Меню

Қашқадарё

16.10.2020 1837

Сарчашмадаги шифохонада замонавий шароитлар ҳозирланди

4 минг 700 нафардан зиёд киши истиқомат қиладиган Сарчашма қишлоғи Шаҳрисабз тумани марказидан қарийб 80 километр олисда, денгиз сатҳидан 2 минг метр баландликда, Қирққиз, Шоҳ юрти, Айритоғ чўққилари этагида жойлашган.

Тоғли ҳудудларда яшовчи аҳолининг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ташвиш ва муаммоларини ўрганиш мақсадида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги сектор раҳбарлари шу йилнинг 7-8 февраль кунлари Сарчашмада оммавий қабул ўтказган эди. Сайёр қабулда қишлоқ одамлари ўзларини қийнаб келаётган муаммоларнинг ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган эдилар.

Ушбу мурожаатлардан бирида қайд этилишича, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Сарчашма қишлоқ участка шифохонаси 1995 йилда бунёд этилган бўлиб, ўшандан буён бирор марта ҳам таъмирланмаган экан.

Муҳими, раҳбарлар аҳолини қийнаб келаётган мазкур муаммога эътибор қаратишди. Шифохона бош шифокори Тўрақул Ражабовнинг таъкидлашича, қисқа муддатда бу ерда тубдан қайта таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу мақсадда 595 миллион сўм маблағ сарфланди. Иситиш усуналари ўрнатилди. Айни пайтда бу ерда болалар, туғруқ ва амбулатория бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. 4 нафар врач, 18 нафар ўрта тиббиёт ходими аҳолига тиббий хизмат кўрсатаяпти.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, куни кеча бўлиб ўтган шифохонанинг қайта очилиш маросимида қишлоқ аҳли, оқсоқоллар вакиллари иштирок этишди. Тадбир ҳақиқий байрамга айланди.

- Қирқ етти йил шу ҳудудда врач бўлиб ишладим, - дейди қишлоқ кайвониларидан бири Номоз бобо Нарзиқулов. – Тоғ-тошлар орасида, жазирамадаю қаҳратонда, ҳатто бир неча метрлик қор ёққан кезларда ҳам гоҳ яёв, гоҳ отда юриб, беморлар ёнига етиб бориб, дардини енгиллатишга ҳаракат қилганмиз. Бизга мана бундай шаҳардагидан қолишмайдиган замонавий шароитларни муҳайё этиб қўйганлари учун энг аввало Президентимизга, вилоятимиз ҳокимига ва бошқа мутасаддиларига қишлоғимиз аҳли номидан миннатдорлик билдираман.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!