Меню

Қашқадарё

07.07.2016 2160

САОДАТЛИ ЮРТНИНГ САОДАТМАНД АЁЛЛАРИ

Маҳалладаги бир қанча ишсиз аёлларни ёнига олди. Фаолияти гуркираб, кейин савдо дўкони очди, қандолат маҳсулотлари пиширишни йўлга қўйди. Хуллас, ҳамманинг оғзига тушди. Бугун маҳалла аҳли, кўпроқ хотин-қизлар ишнинг кўзини билади, жўяли гап айтади, деб тадбиркор опадан маслаҳат сўрайди. Саодат опа ҳам ёрдамини аямайди. Ишнинг фойда-зарарини чамалаб, якуний хулоса беради. Бир жиҳати, доим шошиб, бир нарсалар билан банд бўлиб юради. Бир гал суҳбатини олгандим. Катта режалардан сўз очади. Маҳалла четидаги бўш ётган ерда тўйхона, гўзаллик салони қурмоқчи экан. Шундай тўлқинланиб гапирадики, ундаги завқ-шавқ, ғайрат-шижоат сизга ҳам ўтганини билмай қоласиз. “Барчаси истиқлол шарофатидан. Бўлмаса, бунча ишлар қайда эди? Тинчлигимизга кўз тегмасин, тадбиркор кўпайсин”, дея қўшиб қўяди сўзининг охирида Саодат опа.

Дарҳақиқат, Саодат опага ўхшаб мустақиллик берган неъматлардан ўз ўрнида фойдаланаётган, тадбиркорликда ўзини синаб кўриб, муваффақиятга эришаётган, ана шундай саъй-ҳаракатлари билан юртда эҳтиром ва қадр топаётган аёллар бугун кўплаб топилади. Бир вақтлар хотин-қизларга асосан арзон ишчи кучи ёки шундай кучларни туғиб беришдан нарига ўтмайдиган “машина” сифатида қаралгани рост. Ўшанда аёллардан ҳатто қурилиш, трактор ҳайдаш каби номуносиб ишларда фойдаланишгача боришганди. Бугун эса ундай эмас. Аёл ўз салоҳияти ва қобилиятидан келиб чиқиб, касб танлаш, иқтидорини намойиш этиш имконига эга. Мамлакатимизда бунинг учун қулай шароитларнинг яратилиши туфайли хотин-қизларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда ҳам ўрнак, намуна бўла олиши ўз исботини топди.

Чироқчи туманидаги “Бердиқулова Насиба Жўрақуловна” фермер хўжалиги раҳбари Насиба Бердиқулова ҳам мамлакатимизда яратилган имкониятлардан манфаатдорлик туймоқда. Икки йил аввал ташкил этилган хўжалик фаолиятида қисқа даврда катта натижаларга эришилди.

- 50 гектар еримиз бор, - дейди фермер аёл. – Пахтачилик ва ғаллачиликда ютуқларимиз қониқарли. Шунингдек, чорвачилик ҳам асосий тармоқларимиздан бири. Ҳозирги вақтда 500 бош қўй боқаяпмиз. Уларни гўшти ва жуни учун парваришлаймиз. Ўтган йили 3 тонна жун олгандик. Ҳозирча хомашёни ишлаб чиқарувчиларга сотаяпмиз. Келгусида ўзимизда бирламчи қайта ишлашни йўлга қўймоқчимиз. Фурсат топсак, экспортга ҳам чиқарамиз. Бу йил 3 гектарча майдонда тарвуз экдик. Мўл ҳосил олдик. Хориждан талаб бўлгани учун 2 гектар жойда мош ўстираяпмиз. Асосий меҳнатни оила аъзоларимиз билан биргаликда қиламиз. Даромадимиз яхши. Бир қанча режаларимиз бор. Қишлоқ жой бўлгани учун айрим хизмат турларига талаб тушаяпти. Шулар асосида тайёрланган лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз.

Истиқлол йилларида хусусий мулкчилик, тадбиркорликка кенг йўл очилгани жамият ҳаётида хотин-қизларнинг мавқеи ошишига, муҳим ижтимоий-иқтисодий жараёнларда фаолроқ иштирок этишига ҳам имкон берди. Бугун чекка ҳудудларда ҳам замонавий хизмат кўрсатиш инфратузилмаси яратилиб, бевосита аёллар ташаббускорлигида очилган гўзаллик салонлари, савдо дўконлари, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари, тикувчилик корхоналари, болалар майдончалари талайгина.

- Албатта, бу юртимизда хотин-қизларнинг ўз мустақил бизнесини йўлга қўйиш учун яратилган қулайликлар самарасидир, - дейди Ғузор туманидаги “Моҳигул Моҳларойим” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳабиба Холёрова. – Сир эмаски, бугун аёлга муносабат тубдан ўзгарган. Унинг интилишлари, ташаббуслари ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаяпти. Мен ҳам 2011 йили тадбиркорликка қўл ургандим. Шу вақтгача фаолиятимиз анча кенгайди. Ҳозирги пайтда шлакоблок, акфа эшик-дераза ромлари каби қурилиш материаллари ишлаб чиқараяпмиз. Гўзаллик салонимизда аҳолига хизмат кўрсатилаяпти. Бундан ташқари, попурчилик ва тикувчилик цехларимиз ишлаб турибди. Асосан ёшларни иш билан банд этганмиз. Тармоқлар кўплиги даромад ортишига сабаб бўлаяпти. Келгусида бир қанча режаларимизни амалга оширмоқчимиз. Жорий йил сўнгига қадар йўлакбоп плита, пишиқ ғишт ишлаб чиқариш, савдо хизмати кўрсатишни йўлга қўямиз. Чет элдан замонавий ускуналар олиб келишни мўлжаллаяпмиз.

Маълумотларга қараганда, бугун вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 15 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектининг 20 фоиздан кўпроғи хотин-қизлар раҳбарлигида иқтисодий барқарорликка эришмоқда. Улар, асосан, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида фаоллик намойиш этаяпти. Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 5 ойи мобайнида вилоятимиздаги тижорат банклари томонидан 760 га яқин ишбилармон хотин-қизга 30 миллиард 226 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилган. Қилаётган ишидан моддий манфаатдорлиги ортаётган ишбилармон аёллар сони кўпайиб, тадбиркорлик уларнинг ҳаёти гўзаллашиши, турмуши фаровонлашувида муҳим омил бўлмоқда.

М.ЖЎРАЕВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!