Меню

Қашқадарё

08.12.2020 1908

САРА ОТ ЧАВАНДОЗ АҚЛ-ЗАКОВАТИДАН БИНО БЎЛАДИ!

Сараланган сатрлар

Кўпкари-улоқ чопадиган давраларни кузата туриб, ўйлаймизки, чавандознинг оти чопағон, билагида кучи бўлса, улоқни осон айириб чиқади. Аммо ўша от то чопағон бўлгунича не машаққатлар, бақоида амаллар талаб этилишини ҳаммаям билавермайди. Қолаверса, кўпкари майдонининг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари бор, марду номард зот учун талашади. Бу майдонда мансаб-мартаба, важоҳату ҳайбат деган гап йўқ: ижтимоий ҳаётдаги миллионлаб одамлар орасида бор-йўқлиги билинмай юрган киши остидаги биров писанд этмаган от билан ғолиб чиқиб, ҳаммани доғда қолдириши мумкин. Аслида кўпкарининг қизиқлиги, бутун жозибаси ҳам шунда.

* * *

Тоғай Мурод "От кишнаган оқшом" қиссасида ана шундай воқеаларни қаламга олади. Китобни ўқий туриб, муаллиф шунчаки  ёзмагани, от, кўпкари ҳақида зарур маълумотларга эга бўлгани, чавандозларнинг кўнглини ҳис қила олганини англайсиз. Ўзига хос услуб, насрдаги назмий равонлик эса мутолаа жадаллигини оширади...

* * *

...от деганлари дев! От бепоёнликни дейди. От масофа нималигини билмайди, ҳудуд нималигини билмайди. От қаҳратон қишда-да дашт-биёбонларда чопиб ўсади. Ана шунда диркиллаган от бўлади! Қўлтиқлари чўзилади, кўкраклари энлик бўлади! Учқур келади! Бедов от бўлади!

* * *

Мен икки кун от сайладим. Обоқли дашти гала-гала от! Дашт чангитиб чопиб юрибди! Бир яшар қулунлар, уч яшар тойлар, тўрт яшар ғўнонлар, беш яшар дўнонлар! Сағрисига уй тикса бўладиган байталлар! Ҳайбатли айғирлар!..

Бировини ушлаб, олд оёқларини жуфтладим. Туёқлари орасидан мушт урдим. Муштим ўтмади. Борди-ю ўтса, яхши от бўлади. Қўйиб юбордим. Яна бировини кўрдим. Дурустгина-ю, фақат қорни йўқ. Бор бўлса-да, жуда тор. Буниям қўйиб юбордим, бўлмайди!

Биродарлар, от олсанг, ҳўкиз қориндан ол, ҳўкиз олсанг, от қориндан ол!

* * *

Галани айланиб юрдим. Бир бўзга кўзим тушди. Шуни ушладим. Тишларини кўрдим. Ёши еттида бўлса-да, ҳали озиқли тиши чиқмабди. Аслида, беш ёшида чиқади. Демак, энди чиқмайди. Озиқ тишсиз от хосиятли бўлади!

* * *

Биродарлар, машина деганлари темир! Жони йўқ! Жони йўқ темир одамга эл бўлмайди! Темирнинг юраги йўқ-да! От одамга эл бўлади. боиси, отнинг жони бор, юраги бор-да!

* * *

Биродарлар, эл шундай! Эл оғзига элак тутиб бўлмайди! Одамзот шундай! Бор бўлса, кўролмайди, йўқ бўлса, беролмайди!

Шундай экан, одам бўламан десангиз, эл оғзига эътибор берманг! Одам бўламан десангиз, эл гапига парво қилманг! Аммо бепарво-да бўлманг!

* * *

Биродарлар, от аззанча хосиятли бўлса-да, аззанча фаҳм-фаросатли бўлса-да, аззанча хушсуврат бўлса-да, барибир, от, ўз оти билан от! Тўрт оёқли жонивор! Думли ҳайвон!

Дунёда нима мўл, тўрт оёқли жонивор мўл! Дуч келмиш тўрт оёқ жониворни қандай бўлса, шундайлигича эл орасига олиб кириб бўладими? Бўлмайди! Авваламбор, тўрт оёқли жониворни от қилмоқ лозим!

Тўрт оёқли жониворни от қилишнинг ўзи бўлмайди. Думли ҳайвонни одамга эл қилиш барчанинг-да қўлидан келмайди!

Тўрт оёқли жониворни от қилиш учун, авваламбор, кўнгилда бўлмоғи лозим! Авваламбор, баданда бўлмоғи лозим!

* * *

Достончи достон айтади. Хато айтса, шартта бас қилади. Бошқатдан, тузатиб айтади.

Шоир китоб битади. Китобида бир жойи ёқимсиз бўлса, шоир қалам билан шартта-шартта ўчиради, ёқимли қилади.

Расмчи сурат чизади. Суратда одам қоши қошдай бўлмайди. От ёли ёлдай бўлмайди. Қиёмига келмайди. Расмчи дарҳол одам қошини қошдай қилади, от ёлини ёлдай қилади.

Чавандоз бўлса, отни тузатолмайди!

Тўрт оёқли жонивор от бўлаётиб... ҳа-ҳа, от бўлаётиб... нима феъл-атвор топса, шу феъл-атворида қолади. Нима қилиқ топса, шу қилиғида қолади. Нима кўрса, нима билса, нима ўрганса, барча-барчаси танасида қолади, миясида қолади.

Ана шундан кейин чавандоз отни тузатаман деса, ўзига жавр қилади. Отни тузатиб бўлмайди!

Биродарлар, сара от, чавандоз ақл-заковатидан бино бўлади! Сара от, чавандоз қалб қўридан бино бўлади!

* * *

...бўз от қандай бўлади? Сурпдай оппоқ бўлади! Борди-ю, аждодида бўлса, тўққизга тўлганда тарлон бўлади. Тўққиз ёшида бўзнинг баданида холдай-холдай қора доналар пайдо бўлади. Шундан бошлаб у бўз эмас, Тарлон от бўлади. Тарлон - хол-хол от! Тарлон - отлар сараси!

Биродарлар тўриқ отнинг юздан бири яхши бўлади, тарлон отнинг юздан бири ёмон бўлади!

Биродарлар, от танимасанг, Тарлон ол!

* * *

Подачи дарвозаси хийла паст бўлди. Оти мўминлар остонадан эгарга энкайиб ўтди. Оти беқилиқлар ерга тушиб, етаклаб ўтди.

Биродарлар, отга минсанг - бошингни ўйла, ерга тушсанг - отингни ўйла!

* * *

Юзлари тандирдан энди узилган нондай қизил, мўйловли бир одам улоқ бошига келди.

Ана шу мўйлов баковул бўлди. Қамчи сопини боши узра кўтарди. Жарангдор овозда айтди:

- Чавандозлар-ов! Гапимни ўнг қулоғинг билан-да, чап қулоғинг билан-да, эшитиб ол! Чилвир солма - бир! Бир-бировингни ёмон гап билан сўкма - икки! Қамчи солма - уч! Йиқилган чавандоз устига от солма - тўрт! От қочганда ушлашга ёрдам бер - беш! Ол, ҳа-ол!

* * *

Э, тавба-е, э, тавба-е! Чавандоз девордан ағнаса, албатта бир ери лат ейди. Майдагина эшакдан йиқилса, хиёл вақт қимирламай ётади. Ўқдай учиб бораётган отдан йиқилса, ҳеч нима кўрмагандай, сапчиб туриб кетди!

Биродарлар, эшак йиқитса, туёғини тўшайди, от йиқитса, ёлини тўшайди!

* * *

Биродарлар, биз ҳамиша адолат, адолат деймиз. Тилдан қўймаймиз. Адолатсизликни кўриб, хунибийрон бўламиз. Ҳаётдан, тақдирдан нолиймиз. Адолат йўқ, адолат осмонда, деймиз.

Йўқ, биродарлар, адолат ерда! Оёқларимиз остида! Адолат тупроққа қоришиб ётибди! Адолатни ким бундайин хор қилаяпти? Биз - ўзимиз! Мен, сиз, Файзулла чавандоз, Ҳамдам чавандоз! Ана, улар қочиб кетди! Шу-да, адолат жафо чекаётганда қочамиз! Адолатдан юз ўгирамиз! Кўриб, кўрмасликка оламиз!

* * *

...ҳар бир отнинг ўз феъл-атвори, кайфияти бўлади. От кайфияти йўқ кунлари инсонга бўйин эгмайди. Ана шу кунлари инсон кўп ғашига тегса, инсон елкасидан ғарчиллатиб тишлаб олишдан-да, қовуғига тарсиллатиб тепишдан-да қайтмайди.

Бундай вақтлар айрим чавандозлар қамчи  дастаси билан отнинг бошига уради. Оқибат, от жон аччиғида чавандозини йиқитиб қочади.

Ана шунда от инсондан безади. От инсондан қайтади! Ўзининг девлар аждодига тортади! Аждодларини қўмсайди, адирларга қараб қочади. Галаларга бориб қўшилади...

Йўқ, кайфияти йўқ кунлари отга индамаслик лозим бўлади, кўнглига қараш лозим бўлади!

* * *

Биродарлар, шукур-шукур, аризабозларнинг борига шукур!

Аризабозлар ноҳақликка йўл қўймайди. Ҳаромтомоқларга кун бермайди. Элнинг ҳақини бировга едирмайди.

Аризабозлар бўлмаса, катталар биз авом элни бозорда сотиб ейди! Аризабозлар бўлмаса, катталар биз авом эл оғзидаги ошни юлиб олади!

* * *

...оз зотли кўпкарида ердан улоқ олиш мушкул бўлади. Сабаби, бари от ўзини зўр деб билади. Оқибат, ёппасига улоққа ёпишади. Талашиб тортишади. Улоқни на ўзи олади, на бировга беради. Бир-бирига халақит беради, бир-бирига зиён беради. Талашиб ёта беради.

От мўл бўлса, аксинча бўлади. Бунда зўрлар зўри, отлар оти улоққа талпинади. Бундайроқ отлар тўда четида томошагўй бўлади. Борди-ю, улоққа интилса, тўдадаги зўр отлар йўл бермайди, кетига суриб юборади.

Шу боисдан мўл отли кўпкарида тўдадан улоқ олиб чиқиш осон бўлади.

* * *

 "Рихсиев ака, одамнинг катта-кичиги бўлмайди. Бариям одам. Бир одам яхшими-ёмонми бир умр яшади. Қўлидан келганча тирикчилик қилиб, ўзини одам санаб юрди. Биз билан бетма-бет бўлди, елкама-елка бўлди, даврма-давр бўлди.  Энди қайтмас бўлиб кетаяпти. Одам қайтмас бўлиб кетаётганда бормаган одам одамми..."

* * *

Жўра бобонинг Тўриғи гижинглади. Жиловни силкиб, улоққа талпинди. Тўриқ улоқ айиргиси келди! Бундай вақтда отни йўлдан қайириш инсофдан бўлмайди. Отни сувга олиб бориб, қуруқ қайтариб келиш бўлади. Оқибат, от ёмон ўрганади. Улоқдан, чавандоздан кўнгли қолади.

* * *

Элга бир гап тегмасин. Чибиндай гапни туядай қилиб гапиради.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!