевали дарахтга тош отилади" деган нақл бор. Ишлари кун сайин юришиб бораётган Худойназар Арзиев ҳам айрим ғаламис кимсалар томонидан тинимсиз отилаётган туҳмат ва бўҳтон тошларига дуч келди. Ачинарли томони, бу тошларни отаётганлар ҳам бегона эмас, уларнинг кўпи шу вақтга қадар ўзи билан бирга ишлаган, бир пайтлар ошна-оғайни бўлган кишилар эди.
Ана шундай кишиларнинг "ёрдами" билан илк маротаба 2013 йилнинг февраль ойида Худойназар Арзиевнинг устидан жиноят иши қўзғатилади. Тергов-суд идораларига қатнаш, соатлаб сўроқ бериш, асаббузарликлар бошланади. Бир неча марта тергов, турли босқичларда судлар бўлиб ўтди. Иш республика Олий судининг ўзида 2 марта кўрилди. Аллақачон нафақага чиққан Худойназар бобо Арзиев бу орада 1 йил 2 ой қамоқда бўлишга ҳам улгурди. Унга қўйилган айбловларни ўқисангиз бошингиз айланади. Жиноят кодексининг 10 дан ошиқ моддалари билан айбланган.
У билан бирга "бозорчилар"дан ҳам 9 киши судланди. Аммо шуни тан олиш керакки, бозорда дўконларни ижарага олиб ишлаётган дукондорларнинг деярли барчаси Худойназар Арзиевга фақат миннатдорчилик билдиришди. Бирортаси унга қарши кўрсатма бермади. Тадбиркорнинг ишни тўғри йўлга қўйгани, унинг меҳнати, елиб-югуриши билан шу жойда йирик савдо мажмуаси барпо этилиб, 1,5 мингдан ошиқ киши доимий иш ўринларига, юзлаб оилалар асосий даромад манбаига эга бўлганининг инъикоси эди бу. Аммо бу жараёнда иғво, туҳмат ва бўҳтонлар билан унга қарши тиш қайраган гуруҳнинг қўли устун келди.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди апелляция инстанциясининг 2015 йил 28 декабрдаги ажрими билан Худойназар Арзиев ва бошқа улушдорлар томонидан яхши ниятлар билан "Орзу қувончи" деб ном қўйилган савдо мажмуаси жиноий йўл билан топилган мулк дея баҳоланиб, улардан олиб қўйилиб, давлатга, аниқроғи, Қарши шаҳар ҳокимлигига топширилди.
Шаҳар ҳокимлигига ҳам шу керак эди. Ахир суднинг қарори бўлгандан сўнг андишага не ҳожат? Ҳокимнинг 2016 йил 3 майдаги Х-627/5-сонли қарорининг 2-бандини ўқиймиз: "Қарши шаҳридаги "Орзу" савдо мажмуасининг бино ва иншоотлари давлат эгалигига ўтказилганлиги муносабати билан, "Оқтепа Файз Савдо" савдо мажмуаси ташкил этилиб, устав жамғармаси шакллантирилиб, янги низом ишлаб чиқилиб, тегишли идоралардан рўйхатдан ўтказилсин".
Бирпасда кадастр баҳоси 14 миллиард сўмдан ошиқ бўлган савдо мажмуасининг янги эгалари пайдо бўлди. Илгари бу жой қаровсиз ва ташландиқ жой эканлиги, Худойназар Арзиев бу жойни биржада "ким ошди"да сотиб олиб кейин ҳамкорлари билан давлатдан 40 миллион сўмдан ошиқ кредит олиб, дўконлар қуриб, бозор ҳолига келтиргунча қанча тер тўккани, олган кредитини тийинигача қайтаргани, қолаверса, бу жойдаги мулкнинг барчаси акциядорлар, яъни улушдорлар мулки, хусусий мулк эканлиги, давлат улуши йўқлиги ҳамманинг, шу жумладан, суднинг ҳам ёдидан кўтарилиб кетди.
Шунингдек, тергов органи ҳам, суд ҳам бозор ва савдо мажмуаси икки хил нарса эканлигига аҳамият бериб ўтиришмади. Худойназар Арзиевнинг "Биродарлар, бозор тушунчаси бошқа нарса, биз савдо мажмуаси ташкил қилганмиз ва савдо мажмуаси тўғрисидаги қонун ва қарорлар асосида ишлаганмиз" деган кўрсатмаларига эътибор ҳам беришмади.
Конституциямизнинг 53-моддасида "Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин" деб белгилаб қўйилган.
Қаршимда 49 жилддан иборат жиноят иши. Унинг бошланишиданоқ қонун бузилишига йўл қўйилгани яққол кўзга ташланади. Чунки дастлабки терговни олиб борган вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан Худойназар Арзиев мутлақо қонунсиз айбланган. Нега десангиз, бу модда айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш деб номланади. Худойназар Арзиевга бу модданинг энг оғир қисми - 3-қисми "а" ва "в" бандлари, яъни уюшган гуруҳ томонидан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини талон-торож қилиш айби қўйилган ва унда ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.
Хўш, бунинг нимаси нотўғри дейишингиз мумкин. Нотўғри жойи шундаки, агар эътибор берган бўлсангиз, ушбу моддада ўзганинг мулкини ўзлаштириш ҳақида гап кетмоқда, оддийроқ қилиб тушунтирадиган бўлсак, давлат омборида ишловчи мудир давлатнинг мулкини "еб қўйди", бундай ҳолда албатта у жавоб бериши керак. Бу тушунарли, албатта. Аммо Худойназар Арзиев томонидан барпо этилган савдо мажмуасида давлат мулки ёки давлат улушининг ўзи йўқ. Мулкнинг барчаси 3 та улушдор, яъни Худойназар Арзиев, Н.Худойбердиева ва Ж.Хайруллаевга тегишли. Қонунда эса акциядорлар, яъни улушдорлар шикоят қилмаса, жиноят иши қўзғатилиши мумкин эмас. Улушдорларнинг бирортаси ҳам шикоят қилмаган, чунки ким ҳам ўзига тегишли нарсани ўзи ўғирлайди?!
Шунинг учун охирги судда, яъни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 6 декабрдаги ажрими билан Х.Арзиев бу модда бўйича қўйилган айбловдан оқланди. Наинки бу модда, балки бошқа қатор моддалар билан ҳам айби йўқ деб топилди.
Жумладан, Х.Арзиев жуда кўп миқдордаги солиқ тўламаганлиги боис Жиноят кодексининг 184-моддаси билан айбланиши ҳам қонунга зид ҳолат деб топилди. Чунки, "тиши чиққандан" бери савдода ишлаб келаётган Х.Арзиев солиқ юки нима эканлигини жуда яхши билгани учун барча солиқларни тийинигача ўз вақтида тўлиқ тўлаб қўйгани, солиқчилар эса "адашгани" маълум бўлиб қолди.
Улар аслида ҳам "адашиб нотўғри ҳисоблаганми" ёки қандай бўлмасин айбини топинглар деган топшириқни бажаришганми, албатта, бу уларнинг виждонига ҳавола. Аммо суд уларнинг хатосини кўрсатиб, чора кўришни сўраб солиқчиларнинг устидан хусусий ажрим ҳам чиқарди.
Агар Х.Арзиевга қўйилган Жиноят кодексининг ҳар бир моддасини худди юқоридагидек қилиб тушунтираверсак, каттакон бир "достон" бўлади ва Сиз муҳтарам ўқувчини зериктириб қўямиз.
Шунинг учун охирги натижани айтиб қўя қолайлик. Адвокат сифатида мен суддан Х.Арзиевни тўлиқ оқлашни талаб қилдим ва ундан ҳамда унинг ҳамкорларидан асоссиз равишда тортиб олинган савдо мажмуасини қайтариб беришни сўрадим.
Аммо суд тўлиқ оқлашга журъат қила олмади, "майда" моддалар билан айбдор деб топиб, амнистия қўллаб жазодан озод қилди, яъни сал-пал бўлсада "илаштириб" қўйди, бозорни қайтаришни ҳам пайсалга солди.
Лекин биз учун Х.Арзиевдан у айбланган ўндан ошиқ моддаларнинг ва айб эпизодларининг олиб ташланиши етарли эди. Шу боис адолат учун курашни давом эттирдик ва аввало маъмурий судга мурожаат қилиб, Қарши шаҳар ҳокимининг бозорни ўз тасарруфига олиш ҳақидаги қарорини бекор қилдирдик. Кейин эса ғайриқонуний олиб қўйилган улушдорлар мулки бўлган бозорни қайтариб бериш, қайтариб берганда ҳам суд ижрочилари орқали қайтариб беришни талаб қилиб, иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилдик.
Яна судбозлик, яна тортишув! Қарши шаҳар ҳокимлиги бозорни беришни хоҳламайди. Биз уларнинг вакилига "Ҳокимлик бу бозор учун биронта ғишт қўйганми ёки биронта бинони қурганми", "Нега бизники деяпсизлар?", "Аввалги суд қарори қонунсиз деб топилиб республика Олий суди томонидан бекор қилинди, бизники дейишга ҳозирги кунда сизларда ҳуқуқий асос мавжуд эмас", деган савол ва эътирозларимизга эса тайинли жавобнинг ўзи йўқ.
Ниҳоят Қарши туманлараро иқтисодий суди даъво аризамизни қаноатлантириб, 2020 йил 22 январдаги ҳал қилув қарори билан бозорни ҳақиқий эгалари, яъни улушдорларга қайтариш тўғрисида қарор қабул қилди. Ҳақиқат қарор топди, аммо бунинг учун узундан-узоқ 7 йил керак бўлди.
Қанчадан-қанча асаббузарлик, қоғозбозлик, у идорадан бу идорага, у вилоятдан бу вилоятга қатнаш ва ҳоказо сарсонгарчиликлар айтишга осон.
Энг ачинарлиси, бу жиноят иши бўйича фақат у киши эмас, балки тергов ва суд органларининг пала-партиш, юзаки, ҳайбаракаллачилик ишларидан ушбу бозор тизимида янгидан ташкил қилинган "Чарос камалаги" савдо мажмуаси шуъба корхонасида бош ҳисобчи бўлиб ишлаган Шуҳрат Арзиев 6 ой 3 кун қамоқда бўлган. 3 миллион 754 минг сўмни ўзлаштирганликда айбланган иқтисодчи Рустам Баширов 2 ой мутлақо асоссиз равишда озодликдан маҳрум этилган. Улар бугун тўлиқ оқландилар.
Энг қизиғи, Рустам Баширов ўзига бириктирилган корпоратив карточка орқали канцелярия товарлари, бензин ва ҳоказо нарсалар олса-да, ўз вақтида ҳисобот қилишга улгурмаган экан. Вақтида тафтишчига топиб бера олмабди, бор айби шу.
"Чарос камалаги" шуъба корхонасида директор вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган Ваҳоб Отаниёзов эса 2 йил 5 ой 21 кун қамоқда бўлган. Унга қўйилган айбловлар ҳам суд томонидан асоссиз деб топилди. Деярли 2,5 йил қамоқда ўтирган кишига айбингиз йўқ экан, кетаверинг дейиш, албатта осон, аммо унинг қамоқда ўтказган ҳар бир куни қанчалик азоб эканлигини фақат бошидан ўтказган одам ва оила аъзолари билади, холос.
Биз уларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундиришни сўраб фуқаролик судларига даъво аризаси билан мурожаат қилишда давом этаяпмиз. Ахир қонуннинг барча талаблари тўлиқ бажарилиши ва қонун устуворлиги таъминланиши шарт.
Зеро, ушбу муҳим тушунчанинг нафақат қоғозда, балки амалда ҳам бўлишини ҳар бир фуқаро чин юракдан истайди. Чунки ана шундагина давлатдаги ҳар бир киши эркин нафас олиш, ишлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш имконига эга эканлигини чуқур ҳис этиб, мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшишни ўзига бурч деб билади.
Сафар КАТТАБОЕВ,
Қарши шаҳридаги "Protsessual kafolat" адвокатлик бюроси адвокати