Меню
Қашқадарё
САРА ЙИГИТЛАР ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА ЙЎЛ ОЛМОҚДА
Куни кеча ҳам бир гуруҳ танлаб олинган йигитлар йигитлик бурчини ўташ учун ҳарбий қисмларга жўнатилди. Уларни кузатиш тадбирида сўзга чиққанлар таъкидланганидек, юрт сарҳадларини ҳимоя қилиш, Ватан посбони бўлиш ҳамма замонларда ҳам йигит кишининг энг муқаддас вазифаси, бурчи ҳисобланган. Мустақиллик йилларида эса мамлакатимизда ҳарбий хизматнинг нуфузи, обрў-эътибори юксак даражага кўтарилдики, эндиликда армияга бориш, Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиш нафақат конституциявий бурч, балки қатъий мақсад, юксак маънодаги шон-шараф ишига айланди.
Шу фикрларга ҳамоҳанг бўлган кўрсаткичларга мурожаат этсак, муддатли ҳарбий хизматни ўташ иштиёқидаги ёшларимиз сони йилдан-йилга ошиб бораётгани кўзга ташланади. Масалан, 2009, 2010 ва 2011 йилларда муддатли ҳарбий хизматга олиниши назарда тутилган ҳар бир чақирилувчи ўрнига ўртача 7 нафар талабгор тўғри келган бўлса, 2012 ва 2013 йилларда бу кўрсаткич 8 нафарни, 2014, 2015 ва 2016 йилларда эса 9 нафарни ташкил этган. Бу муддатли ҳарбий хизматга ҳар жиҳатдан соғлом, бир неча турдаги имтиҳон синовларидан муваффақиятли ўтган йигитларнинг энг муносибларини армияга жалб этиш, Қуролли Кучларимиз салоҳияти, нуфузини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.
- Чақирув ишлари юқори савияда ташкил этилди, - дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси чақирув бўлими бошлиғи майор Руслан Бобоев. - Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 2016 йилнинг май ойидаги қарори билан тасдиқланган “Муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган чақирилувчилар танловини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом асосида чақирилувчиларнинг билим савияси ва умумжисмоний тайёргарлик даражасини холисона баҳолаш тизими янада такомиллаштирилди. Унга биноан чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлигини аниқлаш бўйича синовлар мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимлари томонидан, тест синовлари эса Давлат тест маркази томонидан ўтказилмоқда. Бўлғуси аскарлар чақирув комиссияси таркибидаги малакали тиббиёт мутахассислари томонидан босқичма-босқич амалга оширилган кўриклар, қолаверса, чақирилувчининг маънавий-руҳий сифатларини, дунёқарашини очиб берувчи махсус саволлар ёрдамида сараланиб, чақирув комиссияси аъзоларининг якуний хулосасига кўра номзод қўшиннинг у ёки бу турида хизмат қилишга яроқли, деб топилмоқда.
Дарҳақиқат, чақирилувчиларнинг ҳарбий хизматга танлов асосида қабул қилиниши ёшларимизнинг ҳам масъулиятини янада оширмоқда. Келгусида ҳарбий хизматга бориш учун йиллаб тайёргарлик кўраётган, билим ва савиясини ошириб боришга ҳаракат қилаётган йигитлар сони кўпчиликни ташкил этади.
– Армияга бориб келган йигитлар билан суҳбатлашиб, бунинг учун қаттиқ тайёргарлик кўриш кераклигини тушуниб етгандим, - дейди деҳқонободлик Қодирали Султонмуродов. - Шу боис спорт билан шуғулландим, ўқиб ўргандим. Танлов жараёнида иштирок этиб кўрдимки, Қуролли Кучларимиз таркибида хизмат қилиш учун ҳақиқатан ҳам сараларнинг сараси бўлиш лозим. Йиллар давомида қилган меҳнатларим бунда қўл келди. Барча синовлардан муваффақиятли ўтдим. Энди қуролли кучларимиз сафида астойдил хизмат қилиб, ўз йигитлик бурчимни ёруғ юз билан адо этиб қайтмоқчиман.
- Ўғлим Маҳмаюсуфжонни ҳарбий либосда кўриб, қувонч ёшларимни тия олмадим, - дейди Қарши шаҳрилик Ойтўла Намозова. – Ота-она учун фарзандининг Ватанига, халқига хизмат қилаётганини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ҳарбий хизматни ўташ боламнинг энг катта орзуси. Ўғлимнинг юз-кўзидаги мамнунликни, ифтихорни кўриб янада хурсанд бўлдим.
Тадбирларда хизматга отланган йигитларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилмоқда.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Суратларда: йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.