Меню

Қашқадарё

23.08.2018 4211

САРОБ

- Сергей Акимович!

Унинг важоҳатидан от ҳуркарди. У қаттиқ топшириқ олганди: аёвсиз текшириш ўтказасан, жазога торттирасан! Сергей хизмат сафарининг боисини билдирди ва туман раҳбари олдига жимжимадор ёзувли беш-олти варақни суриб қўйди. Булар Москвадаги обрўли идорага йўлланган шикоят хати эди. Раҳбар ариза билан обдан танишди. Унда "Гулистон" хўжалигининг бош ҳисобчиси Нодир Шариповнинг хўжалик маблағларини талон-торож қилаётгани, атрофига ўзининг яқин қариндошларини тўплаб олгани, яқинда ҳайҳотдай уй қургани, хоналар зарҳаллангани, ҳар бир хонага қимматбаҳо қандиллар осилгани ва чет эл гарнитурлари билан жиҳозлангани баён қилинганди. Лекин шикоятномага ҳеч ким имзо қўймаганди.

- Қаршилигимиз йўқ, - деди туман раҳбари вазминлик билан бамайлихотир. - Мен бош ҳисобчи Нодир Шариповни жуда яхши танийман. У киши инсофли ва диёнатли инсон. Бу - кўролмас, ичиқораларнинг иши.

"Диёнатли эмиш, - Сергей Акимовичнинг хаёлидан ўтди. - Сизларда ўзи диёнатли одам борми? Баринг ўғри-муттаҳамсанлар-ку!"

- Ноёб кадр десангиз-чи! - дея Сергей кесатди.

Биринчи раҳбар унинг кесатиғига эътибор бермади.

- Ҳақиқатан ҳам ноёб деса бўлади. Ўз ишини пухта билади, касбини виждонан бажаради. Аризага исм-фамилиясиниям қўймапти, номардлар! Имзосиз!

Сергей истеҳзо билан илжайди: "Бечоралар қаёқданам исми-фамилиясини ошкор этсин. Авлоди билан йўқ қилиб юборасанлар-ку!"

Туман раҳбари ўрнидан турди:

- Бари - туҳмат гаплар. Ишончим комилки, шикоятдаги важларнинг биронтаси ҳам ўз исботини топмайди!

- Бари бўҳтон денг, - Сергей Акимович яна заҳархандалик билан луқма ташлади. - Туҳматми, туҳмат эмасми - бу текширишда аён бўлади.

- Майли, текширинг, текширганда ҳам яхшилаб текширинг. Биздан нима ёрдам керак бўлса, барига тайёрмиз!..

Сергей Акимович биринчи раҳбарнинг хонасидан чиқди-да, тўппа-тўғри "Гулистон" хўжалиги идорасига келди. Хўжалик раҳбарлари билан учрашди ва ўзининг мақсад-муддаосини айтди.

- Нодир Шарипов кеча санаториядан қайтди, - деди директор. - Майли, сиз нима десангиз шу...

Сергей ялт этиб, хўжалик раҳбарига қаради:

- Санаториядан қайтди?! - у мамнун илжайиб қўйди. - Мазза қилиб дам олгандир-да!

Демак, шикоятноманинг ҳам исботи топила бошланди!

Хўжалик раҳбари аризани қўлига олдию бурнини жийириб қўйди.

- Аризадаги гаплар... - раҳбар бош чайқади, - бари беҳуда гаплар, буни иғвогарлар ёзган...

"Топган гапини қаранг, дабдурустдан иғвогарлар ёзган дейди-я. Тавба? Сен қаёқдан биласан иғво эканлигини? Ёнини оласанлар-да. Баринг - ҳамтовоқсан. Туманнинг раҳбаригача шериксан. Ҳали кўрамиз, мен ишни бир бошлаб олай, сичқоннинг ини минг танга бўлиб, ҳамманг қочишга жой тополмай қоласанлар!"

- Меҳмон сиз, аввал бир пиёла чой ичиб олинг. Ундан сўнг бемалол ишга киришаверасизлар! - хўжалик раҳбари уни таомга таклиф этди.

Сергей Акимовичнинг пешонаси тиришди.

- Йўқ, - деди асабийлашиб, - мумкин эмас. Биз ҳозирданоқ ишга киришамиз!

Хўжалик директори елкасини учирди:

- Ихтиёрингиз...

Чой ичамиз эмиш. Булар "ҳунари"ни кўрсатишни бошлаяпти, шекилли. Устози Андрей Денисович тўппа-тўғри айтган экан. Қуёшли юртга жўнаши олдидан "Саша, жуда эҳтиёт бўл! Улар аҳил-иноқ халқ. Бир-бировини ўлгудек ҳимоя қилишади. Қандай қилиб бўлмасин, сени "сотиб" олиш пайида бўлишади. Зинҳор-базинҳор уларнинг чойини ҳам ича кўрма, совғаларини ҳам олма! Расво бўласан", деганди.

* * *

Тафтишчиларга идоранинг ўзидан эшик-деразалари панжарали алоҳида хона ажратиб берилди. Улар шу вақтнинг ўзидаёқ хўжаликнинг молиявий ишларини текширишни бошлаб юборишди. Тағин бир комиссия тузилди. Сергей Акимович комиссияни олиб, иккита енгил машинада дабдабали "кошона"ни ўз кўзи билан кўрмоқ учун олдинма-кетин жўнади. Бош ҳисобчи Нодир Шарипов яшайдиган қишлоқ хўжалик идорасидан нари борса, ўн-ўн икки чақирим узоқликда жойлашган экан.

Сергей автомашина ойнасидан йўл четини томоша қилиб борарди. Пастак, лойсувоқ ва кўримсиз уйлар. Ҳар жой-ҳар жойдан томи шифер билан ёпилган уйлар ҳам кўринади. Ҳов, тошлари кўриниб турган уй ёнида эркак киши ҳадеб лой қорияпти. Ҳар-ҳар замонда манглайидаги терни енги билан артиб қўяди. Хотини эса лойга челакда сув қуйиб турибди.

"Вой, бечоралар-ей! Зарил кептими, шундай жазирамада ишлаб? Ҳақиқатан ҳам камбағали - камбағал, Нодир Шариповга ўхшаганлари эса даврини суриб ётибди" - кўнглидан кечирди Сергей.

Ўнқир-чўнқир йўл автомашинани силкитиб юборади. Сергейнинг боши "қарс" этиб машина салонининг шипига урилади. Рўпарадан ён томонига ҳашак тўла қанорлар боғланган эшак устида юпун кийинган бир бола бор овози билан қандайдир қўшиқни куйлаб келаяпти. Мурғаккина боланиям ишлатишади, эгоистлар, деб қўйди Сергей ичида.

Машиналар тепаликдаги бир уйнинг олдига келиб тўхтади. Машиналар тўхтаган заҳоти орқадан чанг-тўзон ҳам ёпирилиб келди. Нарироқдаги уйдан эллик ёшлар атрофидаги бир киши уларга пешвоз чиқди ва меҳмонлар билан бирма-бир қўшқўллаб кўришди. Ҳамроҳлари Сергейга уни таништирди: бош ҳисобчи Нодир Шарипов экан.

Бош ҳисобчи тавозе билан чап қўлини кўксига босиб, ўнг қўлини уй томонга ёйиб, уларни ичкарига бошлади. Сергей индамай улар изидан юрди. Бор-йўғи битта айвонли ва олтита хонадан иборат уй экан. Кўринишидан янгитдан қурилганга ўхшайди. Мени қаерга олиб келишди ўзи? Бу - қитмир халқнинг галдаги нағмаси! Ўргилдим, сенларнинг даҳмазаларингдан. Мени ким деб ўйлаяпсанлар? Сенлар шохида юрсаларинг, мен баргида юраман!

Сергей Акимович ҳеч нарса демасдан улар бошлаган жойга бораверди. Хоналар ичига бирма-бир кириб чиқишди. Хоналар пол-потолок қилинмаган, деворларининг тошлари кўриниб турибди, айримларнинг деворига лой урилиб, ғадир-будир из қолган. Сергей қўли билан уй ичидаги чуқур ҳандаққа ишора қилди:

- Барча хоналарда шунақа чуқурларни кўраяпман. Бу - нима? - деб сўради у.

- Бу ердан тупроқ қазиб, ҳов анови кўриниб турган сомонни аралаштириб, лой қилишган, - тағин унга уқтиришди.

Шундай қилиб, улар ташқарига чиқишди. Сафардошларидан бири унга "Энди кўнглинг жойига тушдими?" дегандек нигоҳ ташлади.

- Энди менинг ҳам бир гапим бор, - деди Сергей кўзлари муғомбирона қисилиб, - Мени ажойиб "саёҳат" қилдирдиларинг. "Саёҳат"дан бир дунё таассурот олдим. Бунинг учун сизларга мингдан-минг ташаккур! Бироқ... бироқ менга шикоятда бонг урилган нақшинкор саройни кўрсатсаларинг, илтимос!

"Илтимос" деган сўзни у атайлабдан мазах қилиб айтди ва сўнгра қўшиб қўйди:

- Адашиб мени бошқа уйга олиб келдиларинг чоғи. Мен ўша дабдабали уйни ўз кўзларим билан кўришни истайман!

- Бош ҳисобчи Шариповнинг янгидан қурган уйи - мана шу! Оиласи билан яшаб турган уйи эса, - юз қадамча нарида жойлашган эски бир уйни кўрсатишди, - ана!

Сергей Акимович сўлиш олганича:

- Наҳотки? - деди бир эски уйга, бир янгисига разм соларкан. - Наҳотки, шундай бўлса? Бўлиши мумкин эмас! Ахир-ахир...

Идорага етиб келганларида тафтишчиларнинг олдида бир уюм бухгалтерия ҳужжатлари, қоғоз титкилаб ўтиришарди. Шу туриш икки ҳафта ҳужжат титишди. Сергей Акимовичнинг эса баттар хуноби ошарди. Шунча кунни беҳуда совурганига, энг асосийси ва алам қиладигани - унга ишонч билдирган кишилар олдида юзи шувут бўлаётганига эзилгандан-эзиларди.

Ўн бешинчи куни субҳидамда тафтиш қилувчилардан бири хўжалик идорасига келиб, хона эшигини очганида, ғалати манзаранинг гувоҳи бўлди. Хона эшиги очилиши биланоқ аччиқ ҳид димоғига урилди. Хона ўртасидаги линолеумнинг бир парчаси куйган эди. Ниҳоятда кўнгилсиз манзара...

Тафтишчи шу заҳоти бу ҳақда Сергей Акимовичга хабар берди. Сергейнинг ўзи шошганича келасолиб, хона ичини синчиклаб кўздан кечирди. Бирдан унинг хаёлига шу фикр келди: буни бош ҳисобчининг ҳамтовоқлари уюштирган. Жиноятни яшириш мақсадида ҳужжатларни ёқиб юбормоқчи бўлишгану хонага ўт қўйишган. Бироқ улгура олишмаган. Энди тугун ечилади!

Зум ўтмаёқ оператив гуруҳ етиб келдию, текшир-текшир, суриштирув бошлаб юборилди. Сергей эса туман раҳбарининг ҳузурига ошиқди. Бош ҳисобчининг бу қилмиши ҳимоячиларига қанақа таъсир этаркин?

Хайрият, биринчи раҳбар хонасида экан. Шартта кириб бордию воқеани тантанавор тарзда баён қилди. Раҳбар хотиржам тарзда:

- Хабарим бор! - деди қўлларида шарикли ручкани ўйнатиб.

- Хабарим бор? - Сергейнинг кўзлари косасидан чиққудай бўлиб катта-катта очилди. - Нима, ёқмоқчи бўлишганиданми?

- Яхши иш бўлмапти, Сергей Акимович! - деди раҳбар вазминлик билан. - Хўп, майли, сиз ўйлаганча бўлақолсин, шу ишни қиладиган одам нега текширишдан аввалроқ ҳужжатларни йўқ қилмадийкин? Бунинг иложи бор эди-ку, чамамда!

Сергей Акимович ҳам бўш келмади:

- Қизиқмисиз, ўртоқ... ахир унда... Унда уларнинг жиноятчилиги аён бўлиб қолади-ку!

- Сергей Акимович, ҳамма гап - ана шунда-да! - деди биринчи раҳбар суҳбатдошининг заҳил афтига тикилиб. - Мен бу ишни ким қилганлигини билмайману, бу иш албатта суриштирув ва тергов жараёнида аниқ бўлади-қолади. Бироқ... бироқ бу ишни сиз шубҳаланаётган бош ҳисобчи Нодир Шарипов содир этмаган! Икки дунёдаям бунақа ишни қилмайди у киши! Мен бунга аминман!

Бу гапдан Сергейнинг энсаси қота бошлади: ол-а, ана, "Орқатоғ" тағин бош ҳисобчини ҳимоя қилишни бошлади. Ким нима деса, десину лекин Андрей Денисович ўта ақлли, ўта доно инсон-да! Ҳамма нарсани миридан-сиригача билади. Устозининг гапи рост чиқаяпти. Булар бари бир-бирини ҳимоялашади. Буларнинг ҳаммаси - ўғри, ҳаммаси - муттаҳам. Бир-бирларига кўринмас занжир орқали боғланиб кетишган.

Сергей Акимович "Гулистон" хўжалиги идорасига етиб келганида, унинг таъбини тирриқ қиладиган хабар кутиб турарди.

Суриштирувлар натижасида бир парча линолеумнинг куйиши тафтишчилардан бирининг эътиборсизлиги оқибатида содир этилгани аён бўлди. Улардан бири чекувчи эди. Кеча кечқурун ўша тафтишчи ярми чекилган сигаретини қандайдир хаёл билан стол устига ташлагану хона эшигини бекитиб, зарур иш билан вилоят марказига жўнаворган. Дераза форточкаси очиқлигича қолган. Чала чекилган сигарет линолеум устига тушган ва куйдира бошлаган. Лекин аланга олмаган.

Шундай қилиб, шов-шувлар пучга чиқди. Сергейнинг шунчалик жон койитгани қаёққа кетаяпти ўзи? Ҳалигача у киришган "иш" бунақанги барбод бўлган эмасди. Кўзлари олдидан уни интиқ бўлиб кутаётган ҳамкасблари ўта бошлади. Улар калака қилиб, унинг устидан кулишаётгандек, айниқса, устози Андрей Денисович хумдек калласини чайқаганича тескари ўгирилиб, афсус билан "Саша, сен ишончимни оқлолмадинг! Суф, сенга-ей!" деяётгандек эди. У зулмат ичида қолгандек сезди ўзини. Кекса ҳамкасби эса бошини сарак-сарак қилаяпти: "Саша, айтмабмидим. Сенга доимо сабрсизлигинг панд беради. Ҳамма нарсага қора кўзойнакда қарайсан!"

Сергей Акимович қўққисдан жиғибийрони чиқиб, тутоқиб кетди-да, тиззаларига қаттиқ шапатилади. Кейин тафтишчига қараб, томоғи йиртилгудек чийиллаб бақирди:

- Натижа нима бўлди, натижа? Нима, мен шамол ҳайдаб юрибманми? Ахир мен нима деган одам бўлди-ии-им? Ўҳ-ҳҳ, лаънатилар-ей!..

Тафтишчи елка учирди. Сергей эса чидаб бўлмас даражада жиғибийрони чиқди ва қўллари билан столга қарсиллатиб мушт туширди ва курсига беҳол ўтириб қолди. Авзойи одамнинг ўта раҳмини келтирар даражага тушиб қолганди. Бу ҳолни кўриб тафтишчи дарҳол унга пиёлада совуқ чой узатди. Аммо Сергей кафти орқаси  билан пиёлани нари сурди.

- Қонунга хилоф ҳеч қанақа ишни тополмадик. Ўзлаштирилганлик аломатлари ҳам йўқ! - деди-да, тафтишчи Сергейга маълумотлар битилган ва унга илова қилинган бир талай ҳужжатларни узатди. - Ахир йўқ жойдаги нарсаларни ёпиштиролмаймиз-ку! Хоҳланг, бошқатдан текшириш ўтказдиринг. Унда ҳам шу натижа чиқади!

Сергей тафтишчининг кўзларига бақрайиб тикилди ва ҳафсаласи пир бўлиб, асабий ҳолда қўлини силтади. Сергей Акимовичнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, дами чиққан пуфакдек шалвираб қолди. Энди шикоят хатида баён этилган барча важлар сароб эканлигига ақли етди. Жон аччиғида силтанганича қоғозларни олиб, сумкасига тиқди. У иш ўзи кутганичалик юз бермаганлигидан ниҳоят даражада афсус-надоматда эди. Ашқол-дашқолларини апил-тапил йиғиштириб, дарҳол жуфтакни ростлади.

Абдуқаюм БЕККАМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!