Меню

Қашқадарё

03.11.2016 2408

САРХИЛ МЕВАДАН ТАБИИЙ ШАРБАТ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА

 

Мазкур қарор асосида ишлаб чиқилган дастурга кўра, вилоятимизда ҳам бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, мева-сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этиш белгиланган. Аҳамиятлиси, жорий йилнинг ўтган даврида ушбу йўналишда бир қанча лойиҳа муваффақиятли рўёбга чиқарилди. Хусусан, Яккабоғ туманидаги “Делта муҳандис” масъулияти чекланган жамияти томонидан 116 минг долларлик инвестиция ҳисобидан табиий шарбат ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

- Ушбу сармоянинг асосий қисмини тижорат банкининг кредити ташкил этади, - дейди корхона ҳисобчиси Олим Муродов. – Лойиҳа бўйича корхонамизга Австриядан замонавий қайта ишлаш ускунаси ва Украинадан қадоқлаш дастгоҳи олиб келиб ўрнатдик. Шу йилнинг ёзида синов тариқасида ишлаб чиқаришни бошладик. Ҳозирча олма мевасидан табиий шарбат олаяпмиз. Маҳсулотни 3 ва 5 литрли идишларда қадоқлаймиз. Мавжуд технологиялар соатига 500 килограмм мева-сабзавотни қайта ишлаш имконини беради. Цехимизда 10 нафар ёш меҳнат қилаяпти. Маҳсулотимизни асосан ташқи бозорга йўналтирмоқчимиз. Айни вақтда хорижлик ҳамкорлар билан маҳсулот олди-сотдиси бўйича келишув олиб бораяпмиз.

Корхона вакилининг билдиришича, ишлаб чиқариш учун зарур хомашё маҳаллий фермер ва боғбонлардан харид қилинаяпти. Келгусида туман ҳудудида интенсив боғ барпо қилиш мақсад қилинган. Шунингдек, хомашёни йил давомида асл ҳолича сақлаш мақсадида совутиш камераси билан жиҳозланган 400 тонна сиғимга эга омбор қуриш режалаштирилмоқда. Қолаверса, корхонада олмадан ташқари сабзи, тарвуз, қовоқ каби мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини қайта ишлаб, табиий шарбат олиш белгиланган. Бу ўз навбатида маҳсулот хилма-хиллиги таъминланишига хизмат қилади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!