Меню
Қашқадарё
“САРИҚ” НИҚОБ ОРТИДА НИМАЛАР ЯШИРИНГАН?
Уларда аниқ белгиланган қатнов режими йўқлиги, йўловчи олиш ва туширишнинг фақат белгиланган нуқталар (бекат)да амалга оширилмаслиги, ҳатто баъзи жойларда бекатнинг ўзи мавжуд эмаслигини ҳам бунга асосий сабаб деб кўрсатиш мумкин. Қачон қарасанг, ушбу жамоат транспортлари тўлиб юради. Йўлларнинг қатнов қисми ҳам ҳар қачон одамлар билан гавжум бўлиб қолди. Бу вазиятдан эса бошқа бир тоифа киракашлар усталик билан фойдаланди, десак тўғри бўлади. Гап йўналишсиз такси ҳайдовчилари ҳақида кетмоқда.
Гўёки ҳамма сариқ рангли таксилар вилоятимиз марказининг асосий кўчасида ўрнашиб олгандек. Қўл кўтарсангиз бас, бирданига 2-3 таси қаршингизда ҳозиру нозир бўлади. Баъзан сариққа бўялмаган, ўз рангида юрган машиналар шофёрлари ҳам сиздан манзил сўраб туради. Кўпчилик йўловчилар наздида бу киракашлар ноқонуний “Дамас”чиларнинг ўрнини босди. Мазкур ўзгариш тошбақасифат автобуслардан безган доимий йўловчиларни қувонтирди ҳам. Мақсад ҳам шу – хизмат кўрсатишнинг юқори сифати ва йўловчи хавфсизлигини таъминлаш, тезкорлик, қулайликларни кўпайтириш.
Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор. Аввалида эслатганимиздек, Қарши шаҳрининг бош кўчаси бошдан оёқ яхлит бир йўналиш ҳисобланади. Мавжуд қонунчиликка кўра, шаҳар ичида қатнов ягона йўналишда ташкил этилганда, олдиндан белгиланган кира ҳақи амал қилиши керак. Яъни бу йўналишда ҳаракатланувчи ҳайдовчи йўловчидан 1 километр учун ҳам, 10 километр учун ҳам бир хил ҳақ олади. Маълумки, йўналишсиз такси фаолияти бошқача мезонга асосланган. Юрган ҳар бир километр учун муайян миқдорда пул тўлашингиз керак. Кўринадики, айтган жойингизга элтиши лозим бўлган аксар ўша сариқ таксилар йўналишли такси вазифасини бажараяпти. Хўш, уларга қайси мезон асосида ҳақ тўланади? Улар йўналиш учун белгиланган нархга асло кўнмайди ва ҳаммасида йўл кира қиймати борасида бошбошдоқлик ҳукмрон. Демак, бу кўчада рисоладагидек олиб борадиган қўшимча йўналишли такси фаолиятини ташкил этишга эҳтиёж бор.
- Сариқ таксилар асосан 1-маршрут бўйлаб ҳаракатланаётганидан кўз юмиб бўлмайди, - дейди Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси шуъба мудири Исомиддин Нарзиев. – Улар бунга йўлнинг яхшилиги, йўловчи кўплигини баҳона қилиб кўрсатишади. Ушбу хатти-ҳаракати билан такси ҳайдовчилари қоидани бузаяпти, деб ҳам бўлмайди. Чунки улар ўз номи билан йўналишсиз такси, шаҳарнинг исталган жойи, мижоз кўрсатган манзилга боради. Айни пайтда вилоятимиз бўйича 1035 та автотранспорт воситасига йўналишсиз такси хизмати кўрсатиш учун лицензия берилган. Ўтган йили бу рақам 660 тани ташкил этганди. Ўтган орада жиддий ўсиш бўлганини кўриш мумкин. Албатта, бу ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланган ҳайдовчилар фаолиятига барҳам берилаётгани самарасидир. Бугунги кунда биргина Қарши шаҳрининг ўзида 750 та йўналишсиз такси мавжуд. Ҳаммаси сариққа бўялган, махсус “ТТ” ҳарфли давлат рақамлари билан таъминланган.
Дарҳақиқат, бир қарашда сариқ таксилар қонунга мос иш олиб бораётганига шубҳа қилмайди киши. Бироқ ўша 1-йўналишни “босиб” олган шоввоз киракашларга бошқа манзилни айтинг, ноз қилади ёки нархни жуда баланд айтади. Ўзларининг фаолияти юзасидан қонун йўли билан қўйилган талабларни эса унутишган ёки назар-писанд қилишмайди. Мана, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида шунга ўхшаш талаблар белгиланган. Жумладан, аввало автотранспорт воситаси техник жиҳатдан соз бўлиши билан бирга ягона таниш белгиларига ҳам эга бўлиши керак. Яъни тепасида “ТАХI” ёзуви, шахмат тартибида жойлаштирилган қора квадратлардан иборат композиция, эшигида юридик шахс – ташувчининг номи кўрсатилиши, автоулов сариқ рангда бўлиши шарт. Шунингдек, йўналишсиз такси бир қанча ички маълумотлар билан ҳам жиҳозланиши керак. Мисол учун, машина салонининг кўзга кўринарли жойида автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси, ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва фотосурати, иш вақтининг бошланиши ва тугаши, йўлкира қиймати (сўмда), ташувчининг манзили ва телефон рақами, лицензия карточкасининг рақами ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек мажбурий суғурта қилинганлик ҳақидаги маълумот кўрсатилган табличка ўрнатилади. Ундаги ёзувларни йўловчилар бемалол ўқий олиши керак.
Бундан ташқари, йўналишсиз таксида соз ҳолатдаги пломбаланган спидометр жиҳозлари, таксометр (ҳисоблагич), белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган назорат-касса машинаси, шунингдек, тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиб олиш учун ҳисоб-китоб терминали мавжуд бўлиши лозим. Қарор билан тасдиқланган тегишли низомга кўра, йўналишсиз такси белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда ушбу автотранспорт воситаси учун лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиш тарзидаги таъсир кўрсатиш чоралари қўлланиши назарда тутилган. Демак, транспорт воситасига лицензия, яъни рухсат этувчи ҳужжат тақдим этилаётганда унинг юқоридаги талабларга жавоб бериши сўзсиз инобатга олиниши керак.
Хўш, аслида ҳам шундайми? Бугун Қарши шаҳрида қатновларни амалга ошираётган йўналишсиз таксилар иши талаб доирасидами? Бунга ойдинлик киритиш учун бир қанча сариқ такси хизматидан фойдаланишга тўғри келди.
Биринчи чиққаним такси ҳайдовчисига тушар маҳали пластик карточка узатдим. Авзойи бузилган таксичидан “Дўконми бу сизга? Бизда терминал бўлмайди? Нақдидан бераверинг”, деган қатъий жавобни олдим. Наилож кира ҳақини нақд пул билан тўладим. “Ҳеч бўлмаса чек беринг”, деганим ҳам беҳуда кетди. Боиси, назорат-касса машинаси бўлмагач, ҳайдовчи бу талабимни ҳам қаноатлантира олмаслиги маълум бўлди. Машина ичидан ҳалиги маълумотлари бўлган табличкани ҳарчанд изламай топа олмадим. Бу ҳолат бошқа таксилар билан ҳам кузатилди.
Мазкур фаолиятни тартибга солувчи қарор қабул қилинганига 6 йилдан ошди ҳамки унинг ижроси тўлиқ таъминланмай келинмоқда. Ё бўлмаса, лицензияловчи ташкилот ҳисобланган Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси машиналарни сариққа бўяттириб, иш қилаётгандек кўриниш учун улар сонини кўпайтириш билан кифояланган, холос. “Меъёрий ҳужжатнинг маълум бир бандлари бажарилса бўлди” қабилида иш қилингандек тасаввур уйғонади кишида.
Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг августидан 30 ноябрга қадар мазкур бошқарма инспекторлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва солиқ органлари ходимлари ҳамкорлигида бир неча марта қўшма рейдлар ўтказилган. Ушбу рейдларда қарийб 500 га яқин ҳолатда ноқонуний, лицензиясиз таксичилик билан шуғулланган фуқароларга чоралар кўрилган. Кузатувларимизга асосланиб шуни айтиш мумкинки, бу назорат тадбирларида сариқ таксиларнинг фаолияти мавжуд тартибга мос ё йўқлиги умуман текширилмаган, бунга етарлича эътибор қаратилмаган. Сариқ ниқоб ва “ТТ” серияли давлат рақами ҳаммасини беркитиб турибди. Акс ҳолда аҳвол бу даражада бўлмас эди.
Хўш, йўналишсиз таксиларни назорат-касса машинаси ва терминал билан жиҳозлашни шарт қилиб қўйишдан қандай мақсад кўзланган? Маълумки, йўловчи ташиш ҳам пуллик хизмат кўрсатиш фаолияти сирасига киради. Шундай экан, бундан муддао биринчи навбатда нақд пулли ҳисоб-китобни тартибга солиш, пуллар тўлиқ кирим қилинишига эришиш, уларнинг фақат банклар орқали айланишини таъминлашдир. Йўловчиларга қулай бўлиши учун нақдсиз тўловни амалга оширишга имконият бўлиши керак. Бу қоидага амал қилинмаслиги эса даромадни яширишга уриниш деб баҳоланишига асос бўлади.
Авваллари автобусларда тўловни тасдиқлаш учун махсус муҳрланган патта бериларди. Бу тартиб ҳозирда ҳам Тошкентда бор. У ўз ўрнида умумий ҳисоб-китобларга ҳам аниқлик киритишга хизмат қилган. Бизда на автобусларда ва на йўналишлию йўналишсиз таксиларда ана шунга ўхшаш тартибни кузатмайсиз. Нега? Буёғини ўзингиз англаб олинг.
Айтайлик, бир такси ҳайдовчиси бир кунда ўртача (аслида камида) 50 минг сўм ишлаб топади. Қарши шаҳрида 750 та йўналишсиз такси ҳаракатланаётгани ҳисобга олинса (аслида туманда ёки шаҳар атрофида қатнашга рухсат олган йўналишсиз таксиларнинг кўпчилиги ҳам ушбу йўлни макон тутганини эътиборсиз қолдирсак), бу миқдор кунига 37 миллион 500 минг сўмни, бир ойда эса қарийб 1 миллиард сўмни ташкил этаяпти. Бундан чиқди, шунча нақд пулнинг банкка топширилиши таъминланмаяпти. Аксинча, ташиш хизмати кўрсатувчи уюшмалар таксичилардан кунлик тўловни ундириб, чўнтак қаппайтиришдан нарига ўтишмайди. Буни назоратга олиши керак бўлган солиқ идораси эса негадир жим. Ана шундан эмасми автоуюшмалар сонининг кескин кўпайиб кетиши?! Уларнинг дарди сифатли ва замонавий йўловчи ташиш хизматини кўрсатиш эмас, аксинча қаттиқ назорат ўрнатилмаган фаолият ортидан тезгина мўмай даромад ишлаб олишдай кўринади.
Яна бир ҳолат. Яқинда танишим таксичи билан боғлиқ бир нохуш воқеани айтиб нолиб қолди:
- Эрталабдан бозорга борадиган бўлиб, сариқ таксини тўхтатдим. Рулда уй кийимидаги ҳайдовчи ўтирибди. Қачон сартарошхонага кириб, соч-соқолини олдирганини ўзи ҳам эслай олмаса керак. На саломга алик олади, на муомалани билади. Дуч келган жойда тўхтаб, одам олаётганига қарши гапиргандим, қўрслик билан жавоб қайтарди: “Ёқмаётган бўлса, тушиб кетаверинг!..” Жаҳлим чиқиб, кайфиятим бузилди. Таксичилик ҳам касб ахир. Бу касбнинг ўз этикаси бўлиши керак-ку. Хушмуомала бўлса, ўзига қараб юрса, нимаси ёмон? Қайтанга у кўрсатган хизматдан йўловчи ҳам мамнун бўлади.
Танишимнинг гапида жон бор. Таксичи йўлда юриб, йўловчи ташияптими, ўзини ишда деб ҳис этиши, ташқи кўриниши, кийиниши талаб доирасида бўлиши керак. Чет эл фильмларида кўрганимиз каби махсус иш кийимида бўлса янада яхши.
Сўнгсўз ўрнида айтганда, юртимизда аҳолининг транспорт хизматидан фойдаланишга эҳтиёжи ортган. Соҳада қилинаётган ишлар эса йўловчиларнинг ўз манзилига хатарсиз етиши, сифатли хизматдан баҳраманд бўлишини таъминлашга қаратилган. Бунга шароит яратувчи қатъий тартиб-қоидалар белгиланган. Ижросига масъул айрим ташкилотлар мутасаддилари эса буни фақат машинани сариққа бўяшдан иборат иш деб тушунаётган кўринади. Ҳаммасидан ана шу ёмон. Улар қачон “тебранади”? Фақат “тепилганда”ми?!
М.ШУҲРАТОВ