Меню
Қашқадарё
САРХИЛУ ТОТЛИ НОЗ-НЕЪМАТЛАР
Бугунги кунда юртимизда экспортни янада ривожлантиришга, бу борадаги салоҳият ва имкониятлардан самарали фойдаланишга устувор аҳамият қаратилаётгани ҳам шундан. Ташқи бозорларга чиқарилаётган харидоргир маҳсулотлар кўлами ва хилма-хиллигини ошириш, экспорт географиясини янада кенгайтириш асосий эътиборда. Шу мақсадда мамлакатимизда экспортчи корхоналар ва тадбиркорлик субъектларининг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти. Тегишли қонун ҳужжатлари асосида уларга кенг имтиёзлар тақдим этилмоқда, қулай шароитлар яратилаяпти.
Бу борада вилоятимизда амалга оширилаётган ишлар миқёси ҳам кенг. Етиштираётган ёки ишлаб чиқараётган маҳсулоти талабга жавоб берадиган маҳаллий ишбилармонлар экспортга фаол жалб этилмоқда. Ташқи бозордаги аҳволни ўрганиш, ҳамкорлар топишда уларга кўмак берилаяпти. Бунинг самарасида сўнгги вақтда вилоятимиз тадбиркорлари томонидан янги-янги турдаги маҳсулотлар экспорт қилинишига эришилаяпти.
Айтиш жоизки, вилоятимизда экспортга мўлжалланган маҳсулотлар етказиб беришда кенг имкониятлар, ресурслар мавжуд. Ҳудуднинг ташқи савдо ҳажмида саноат товарлари билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги ноз-неъматлари, хусусан, мева-сабзавот, узум, полиз маҳсулотлари ва дуккакли экинлар асосий ўринни эгаллайди. Аҳамиятлиси, бу турдаги маҳсулотларга хорижда талабнинг ошиб бораётганлиги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчи корхоналар учун айни муддао бўлмоқда.
Ушбу фикрнинг амалий исботини Китоб тумани мисолида ҳам кўриш мумкин. Узумчилик ва боғдорчиликда етакчи ҳисобланган мазкур ҳудуд тадбиркорлари томонидан айни вақтга қадар қиймати 3 миллион АҚШ долларидан зиёд мева-сабзавот, узум, полиз маҳсулотлари экспорт қилинди. Бу жараёнда иштирок этган субъектларнинг аксарияти хорижга маҳсулот жўнатиш билан жорий йилдан бошлаб шуғулланмоқда. "Бизнес диамонд инвест" масъулияти чекланган жамияти ана шундай янги экспортчи корхоналардан биридир.
- Фаолиятимизни шу йилдан йўлга қўйдик, - дейди корхона раҳбари Алишер Ғафуров. - Асосий эътиборимиз экспортга қаратилган. Боиси, бугун барқарор ишлашимиз учун барча имконият муҳайё. Имтиёзлар кўп. Бунинг самарасини шу пайтга қадар эришган натижаларимиздан ҳам билиш мумкин. Ўтган даврда чет эл мамлакатларига қиймати 2 миллион доллардан кўп экспортни амалга оширдик. Булар орасида Россия, Латвия ва Қозоғистон мамлакатлари бор. Ҳамкорларимизга помидор, бодринг, карам, кўкат етказиб бердик. Катта миқдорда ўрик, гилос ва олхўри ҳам сотдик. Яқинда Эрон ва Ҳиндистонга мош ва нўхат юклаб жўнатдик. Маҳсулотни фермерлардан, аҳолидан сотиб олаяпмиз. Ҳозирги кунда яна бир неча турдаги маҳсулотларни йиғиб, экспортга йўналтиришга тайёрлаяпмиз. Жорий йил охирига қадар корхонамиз томонидан ташқи бозорга чиқариладиган мева-сабзавот миқдорини қарийб 7 миллион долларликка етказишни мўлжаллаяпмиз.
Яна бир жиҳати, мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаяпти. Жумладан, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлиги ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича аниқ амалий ишлар бажарилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 21 июндаги "Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжат мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга мустақил етказиб беришини қўллаб-қувватлашни кўзда тутади. Шу мақсадда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб барча тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини тўловни олдиндан 100 фоиз амалга ошириш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 июлдаги "Маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан жорий йилнинг 1 августидан эътиборан экспорт қилувчи хўжалик субъектларига маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) экспорт қилишдан тушадиган чет эл валютасининг 25 фоизини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинди.
- Бу дегани, эндиликда биз ҳеч бир воситачисиз маҳсулотимизни хорижлик харидорларга сотиш, тушган валютани эса тўлиғича ўзимизда олиб қолиш имконига эга бўлдик, - дейди Ғузор туманидаги "Сентино сервис" масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Суннатилло Муқимов. - Албатта, бу тартиб биз экспортчиларнинг фойдасини ўйлаб жорий этилди. Фаолиятимиз давомида бунинг самарасини ҳис этаяпмиз. Бир неча йиллик тажрибага эга экспортчи корхонамиз. Ўтган йили 500 минг долларликдан ортиқ маҳсулот, жумладан, пиёз ва узум экспортини амалга оширгандик. Бироз аввал Россиядаги ҳамкорларимиз билан тўғридан-тўғри шартномалар туздик. Ушбу келишувларимиз қиймати 5 миллион АҚШ долларига баҳоланди. Хорижлик ишбилармонларнинг хоҳиш-истагига қараб маҳсулот жўнатаяпмиз. Шу вақтгача 182 минг долларлик мева-чева, полиз маҳсулотини экспортга йўналтирдик. Москва шаҳрига кўп миқдорда "Торпеда" навли қовун етказиб бердик. Экспортимиз таркибида бу гал ҳам ҳўл ва қуритилган узум асосий ўрин эгаллади. Вилоятимиздаги 20 дан ортиқ фермер хўжалиги билан маҳсулот олди-сотдиси бўйича шартномалар қилганмиз. Кейинги ярим йилликда узумдан ташқари яна нок ва қароли экспорт қилишни режалаштираяпмиз.
Таъкидлаганимиздек, экспорт кўлами ошиши муайян ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаёти жадал равнақ топишига хизмат қилади. Бу борада Яккабоғ туманида ҳам йилдан-йилга жиддий ўсиш кўзга ташланаётгани, барча имконият ва ресурслар баҳоли қудрат ишга солинаётганини қайд этиш лозим. 1 август ҳолатида тумандаги тадбиркорлик субъектлари томонидан 2 миллион 278 минг долларлик маҳсулот экспортга чиқарилди. Экспортнинг асосий улуши қишлоқ хўжалиги ноз-неъматлари ҳиссасига тўғри келаётгани аҳамиятлидир.
- Агрофирмамиз узумчиликка ихтисослашган бўлиб, асосий вазифамиз шу йўналишда фаолият кўрсатаётган фермерларга ҳосилни сифатли сақлаш ва маҳсулдорликни оширишда кўмаклашишдан иборат, - дейди "Яккабоғ узум сервис" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Адҳам Шаравилов. - Бундан ташқари, етиштирилган ҳосилни экспортга жўнатишни ҳам ташкил этамиз. Ҳозирда маҳсулот етказиб бериш бўйича чет эллик ҳамкорлар билан 3 миллион долларлик шартномамиз мавжуд. Узумнинг деярли барча навларини экспортга жўнатамиз. Ҳозирча МДҲ мамлакатларида маҳсулотимизга қизиқиш юқори. Айни кунларда пишиб етилган узумларни саралаб, экспорт қилишга ҳозирлаяпмиз. Бир қисм маҳсулотни сотишга ҳам улгурдик. Беларуслик ишбилармонлар асосий харидор бўлишди. Йил охирига қадар Россия ва Латвия мамлакатларига ҳам узум экспортини амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Юқори сифат ва қулай нарх юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, мева-сабзавот, полиз экинларининг жаҳонда харидоргирлигини таъминлаётгани муҳим омил, десак адашмаймиз. Серқуёш заминимизда пишиб етилган ноз-неъматларнинг сархиллиги, мазали таъмга эгалиги хорижликларни лол қолдираётгани айни ҳақиқат. Биргина тилёрар қовунларимиз чет элларда бренд даражасига кўтарилгани ҳам бор гап. Албатта, бу истиқлол йилларида мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилган ислоҳотлар маҳсулидир. Амалиётга интенсив технологияларнинг мунтазам жорий қилиниши натижасида қишлоқ хўжалигининг боғдорчилик, сабзавотчилик ва полизчилик каби тармоқлари кенг тараққий этди. Эндиликда кам харажат эвазига сифатли ва мўл ҳосил олишга эришаяпмиз.
- Ҳар йили асосий экиндан бўшаган ерларни фермерлардан ижарага олиб экспортбоп қовун парваришлаймиз, - дейди Косон туманидаги "Олтин воҳа агро инвест" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳром Ҳожимирзаев. - Бу йил 20 гектардан зиёд майдонга "Жиян" навли қовун уруғларини эккандик. Бу нав қовунларнинг ўзига хослиги шундаки, унинг ҳажми жуда катта бўлиб ҳам кетмайди, майда бўлиб ҳам қолмайди. Чет мамлакатларга юбориш учун оғирлиги стандарт 3 килограмм бўлган қовунлар алоҳида саралаб олинади. Қолаверса, ушбу нав узоқ масофага ташиш учун ниҳоятда қулай. Плёнка остига экилгани учун июнь ойининг бошлариданоқ ҳосил олишга киришдик. Ўтган даврда Латвия ва Россияга 120 тонна қовун жўнатдик. Жараён ҳали давом этмоқда. Бу орада аҳолидан йиғиб олиб, 11 минг долларлик олхўрини экспортга чиқардик. Экспорт географиясини кенгайтириш ҳақида ўйлаяпмиз. Потенциал бозорларни ўрганаяпмиз. Айни пайтда Жанубий Кореяга қовун жўнатиш бўйича музокара олиб бораяпмиз. Келишувга эришсак, корхона экспорти ҳажми ҳам сезиларли ошиши шубҳасиз.
Дарҳақиқат, юртимиз тупроғи олтинга тенг. Заминимизга қадалган уруғ кун келиб мўл ҳосил беради. Ушбу шириндан-шакар ноз-неъматларга хорижликларнинг ҳам ишқи, ҳаваси тушган. Шу боис, мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот, полиз экинлари ва узум жаҳон бозорида юқори баҳоланади, шунинг учун уларга харидор кўп. Бу устунликдан эса ўз ўрнида фойдаланиш, янги-янги бозорларни эгаллаш, маҳсулотларимиз рекламасини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Зеро, мамлакатимиз экспорт салоҳияти юксалгани сари юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга лойиҳалар рўёби тезлашади, иқтисодий барқарорлик таъминланади, аҳоли фаровонлиги бундан-да ошади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ