Меню
Қашқадарё
Сарсонликлар нега сарсон?
Айрим идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ахборот хизматларининг танқидий чиқишларни хаспўшлашга уриниши, гўё ҳаммаси жойида, кўнгилдагидек кўрсатишга ҳаракат қилишига ўрганиб қолганмиз ва уларни қай бир маънода тушунамиз ҳам: раҳбарига, ҳокимга ёмон кўринишни хоҳлашмайди. Чироқчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати эса Умакай МФЙ Сарсон қишлоғилик фуқародан келган мурожаатни борича расмий каналига жойлаштирди. Ҳокимликка мавзу азалдан таниш шекилли, “Яна ўша мавзу: электр симёғочларнинг яроқсиз ҳолатга келиши ва трансформатор муаммоси”, дея изоҳ берилади “Сарсон қишлоғимизнинг одамлари бир неча йиллардан буён сарсон...” деб бошланган мурожаатга.
Қайд этилишича, ҳудудни электр энергияси билан таъминлаб турувчи сим ва симёғочлар 1970 йилдан бери аҳолига хизмат қилиб келмоқда. Жорий ҳолатга кўра сим ва симёғочлар эскириб, аллақачон ўз умрини ўтаб бўлган. Чириб кетган симёғочларнинг қиш фаслида қулаб тушиш эҳтимоли юқори. Ушбу маҳаллада яшовчи Қадамбой Уроловнинг таъкидлашича, электр токи жуда кучсиз бўлиб, айниқса, совуқ тушиши билан электр лампалар шам сингари ёнади.
Яроқсиз холга келган сим ва симёғочларни янгисига алмаштириш зарур эканлиги тўғрисида маҳалла аҳолиси бир неча бор Чироқчи тумани электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилишганини айтишмоқда.
“Сарсон қишлоғидаги кўп сонли фуқаролар электр мосламалари носозлиги бўйича танг аҳволда яшаётган бугунги кунда уларнинг муамолари ўз ечимини топадими? Ушбу ҳолат бўйича масъуллардан жавоб кутиб қоламиз” деб таъкидланади ҳокимлик муносабатида.
Биз эса минглаб одамларни қийнаётган муаммони аритишда ҳокимликнинг электр таъминоти корхонасига “тиши ўтади” деб ишонамиз...