Меню

Қашқадарё

16.01.2018 1902

“САРИҚ” НИҚОБ ОРТИДА НИМАЛАР ЯШИРИНГАН?

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Узоқ ХУДОЙҚУЛОВ имзоси билан 5 январь санаси қўйилган, бироқ  почтада 8 январь куни қабул қилиб олинган жавоб хати таҳририятимизга 10 январь куни етиб келди. Атайлаб олдинги сана қўйилган ёки почтага элтиб топширилгунча нақ уч кун сарфланган хатда, жумладан, қуйидаги фикрлар билдирилади:

“Мақолада қайд этилган ҳолатлар вилоятдаги автобус йўналишида хизмат кўрсатаётган ва йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланаётган ташувчи корхоналар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилинди. Бошқарма томонидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ходимлар ва ташувчи корхоналар раҳбарларига зарур топшириқлар берилди.

Бошқарма, вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда давлат солиқ  бошқармалари билан тасдиқланган режага асосан ташкил этиладиган рейд тадбирлари жараёнида ноқонуний равишда лицензиясиз фаолият кўрсатиб келаётган транспорт воситаларини аниқлаш билан бир қаторда, шаҳарда йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириб келаётган йўналишсиз таксиларга алоҳида эътибор қаратилиши, уларнинг тегишли қарор талаблари асосида ички ва ташқи томондан тўлиқ жиҳозланиши, яъни ташқи томондан ягона таниш белгилари – транспорт воситаси тепасига ўрнатилган тўқ сариқ рангли фонарга “TAXI” таниш белгиси, шахмат тартибида жойлаштирилган қора квадратлардан иборат композиция ва транспорт воситаси олдинги эшикларида “Т” ҳарфи ҳамда юридик шахс – ташувчининг номи; ички томондан эса машина салонида таксометр, назорат-касса машинаси, терминал; шунингдек, транспорт воситаси давлат рақами белгиси, ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми, фотосурати, иш вақти бошланиши ва тугаши, йўлкира қиймати (сўмларда), ташувчининг манзили ва телефон рақами, лицензия карточка рақами ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, мажбурий суғурта қилинганлик ҳақидаги маълумотлар табличкаси бўлишига, транспорт воситасининг техник    созлиги ва тоза сақланишига, ҳайдовчиларнинг муомала маданиятига ва ташқи кўринишига алоҳида эътибор қаратиш, ушбу талабларни бажармаган йўналишсиз такси ҳайдовчиларига ва ташувчи корхона раҳбарларига ўрнатилган тартибда чора кўрилиши тушунтирилди.

Бошқарманинг лицензиялаш ва бухгалтерия ҳисоби шуъбасига ташувчи корхоналар томонидан йўналишсиз таксиларга лицензия варақаси олиш учун ариза билан мурожаат қилинганда, ҳар бир автотранспорт воситасининг ички ва ташқи томондан қарор талаблари асосида жиҳозлангани текширилиб, кейин лицензия варақаси бериш тўғрисида қарор қабул қилиш топшириғи берилди.

Амалий ишлар давом эттирилмоқда”.

Аслида жавоб хатида кўрсатилган “чора-тадбирлар” Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бошқармаси томонидан мунтазам қилинадиган ИШ бўлиб, буларсиз йўловчи ташиш мумкин эмаслигини соҳадан йироқ одам ҳам фаҳмлайди. Кўраяпмизки, неча йилдан буён мутасаддилар томонидан ТОПШИРИҚ бериб келинаётганига қарамасдан аҳвол ижобий томонга ўзгармаяпти. Демак, соҳага янгича ёндашув, мавжуд қоидаларни қайта кўриб чиқиш зарур. Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, терминали, назорат-касса машинаси бор ҳайдовчиларга бирор жойда дуч келингани йўқ. Ҳайдовчилар ҳам буни хаёлларига келтиришмаяпти. Демак, бунинг ҳайдовчи ва йўловчи учун самарали йўлларини излаш керак.

Мақоладан кейин Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бошқармаси мутахассислари нечта транспорт воситасини ўрганишди? Қонунга зид қанча ҳолат аниқланди? Ҳолбуки, бошқармада чора қўллаш ваколати бор. Улар нега ушбу ваколатидан фойдаланишма(ёт)ганига ҳайрон бўласан киши. Ваҳоланки, кўп нарса амалий ишга, жиддий текширув ва ўрганишларга боғлиқ бўлиб турибди. Йўналишсиз таксиларнинг аксарияти Қарши шаҳридаги 1-йўналишга ўрнашиб олганига эса ҳеч бир муносабат йўқ.

ТАҲРИРИЯТ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!