Меню
Қашқадарё
САРЧАШМАЛИК ЁШЛАРГА ШАКАРБУЛОҚДАН ЕР БЕРИЛДИ
Хабарингиз бор, шу йилнинг 7-8 февраль кунлари вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Шаҳрисабз туманининг Тожикистон билан чегарадош Сарчашма қишлоғида бўларкан, ҳудуд ёшлари билан учрашув чоғида ишсиз ёшларнинг мавсумий бандлигини таъминлаш, уларда шаклланган томорқа ерларини мақсадли ишлатиш кўникмасидан унумли фойдаланиш, қўшимча даромад топишга йўналтириш мақсадида вилоятнинг бошқа ҳудудларидан ер ажратиб берилиши ҳақида маълум қилганди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ва бошқа мутасаддилар Ғузор туманидаги Шакарбулоқ қишлоғида сарчашмалик ёшлар билан учрашишди.
Ваъдага мувофиқ, Ғузорнинг Шакарбулоқ маҳалласи ҳудудидан 100 гектар ер майдони танлаб олинди.
Айни дамда иш бошлаш учун туманга етиб келган 33 нафар сарчашмалик ёшга тегишли миқдордаги ерлар бириктирилди. Шу куннинг ўзида шудгорланиб, текисланган ер майдонлари экин экиш учун тайёр ҳолга келтирилди.
Деҳқончиликка киришаётган ёшлар билан мулоқотда бўлган вилоят ҳокими сарчашмаликларнинг мавсум давомида шу ерда яшаб ишлаши учун 100 ўринга мўлжалланган замонавий типдаги, иссиқ ва совуқни ўтказмайдиган "Ёшлар палаткаси"ни қуриш борасидаги режаларини ҳам ошкор этди.
Маълум қилинишича, худди шу каби ишларни Нишон, Миришкор, Косон каби вилоятнинг чўл ҳудудларида ҳам амалга ошириш белгиланган.
128 ЙИГИТ-ҚИЗГА - ЙЎЛЛАНМА
Вилоят прокуратураси ташаббуси билан Қарши шаҳридаги "Ўзбекнефтгаз" АЖ биносида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил қилинди. Унда 7 тумандан 150 корхона, ташкилот ва муассасалар 2 мингга яқин бўш иш ўринлари билан қатнашди.
Тижорат банклари томонидан иштирокчи ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, истиқболли ғоя ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур маслаҳатлар берилган бўлса, солиқчилар ўз тизимидаги имтиёзларга тўхталишди.
Вилоятнинг тўртта сектори раҳбарлари қатнашган ярмаркада 128 йигит-қизга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди, 26 нафар ёш касбга ўқитиш курсларига жалб қилинди.
ҚАРОВСИЗ ЕРДА - 50 ГЕКТАРЛИК БОҒ
Косон туманидаги чекка чўл ҳудуди бўлмиш Обод маҳалласида қаровсиз қолган ер майдони ўрнида 5 гектарлик ёшлар боғи барпо этилиб, 2 мингта турли мевали дарахт кўчатлари экилди. Аҳамиятли жиҳати, бунинг натижасида 2 нафар ёш иш билан таъминланиб, улар энди кўчатлар парвариши билан шуғулланади.
Эътиборлиси, ушбу ташаббус туманнинг Раҳимсўфи ва Алачабоб маҳаллалари туташган қисмдаги фойдаланишда бўлмаган майдонда ҳам давом эттирилди. Ерга ишлов берилиб, нақ 50 гектарлик боғ ташкил қилинаётир.
Албатта, буларнинг бари йигит-қизларнинг меҳнатга бўлган рағбатини оширишда муҳим ўрин тутади.
НАСРИДДИН