Меню

Қашқадарё

26.07.2019 1784

"САРИҚ", "ҚИЗИЛ", "КЎК" ВА "ЯШИЛ" ЙЎЛАКЛАР НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

- Мамлакатимиз божхона органларида хавфни бошқариш тизими жорий этилмоқда. Ушбу тизим божхона назорати самарадорлигини камайтирмаган ҳолда, мазкур органларнинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш имконини беради ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳалол иштирокчиларини ортиқча бюрократик текширувлардан халос этади. Хавфни бошқаришга асосланган тартиб-таомиллар таваккалчилик юқори даражада бўлган участкаларда божхона расмийлаштируви назоратини кучайтиради ва айни вақтда, товарлар ҳамда жисмоний шахсларнинг асосий қисмига божхонадан нисбатан осон ўтишни таъминлаб беради.

2018 йил 18 октябрда янги таҳрирда қабул қилинган "Давлат божхона хизмати тўғрисида"ги Қонунда хавфни бошқариш тизими қўлланилиши самарадорлигининг мунтазам мониторингини амалга ошириш божхона органларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди. Президентнинг 2018 йил 24 ноябрдаги "Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими тўлиқ режимда жорий этилди.

Хусусан, 2018 йил 1 декабрдан "сариқ" ва "қизил" йўлаклар, 2019 йил 1 мартдан бошлаб, "яшил" ва "кўк" йўлаклар ишга туширилди.

Хавфни бошқариш тизимини тўлақонли амалга киритиш орқали "ялпи" божхона назоратини ўтказишдан воз кечган ҳолда, хавф профиллари ёки тасодифий танлов асосида товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати 4 та йўлакдан бирига йўналтирилган ҳолда амалга оширилади.

 "Сариқ йўлак" - бунда божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади.

"Қизил йўлак" - божхона назорати шакллари хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади.

"Яшил йўлак" - хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, божхона назорати шакллари уларга нисбатан қўлланмайди.

"Кўк йўлак" - бунда хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танлов асосида аниқланган товарларга нисбатан божхона назорати шакллари улар чиқариб юборилгандан сўнг амалга оширилади.

Хавфни бошқариш тизими аввало тадбиркорга нима беради, деган савол туғилиши табиий.

Ушбу тизим ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳалол иштирокчиларини рағбатлантириш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга имкон беради. Божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтни сезиларли равишда қисқартиради. Ҳар бир ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисига индивидуал баҳо бериш ва уларни ҳалоллигига қараб саралаш, бир-биридан фарқлаш имконини туғдиради. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона кўригида енгиллик яратилади.

Шуни ҳам айтиш жоиз, эндиликда тадбиркорлар Давлат божхона қўмитасининг bojxona.uz сайтидаги  service.customs.uz ҳаволаси орқали божхона юк декларациясининг мақоми ҳамда унинг қайси йўлакка жойлаштирилгани тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида олишлари мумкин.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!