Меню

Қашқадарё

16.05.2017 2156

САРАЛАБ, ҚУТИЛАРГА ЖОЙЛАНГАН МАҲСУЛОТ – ЭКСПОРТГА

Ўтган йили Тошкент шаҳрида ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси доирасида вилоятимиз экспортчи корхоналари ҳамда хорижлик харидорлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича қиймати 50 миллион долларликдан ортиқ кўплаб шартномалар имзолангани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. Асосийси, воҳамиз экспортёрлари ушбу келишувлар асосида белгиланган мажбуриятларини муваффақият билан уддалашмоқда, мавсумда пишиб етилган, истеъмолдан ортган, яхши сақланган маҳсулотларни саралаб, қутиларга жойлаб, транспорт воситаларида хорижга пешма-пеш жўнатишаяпти.

Экспорт салмоғи янада ошади

Китоб туманидаги “Viget impeks” фермер хўжалиги вилоятимизнинг етакчи экспортчиларидан бир ҳисобланади. Ўтган йили мазкур хўжалик томонидан чет эл мамлакатларига 1 миллион долларликдан зиёд маҳсулот юборилган. Ушбу субъект мутасаддилари жорий йилда экспорт ҳажмини 2 миллион долларга етказишни мўлжаллашмоқда. Россия ва Қозоғистондаги компаниялар хўжаликнинг мева-сабзавотини олувчи асосий харидорлари эканини айтиш лозим.

- 2016 йилда ташқи бозорда кўпроқ талаб гилос, ўрик ва қароли каби мева-чевалар, узум, кўкат ва карамга бўлди, - дейди фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Ташаббус-2017” кўрик-танлови вилоят босқичида “Йилнинг энг яхши фермери” йўналишида ғолиб бўлган  Усмон Тошев. – Ҳамкорларимиз сўраган ушбу маҳсулотларни ўз вақтида етказиб бердик. Эътиборлиси, экспортга чиқарилаётган маҳсулотнинг асосий қисмини ўзимизда етиштирамиз. Хўжалигимиз тасарруфида 166 гектар экин майдони бор. Шунинг 65 гектарида боғ ташкил қилганмиз. Бу ерда дунё бозорида анча қимматбаҳо саналган, экспортбоп гилос навини парвариш қилаяпмиз. Ўтган мавсумда йиғиштириб олинган ҳосилнинг катта қисмини ташқи бозорга чиқардик. Қолган майдонда токзор барпо қилинган. Узумнинг тоифи навини етиштирамиз. Ушбу маҳсулотимиз ҳам экспорт талабига тўла жавоб беради. Қолган маҳсулотни аҳолидан, туманимиздаги фермер хўжаликларидан шартнома асосида сотиб оламиз.

Фермернинг айтишича, етиштирилган маҳсулотнинг салмоқли қисми экспорт қилингани хўжаликнинг йиллик даромади ошишини таъминлади. Ўтган йили хўжалик томонидан 1 миллиард 420 миллион сўмлик мева-сабзавот реализация қилинган бўлса, шунинг қарийб 600 миллион сўмини соф даромад ташкил этди. Ишбилармон фойда ҳисобидан янги йўналишларни ривожлантираяпти, ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўймоқда. Жумладан, бултур фермер Хитойдан қиймати 450 минг долларлик замонавий ускуналар олиб келтириб, пластмасса қути тайёрлашни бошлаб юборди. Мавжуд қувват йилига 46 минг дона қути ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Янги тармоқнинг ишга туширилиши хорижлик ҳамкорларга мева-сабзавот ва узумни сифатли ва яхши сақланган ҳолда жўнатиш имкониятини янада оширди.

 

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!