Меню
Қашқадарё
САРА ЙИГИТЛАР ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА ЙЎЛ ОЛДИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 январдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирок этди.
Унда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда ҳарбий хизматнинг нуфузи юксак даражага кўтарилдики, эндиликда армияга бориш нафақат конституциявий бурч, балки катта мақсад, юксак маънодаги шон-шараф ишига айланди. Натижада муддатли ҳарбий хизматга бориш иштиёқидаги ёшларимиз сони йилдан-йилга ошиб бораяпти. Бу эса Қуролли Кучларимиз сафига энг муносиб йигитларнигина танлаб олиш имконини бермоқда.
- Ўғлим Достонжон ёшлигидан ҳарбий хизматга боришни орзу қиларди, - дейди Қарши шаҳридаги Чақар маҳалласида яшовчи Гулнора Мардонова. - Албатта, бунинг учун жуда кўп тайёргарлик кўрди. Спорт билан ёшлигидан мунтазам шуғуллангани, хусусан, сузиш бўйича бир неча маротаба вилоят ва республика миқёсидаги турнирларда совринли ўринларни қўлга киритгани танловдан муваффақиятли ўтишида муҳим омил бўлди, деб ўйлайман.
Тадбирда ҳарбий хизматга йўл олаётган йигитларга эсдалик совғалари топширилди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
* * *
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.